ЮНЕСКО ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунёда мавжуд 6 минг тилнинг ярмидан кўпи йўқолиб кетиш арафасида. Бу асосан тараққиёт туфайли маданияти унутилаётган кам сонли миллатлар тилларидир. Уларда сўзлашувчи халқларнинг баъзилари ўз ёзувига эга, баъзилари эса йўқ. Айниқса, бугун интернет ва ижтимоий сайтларда инглиз, француз, испан, хитой, рус тиллари кўп қўлланмоқда. Натижада, айрим халқлар ўз она тилидан кўра ушбу тиллардан фойдаланишни афзал кўришаяпти. Бу эса камчилик сўзлашувчи тилларни йўқолиш хавфида қолдираяпти.
Шу боис йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган тилларни сақлаб қолиш ва маданиятлар ранг-баранглигини таъминлаш мақсадида ЮНЕСКО ташаббуси билан ташкилотнинг 1999 йили ўтказилган Бош конференцияси 30-сессиясида 21 февраль – Халқаро она тили куни деб эълон қилинди. Мазкур сана 2000 йилдан бери жаҳоннинг 195 мамлакатида ҳар йили анъанавий тарзда нишонлаб келинмоқда.
Бу куннинг мазмун-моҳиятида ҳар бир халқнинг миллий тафаккури, маънавияти ва руҳиятининг ўзагини ташкил этадиган тилга алоҳида муҳаббат ўз аксини топади. Ушбу кун она тили айёми сифатида нишонланаркан, кун муносабати билан ҳар бир инсоннинг ўз Ватани ва ўз тилига бўлган муҳаббати, унга бўлган эҳтироми, қадрлаш туйғулари янгиланади.
Қайд этиш жоиз, ЮНЕСКО ташкилоти томонидан нашр этиладиган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи”да Европада 50, Тинч океани минтақасида эса 200 тил муомаладан чиқиб кетиш хавфи остида экани алоҳида таъкидланади. Бундан ташқари, Африкадаги 1400 тилдан 600 таси келажакда, 250 таси яқин вақт ичида тамоман йўқолиши ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг 2009 йилдаги башоратига кўра, Россия Федерациясидаги 136 та тил йўқолиш хавфи остида экан.
Ўз навбатида, соҳа мутахассислари ва тилшунослар йўқолиб бораётган тилларни сақлаб қолиш мумкинлигини айтишади. Бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳам самара бермоқда. Масалан, ХХ асрнинг 80-йилларида Япониянинг Хоккайдо оролидаги айн тилида бор-йўғи саккиз нафар киши мулоқот қилган. Бугунги кунда эса мазкур тил тикланиб, унда бир неча минг киши сўзлашмоқда.
Шу ўринда эслаш жоиз, собиқ иттифоқ даврида Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо каби буюк сиймолари бўлган халқнинг тили – ўзбек тили иккинчи даражали тил саналарди. Шу боис мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ она тилимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унинг бор жозибасию мафтункорлигини навқирон авлод онгу шуурига сингдиришга давлат даражасидаги устувор вазифа сифатида алоҳида аҳамият қаратилди. Асосий қонунимизда ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳар бир фуқаронинг ўз она тилида сўзлашиш, таълим, ахборот олиш ҳуқуқлари кафолатланган.
Ўтган даврда она тилимизни янада юксалтиришга доир тадқиқотлар, илмий изланишлар мунтазам олиб борилди. Ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларига бағишланган луғатлар, илмий-оммабоп мақолалар, қўлланмалар нашр этилиб, таълим масканларига етказилмоқда. Айниқса, интернет, иқтисодиёт, банк-молия, аниқ фанлар, тиббиёт каби йўналишларда ўзбек тилининг қўлланилиш доираси тобора кенгайиб бормоқда.
Маълумки, тилларнинг хилма-хиллиги инсоният тараққиётида таълим ва маданиятлараро мулоқотни янада тараққий эттиришга, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу маънода, мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларининг ягона оила фарзандларидек аҳил яшаши, уларнинг тили, маданияти, урф-одатларининг ривожланиши учун барча шарт-шароит яратилгани аҳамиятли. Ўқув даргоҳларида ёшларга 7 тилда таълим берилаётгани, хорижий тилларни чуқур ўрганиш учун барча имкониятларнинг яратилгани таҳсинга сазовордир.
Қайсидир юртда навқирон авлод ўз она тилида ўқишни тўхтатса, ўша тил йўқолиш хавфи остида қолади. Шундай экан, турли халқ ва миллатларнинг тилларини сақлаб қолиш бу ўша халқларнинг маданияти, урф-одати, анъаналари ҳам сақлаб қолинишини билдиради. Негаки, ҳар қандай юрт тақдири тил тақдири билан чамбарчас боғлиқ, у ҳар бир миллат маданиятининг асоси саналади.
Манбалар асосида Азизбек НОРОВ тайёрлади.