Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Дилфуза ЖУМАЕВА

12.01.2017


МЕН ЎЗБЕКМАН,

Ижод бадииятсиз, бадиият муболағасиз бўлмайди. Инсон боши тошдан қаттиқ, деймиз. Тошдан қаттиқ нарса йўқлиги учун шундай деймиз. Тоғни урса, талқон қиладиган йигит, деган гап бор. Тоғни майдалаб бўлмаслиги учун бу мақол қудратли ва боқий. Дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайдиган одам бўлмайди. Соч билан кўча супурилмайди, кўз ёши билан сув сепилмайди...

* * *

Мақолни таҳрир қилувчи ошноларга маслаҳатим бор: Агар “-дан” ўрнига “-дек” қўшишни жуда хоҳласангиз, халқнинг бошқа бир ибораси борки, уни шундай таҳрир қилса, савобли иш бўлади. “Тўйлар қилинг, қамишдан бел боғлаб хизмат қилай”, дейдилар. Аслида қамишдан бел боғлаш эмас, қамишдек бел боғлаб хизмат қилиш тўғрироқ бўлади.

* * *

Бизнинг шундай улуғ шеъриятимиз бор, бойликда беқиёс она тилимиз бор. Тил миллатнинг бош белгиси ҳисобланади. Тил бор – миллат бор. Тил йўқ – миллат йўқ.

* * *

Холиқи олам одамзодга идрок ва Сўз айтиш неъматини бериб, уни барча  хилқатларидан устун яратди, жонли ва жонсиз оламга ҳоким қилди. Оламни идрок қилган инсон Сўзни идрок қилади. Сўзни идрок қилиб оламни янада теранроқ идрок қилади. Сўзнинг илдизига етган киши дунёнинг тагига етгандек баҳра топади. Инсоният тарихи сўзлар қисматида яшириниб ётар экан.      

* * *

Она тили умуммиллат тилидир. Демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир.

* * *

Она тилимни муаззам ва улуғ десам, эъзозлаб бошга кўтарсам, бунинг боиси ўзимники бўлгани, жонимга яқинлиги учун эмас. Шунга ишонганим, иймон келтирганим учун, менинг ҳам бир-икки тилдан хабарим бўлиб, қиёслаш имкониятларим борлиги учундир.

* * *

Эл деб, элат деб халқни айтамиз. Яна ёв ҳеч қачон эл бўлмайди, деймиз, ёмонга элакишма деган ўгитимиз бор. Бу ўринда эл дўстлик, яқинлик маъноларини билдиради. Эл қадимда давлат тушунчасини ҳам ифода қилган. Элчи бир халқдан, бошқа юртга юборилган вакилгина эмас, балки элни элга эл қиладиган одам, халқлар ўртасида меҳр риштасини боғловчи, дўстлик кўпригини қурувчи ҳамдир.

* * *

Узум едим, “узум” дедим, билсам, токдан узиб едим, дегандек, ўз қўлим билан ишкомдан узум узатуриб, бу сўзнинг узмоқдан олингани хаёлимга келган эди. Ахир унган нарсани унум, ғуж ўсган мевани ғужум, жамият тузилишини тузум, чўғнинг қўридан қолган кулни қурум, деймиз. Оғизга солиб ютганимиз ютум, томоқдан қулт этиб ўтган сув қултум бўлганидек ишкомдан узиб еганимиз узум бўлади-да, дея ўз содда кашфиётимдан суюнган эдим.

* * *

Оламни охиригача англаб бўлмагандек, Сўзнинг ҳам тубига етиш имконсиздир. Биз кўзламоқ, кўзикмоқ, кўзгунинг кўздан келиб чиқишини биламиз, лекин кўз нима сабабдан кўз дейилганини, нега уни биров айн, биров чашм, биров глаз, биров ай деб аташини билмаймиз. Нега тошни бизнинг аждод тош деган, бошқалар хажар, санг, камень, стоун, штайн атаганлар, бу юзлаб номлар қаердан келган, билолмаймиз. Биз фақат фаразлар қиламиз, асил ҳақиқат эса сирлар уммони тубида ётибди. Лекин барибир тинчимас идрок эгаси бўлган одамзод ғаввос бўлиб бу уммон остини кезади, кашфиётлар қилади ва кашфиётлари ҳам чексиздир.

* * *

Тилимизда зимистон деган сўз бор. Боғистон, гулистон сўзлари каби чиройли, ёруғ калима. Лекин негадир зулматни билдиради. У аслида тиниқ ва оппоқ сўз. Форс ва рус тиллари қариндош бўлганидек, зимистон русча зима сўзи билан эгизак. Қиш кечасининг узун ва қоронғилиги учун зулматли тун зимистон қоронғиси дейилган, яъни қиш қоронғиси. Лекин биз гапни қисқа қилишга устамиз-ку. Зимистон қоронғисини ҳам қисқа қилиб зимистон дея қолдик. Тилшунос олимларимиз барака топсинлар, халойиқнинг айтгани бўла қолсин, деб, луғатларда зимистонга қоп-қоронғи кеча дея изоҳ бердилар. Хато қонуний тус олди.

* * *

Болаликдаги шеърий машқларимнинг бирида, шаббода, тўхта бир пас, деб ёзган эканман. Деворий газета муҳаррири, ўзбек адабий тилида бир пас деган сўз йўқ, нафас дейиш керак, деб ўзи қизил қалам билан тўғрилаб қўйган… Луғатларга қарадим. Пос – туннинг саккиздан бири, деб шарҳланибди. Демак, тахминан бир соатга тенг тунги муддат – пос, бир соатлик тунги соқчи – посбон, русча часовой маъносидаги атама бўлиб чиқди. Ажабки, ўз сўзимиз бўлган пос жаҳон кезиб, яна ўзимизга пост шаклида, қўриқланадиган жой, соқчининг ўрни ҳамда лавозим маъноларини олиб қайтибди. Демак, ўзбекнинг бир паси бир соат бўлар экан. Гапимни бир пасда тугатаман, деган сўзнинг маъносини ўзингиз тушунаверинг.

* * *

Курайдиган қуролимиз курак, ички аъзо ичак, гул тубида турадиган идиш тубак – биз уни тувак деймиз – эканини билиш қийин эмас, лекин кўксимизда гурсиллаб урган юракни юрак дейиш тўғрими ёки урак? Юрак юрадими, урадими? Кўкрак-чи? Нега кўксимизни шундай атаймиз? Кўксим осмон, дегандек бу ном кўк, яъни осмон билан боғлиқми? Ундоқ десак, эмикдош маъносини англатувчи кўкалдош сўзидаги кўк ўзаги нимани англатади? Кўкракка алоқаси йўқмикан?.. Бундай жумбоқлар юзлаб, минглаб сўзларимиз замирида ётибди. Улар бизни қийнаши, уйқу бермаслиги керак, Маҳмуд Кошғарий бобомизнинг китоби ёстиғимиз остида бўлмоғи керак.

* * *

Тобаки деган сўзимиз бор. Унинг қисмати ажойиб. Тоб ўзак сўзнинг қизитиш, куйдириш маъноларидан келиб чиққан тоба (ясси қозонча, биз уни това, тава деймиз), тобланиш, обу тоб, тобига келтириш сингари калималар кўп. Тобаки деб тобада пиширилган ёки умуман қовурилган таом айтилади. Хуллас, тобаки деган сўз “сафарга чиқиб”, Россияга борди ва ўрис бўлиб қайтди. Мелибой – Миша, Сафарбой – Саша, Эргашбой Эрик бўлиб қайтгани каби Тобаки деган номини Табака қилиб келди. Тобада пишган таом экани эсидан чиқди ва қовурилган жўжага айланди. Биз ҳам ўзимизнинг “боламиз”ни танимай, Табака деб чақирадиган бўлдик.

* * *

  Хунук деган сўзни биз кўрксиз, бадбашара деб тушунамиз. Аслида бу сўз совуқ дегани. Ташқари хунук, иссиқ кийиниб ол, десак тўғри бўлади. Лекин бундай деб айтсак кулги бўламиз. Ажабо, совуқ маъносидаги сўз қандай қилиб кўрксизга айланди? Бунга ҳам сабаб – қисқартиришга ўчлигимиз. Аввалда уни совуқ маъносида тўғри ишлатганмиз. Турқи совуқ одамни турқи хунук деганмиз. Кейинча турқ тушиб қолди, хунукнинг ўзини айтадиган бўлдик.

* * *

Навоийнинг ижодини тушуниш, анг­лаш учун форс, араб, эски ўзбек тилларини ўрганиш билан бир қаторда Қуръони карим, ҳадис, тасаввуф илмидан бохабар бўлиш, ундан кейин Навоий даврини, у яшаган муҳитни билиш лозим. Бугунги кунда Навоийни имкон қадар тўлиқ англашга интилиш учун ҳамма шароит етарли. Бу имкониятдан фойдаланишимиз керак. Навоийни билсак, ижодига чуқур кириб борсакгина, “Мен ўзбекман, Навоийнинг авлодиман”, дея оламиз!

Дилфуза ЖУМАЕВА тайёрлади.

Report typo