Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

17.11.2020


Маст ҳолда машина ҳайдаб, камига жанжал ҳам кўтарди

Одам машина рулига ўтираркан, бир зум бўлсин ҳушёрликни унутишга ҳаққи йўқ. Чунки диққат-эътибори йўлда бўлмаган ҳайдовчи нафақат ўзи, балки бошқалар ҳаётини ҳам хавф остига қўяди.

Аммо айрим кишилар борки, "Менга ҳеч нарса қилмайди", ё бўлмаса "Ўзим - хон, кўланкам - майдон" қабилида иш тутиб, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда ҳам автомашина бошқаришдан ўзини тийиб тура олмайди.

Мисол учун, Қарши шаҳрида шу йилнинг 12 ноябрь куни тунги соат 20:00 ларда "Спарк" русумли автомашина Насаф кўчасидан қарама-қарши йўналишда ЙПХ инспекторларининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланган. Шу ерда режа асосида қўйилган вақтинчалик блокпостларда хизмат ўтаётган ЙПХ инспекторлари томонидан 70 Т 214 NA давлат рақамли автомашина мажбурий тўхтатилганда эса ҳайдовчи мастлиги маълум бўлди.

Аммо машина ҳайдовчиси ва шериги бақириб сўкинган ҳолда жанжалга киришиб кетишган.

Вилоят ички ишлар бошқармасидан маълум қилишларича, суриштирув давомида ҳайдовчи - Қарши шаҳрида яшовчи С.Бабаназаров ва унинг ҳамроҳи М.Қўзибоев эканлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат маъмурий ишлар бўйича Қарши шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, айбдорларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Албатта, айбдорлар қилмишига яраша жазога тортилди. Бироқ улар бундан ҳам катта хавфдан - йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлишидан омон қолганларини англашармикан?! Бинобарин оқибати аянчли якун топган кўп ҳодисалар мастлик орқасида юз берган.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo