Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • МЕҲНАТГА МУНОСИБ ҲАҚ ТЎЛАНИШИ БЕЛГИЛАНДИ, ЭНДИ ҲАШАРЧИЛАР ЯШАШИ УЧУН ШАРОИТ ҲАМ ЯРАТИЛИШИ КЕРАК

Ж.БОЙМУРОДОВ

18.09.2020


МЕҲНАТГА МУНОСИБ ҲАҚ ТЎЛАНИШИ БЕЛГИЛАНДИ, ЭНДИ ҲАШАРЧИЛАР ЯШАШИ УЧУН ШАРОИТ ҲАМ ЯРАТИЛИШИ КЕРАК

Пахта - 2020

Пахта йиғим-терими деганда ҳамон кўпчиликнинг эти жунжикади. Чунки яқин-яқингача ҳам бу  масалага ҳукумат даражасидаги мавсумий энг муҳим тадбир сифатида қаралиб, қарийб 2 ой давом этадиган йиғим-терим ишларига кўпчилик аҳоли, корхона ва ташкилотлар, турли муассасалар ходимлари, ҳатто талабалар, коллеж, мактаб ўқувчилари жалб этиб келингани ҳеч кимга сир эмас.

Аммо арзимаган терим пулини айтмаса, улар бу ишдан ҳеч қандай манфаат кўрмасди.  Боз устига, мавсум давомида ҳашарчилар "шийпон" дея аталмиш яшаш учун ўта қониқарсиз биноларда жойлаштирилар, ҳатто уларнинг овқатланиши, ювиниши учун етарли шароитлар бўлмас, борлари ҳам санитария-гигиена талабларига жавоб бермасди.

Бу жиҳат кўп йиллар давомида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузига, етиштирилган пахта хом ашёсининг қийматига салбий таъсир этиб келган, шу билан бир қаторда,   пахта йиғим-теримининг ўта қийин ва ноқулай юмуш сифатида юртдошларимиз тасаввурида сақланиб қолишига сабаб бўлган.

Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан юртимизда пахтачилик соҳасига бўлган муносабат ўзгариб, мавсумга теримчиларни мажбуран жалб этишнинг олдини олиш, йиғим-теримда иштирок этган фуқароларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Терим пуллари сезиларли равишда ошириб борилаяпти.

Мисол учун, 2016 йилда қўлда терилган 1 килограмм пахта учун 285 сўм миқдорида ҳақ тўланган бўлса, жорий йилда бу сумма биринчи теримда 1000 сўмни, иккинчи теримда 1400 сўмни  ташкил этади. Республикамизнинг бошқа бир қатор ҳудудлари сингари вилоятимизнинг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби ва Қарши туманларида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта учун 200 сўмдан устама ҳақ ҳам тўланиши белгиланди.

Тан олиш жоиз, энди имконияти бор киши учун теримда иштирок этиб, анча-мунча маблағ ишлаб олиш имкони пайдо бўлди. Боиси, бир киши   кунига ўртача 150 килограммдан пахта териши мумкин ва бу камида 150 минг сўм дегани. Бир ойда эса ана шу юмуш ортидан 4,5 миллион сўм ишлаб олиш мумкин. Агар оиланинг  5 нафар аъзоси бир ой пахта йиғим-теримида иштирок этса, 22 миллион 500 минг сўм даромад топиш имкони мавжуд. Хўш, буни ким истамайди, дейсиз?  Кўпчилик исташи аниқ. Буни кўплаб аҳоли вакилларининг мавсумдан муносиб фойдаланиб, ўзлари яшаётган ҳудуддаги пахта йиғим-теримида фаол иштирок этиш, қўшимча даромад ишлаб олишга ҳаракати ортганидан ҳам кўриш мумкин.

Аммо бизда пахта майдонлари вилоятнинг барча ҳудудларига бирдек тақсимланмаган. Пахта етиштиришнинг асосий қисми Косон, Касби, Миришкор, Нишон ҳамда Қарши туманлари ҳиссасига тўғри келади. Шу боис ҳар доим ушбу ҳудудларга пахта экилмайдиган ёки нисбатан кам экиладиган Китоб, Шаҳрисабз, Деҳқонобод, Яккабоғ каби туманлардан ҳашарчиларни ихтиёрий жалб этиш эҳтиёжи мавжуд. Уларнинг бошқа ҳудудга оғринмай келиши учун эса меҳнатига  муносиб ҳақ тўлаш билан бир қаторда, маълум муддат яшаши учун қулай шарт-шароитни ҳам яратиб беришимиз лозим. Ҳозирча эса аксарият туманларда ҳашарчилар учун яратилаётган шароит кутилган даражада эмас.

Биз Нишон туманидаги ҳашарчилар жойлаштирилиши кутилаётган шийпонларни кўздан кечирдик. 

Туман ҳокимлиги мутасаддиларининг маълумот беришича, бугунги кунда туманда 70 та шийпон мавжуд. Уларнинг 67 таси бу йил йиғим-терим мавсумига тайёрланган. Шийпонларни мавсумга тайёрлаш, яъни атрофини ободонлаштириш, таъмирлаш ишлари эса асосан фермер хўжаликларининг ўз кучи билан бажарилибди. Уларнинг  аксарияти қарийб ярим аср аввал бунёд этилган, тўкилиб бораётган биноларнинг деворларини оҳаклаб, атрофини супуриб-сидириб қўйишибди, холос. Бироқ кўпгина шийпонларнинг дераза-ромлари йўқ, эшиклар тўлиқ ёпилмайди, аксариятининг ичидан қарасангиз, шифтдаги тешиклардан осмон кўринади. Эртага ёмғир ёғиб қолгудек бўлса, чакка тўхтамаслиги аниқ.

 Ювиниш учун ҳозирланган шароитни ҳам кўнгилдагидек деб бўлмайди. Сув асосан бетон ҳовузларда сақланади. Бу яхши, аммо ҳовуздан ҳар бир одам сув олиши учун унга челак ёки бошқа идиш ботиришига тўғри келиши санитария талабларига жавоб беради, деб бўлмайди. Ҳар бир шийпонда ўртача 60-70 нафардан ҳашарчи ётишини ҳисобга олсангиз, масаланинг нақадар жиддийлиги янада ойдинлашади. Бундай шароитда ўн кунлаб яшашни эса кўпчилик истамаслиги аниқ.

Шундай экан, мутасаддилар бу ҳақда бош қотириши, теримчилар учун шарт-шароитларни талаб даражасида тайёрлаши лозим.

Ж.БОЙМУРОДОВ

БОБУРБЕК олган суратлар.

 

 

 

Report typo