Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

18.01.2017


МИЛЛАТ МАШЪАЛЛАРИ

Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарини ҳар гал варақлаганимда хаёлимдан шу каби ўйлар ўтади. Зеро, Соҳибқирон номининг тилга олиниши билан яна қатор муборак исмлар ёдга келаверади: Амир Темурнинг ватанпарварлиги ўзидан аввалроқ яшаб ўтган, бизгача кўҳна ривоятлар қатларида етиб келган Широқ, Спитамен каби қаҳрамонлар, мўғуллар босқинига қарши кўксини қалқон қилган Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик сингари алплар жасоратидан қувват олиб, ўз навбатида, кейинги  авлодларга шу жасорат, шу матонатни мерос қилиб қолдирди. У ва авлодлари ҳукмронлик қилган даврда кўҳна  Мовароуннаҳр ҳар жиҳатдан гуллаб-яшнади, ривож топди.

“Темур тузуклари”ни улуғ саркарда ва амирнинг ўз авлодлари – меросхўрларига қилган ўгит-насиҳатлари, салтанатни бошқаришда ўз тажрибасига таяниб айтган хулосаларидан иборат қўлланма, дейиш мумкин. Ўз миллатининг ҳақиқий жонкуяри, йўлбошчиси сифатида Соҳибқирон энг аввал салтанатининг мустаҳкамлиги, сарҳадларининг тинчлигини таъминлаш учун ҳаракат қилади, бор куч-ғайратини шу ишга сарфлайди. Улкан салтанат барпо этиб, уни одилона йўриқ асосида бошқарар экан, халқ, яъни раият ҳолидан мудом огоҳ бўлади. Ўз атрофида жипслашган амирзодалар ва бек-аъёнларни ҳам шунга даъват этади. Адолат унинг энг бирламчи тузуги эди. “Куч - адолатдадир” каломи Соҳибқироннинг бир умрлик шиори бўлган. Бу калима “Темур тузуклари”да ҳам таъкидланади ва Соҳибқирон ўз авлодларига ҳар ишда адолатга таяниб иш кўриш лозимлигини уқтиради. Ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда “Тузуклар”да шундай ёзади:

“Очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим”.

Умуман, мазкур асарни синчиклаб ўқиган киши Соҳибқироннинг оқилона ички ва ташқи сиёсатдан ташқари яна икки тамойил – адолат ва бунёдкорликка таяниб иш кўргани маълум бўлади. Бу тамойиллар Темурнинг ҳар бир ишида, ҳар бир тадбирида кўзга ташланади. Адолат мезони билан иш кўриш унинг кўплаб музаффарият ва ютуқларига, салтанат узра мустаҳкам туришига замин яратган эди. Шу боис, Темур бу тамойилни маҳкам ушлаган ва авлодларига ҳам шуни уқтирган эди. “Султон ҳар нарсада адолатпеша бўлсин, қошида инсофли, адолатли вазирлар сақласин, токи подшоҳ зулм қилгудек бўлса, одил вазир унинг чорасини топсин. Агарда вазир золим бўлса, кўп вақт ўтмай салтанат уйи қулайди”, дейди у. Умр бўйи шу қоидага амал қилган Соҳибқироннинг мамлакатни идора қилиш услубини ўзга юртлар тождорлари ҳам камоли диққат билан ўрганганлари бежиз эмас. Зеро, тарихдан маълумки, ўша даврнинг кўзга кўринган қудратли подшолари бизнинг бобомиз билан ҳисоблашганлар, у билан ўзаро яхши муносабатда бўлишга интилганлар.

“Қудратимизга шак-шубҳангиз бўлса, биз қурдирган биноларга боқинг”. Бу машҳур ибора Темур илгари сурган  бунёдкорлик ғояларидан куч олгани сир эмас. Маълумки, Соҳибқирон даврида Мовароуннаҳрнинг шаҳару қишлоқлари обод манзиллар бўлгани, савдо карвонлари қатнайдиган йўллар атрофида минглаб работу карвонсаройлар бунёд этилгани нафақат тарихчилар солномаларида, балки чет эллик сайёҳ ва дипломатлар эсдаликларида ҳам қайд этилгани барчамизга яхши маълум. Юртини обод, халқини тўқ-фаровон кўришга интилишдек эзгу шиорни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Амир Темур ўз фармони билан кўплаб масжиду хонақоҳлар, мадрасаю саройлар қурдириши баробарида бошқаларни ҳам шу каби бунёдкорлик ишларига даъват этади, рағбатлантиради:

“Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлса-ю, лекин обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсин”.

Темурнинг амри фармонида доимо бунёдкорлик амалига катта аҳамият қаратилган. Зеро, обод юрт тараққий топади, бундай юртда файз-барака бўлади. Шунинг учун буюк Соҳибқирон “Хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига янги кўприклар қурсинлар, йўл устида ҳар манзилгоҳга работлар қурсинлар. Йўлларга кузатувчи ва соқчилар қўйсинлар, ҳар бир работга бир нечта одамни жойлаштирсинларки, йўлларни кузатиш ва сақлаш ишлари шуларга тегишли бўлсин. Йўловчилар молларини ғафлат босиб, ўғирлатиб қўймасликларининг вазифаси ҳам ўшаларнинг зиммасида бўлсин”, деб уқтиради.

Албатта, Темур ва темурийлар даврига хос бу қарашлар ўша замон мутафаккирлари асарларида ҳам ўз аксини топиб, инсонпарварлик, халқпарварлик ғоялари, Ватанни севиш, унга жонфидолик каби фазилатларнинг тараннум этилишига туртки бўлган. Айниқса, темурийлар замонасининг энг йирик намояндаси, миллий адабиётимизнинг беназир сиймоси Алишер Навоий ижодиёти айни шу ғоялар билан суғорилганки, бу асарлар асрлар оша халқимиз ифтихорига айланиб, жаҳон афкор аҳлининг ҳайратига сазовор бўлиб келаётир. Маълумки, Навоий нафақат ижодкор, мутафаккир, балки давлат арбоби ҳам эди. Темурий шоҳ Ҳусайн Бойқаро саройида аввал муҳрдор, сўнгроқ амир ҳамда вазир лавозимларида фаолият кўрсатган бу буюк инсон адолату бунёдкорликни маҳкам тутган зот сифатида эзгулик ғояларини ўз асарларида ифодалаб, амалларида акс эттира билди. Юксак гуманизм ғоялари, комилликка эришиш орзуси Алишер Навоий ижодининг энг асосий лейтмотивини ташкил этади. Юртни севиш, Ватанга садоқат, халқ қайғуси билан яшаш Навоий асарларида акс эттирилган деярли ҳар бир ижобий қаҳрамон учун хос фазилат. Фарҳод, Баҳром ёки Искандар каби шоҳу шаҳзодалар тимсолини гавдалантирар экан, Навоий улар орқали адолатга асосланган давлат ва жамият барпо этиш ҳақидаги эзгу орзуларини баён этади. Шу билан бирга, унинг оддий халқ вакили бўлган қаҳрамонлари ҳам шундай: адолатни ўзлари учун энг муҳим қоида деб биладилар ва шу йўлда, шарт бўлса, ўз жонларини ҳам тика оладилар.

Навоий ўз асарларида бунёдкорлик ғояларини ҳам кенг тараннум этган ижодкордир. Эсланг: Арманистонга борган Фарҳод арман халқининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш ва севгилиси Шириннинг истагини амалга ошириш учун тоғни тешиб, ариқ қазади, сув келтиради. Ундан аввалроқ, асарнинг бошида Чин подшоси Фарҳоднинг кўнглини овлаш учун ажиб саройлар қурдирган эди. “Сабъаи сайёр” достонида шоҳ Баҳромнинг дилига таскин, дардига шифо бағишлаш мақсадида ҳам саройлар қурилиб, бунёдкорлик ишларига зўр берилади. Ёки “Хамса”нинг сўнгги достони қаҳрамони Искандарни олинг. У юртида тинчлик, фаровонликни барқарор қилиб, яна бир катта эзгу ишга қўл уради: яъжуж-маъжужлар, яъни ёвузлик йўлини тўсадиган улкан девор барпо этади. Бу каби ободончилик, бунёдкорлик ишларини улуғ шоир ўзгача завқу шавқ билан қаламга олади. Амир, вазирлик чоғларида, ҳатто давлат ишидан чекинган пайтларида ҳам Навоий ободончилик, бунёдкорлик ишларига катта аҳамият қаратган, катта-катта маблағлар сарфлаб, эл-улус манфаатига хизмат қиладиган мадрасалар, хонақоҳлар, шифохона ва хайрияхоналар қурдиради. Буюк мутафаккирнинг бу каби эзгу ишлари эса уни асарларидан кам  машҳур қилмаган: халқ, эл-улус орасида Навоийнинг обрў-эътибори ниҳоятда юқори бўлганини тарихчилар келтирган мисоллар орқали билиш мумкин. Ўша даврда буюк шоир кўплаб истеъдод эгаларининг пуштипаноҳи бўлган, етим-есирнинг бошини силаган. Ўз асарларида тараннум этган комил инсон қиёфасини борича ўз шахсиятида намоён этишга интилган улуғ мутафаккирнинг қуйидаги машҳур байти энг аввал унинг ўз шиорига айланган:

Одамий эрсанг, демагил одами,

Ониким йўқ эл ғамидин ғами.

Яна бир миллатдошимиз – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўз ҳаёти ҳамда фаолияти давомида шу қоидаларни ўзига шиор деб билган шоҳ, саркарда ва мутафаккир эди. Бобоси Темурга ҳар жиҳатдан муносиб авлод бўлмиш Бобур тақдир ҳукми туфайли Ватанидан олисда – Ҳиндда қурган салтанатида адолатни ўзи учун асосий қоидаю бунёдкорликни бобомерос вазифа деб билди. Манбаларда ҳиндлар Бобурга “Дарвеш шоҳ” дея лақаб берганлари айтилади. У салтанатни бошқариш ишларида қатъийлик, сабот  кўрсатиш билан бирга ҳақни ноҳақдан усталик билан ажратиб, кўп масалаларда айрим тождорлар каби ўз атрофидаги лаганбардорлар гапи билан эмас, қалбининг амри билан иш тутгани, яқинлари, умуман, инсон зотига айрича ҳурмат билан ёндашгани учун ҳам шу номни орттирганди.

 Турлича дин ва миллат вакилларининг ўзаро тинчлик-тотувликда яшашлари учун шароит яратишга интилган Бобур мамлакатда кўплаб боғлар, саройлар барпо этди. Унинг фармони билан барпо этилган “Боғи Шаҳраро”, “Боғи Жаҳоноро”, “Ўртабоғ”, “Боғи вафо”, “Боғи Бобур” каби боғлар Ҳиндистоннинг машҳур ва сўлим гўшаларига айланди. Ҳинд халқига яқинлашишга ҳаракат қилди, уларнинг урф-одат ва анъаналарига ҳурмат билан қаради.

Ватанини жонидай севган, бироқ тақдирнинг аччиқ зарби туфайли ундан айро яшашга мажбур бўлган бу улуғ зот ўз асарларида шу Ватаннинг бир парчасини тараннум этди. Айниқса, “Бобурнома” асарида у  Ватан манзараларини айрича муҳаббат, ҳассос тил билан баён этгани ўқувчини лол қолдиради. Бу сатрларни ўқир экансиз, ўзингиз билган, кўрган юрт манзарасининг ўша даврдаги қиёфаси кўз олдингизда тўла намоён бўлади. Айниқса, ота юрти Андижон, темурийлар пойтахти Самарқанд, кўҳна Қаршининг ўша даврдаги қиёфасини  синчков олим, уста кузатувчи каби чизиб, гавдалантириб беради.

Юрт соғинчини ғазалу рубоийларига жо этган Бобурдаги Ватан туйғуси то ҳануз юракларга чўғ солишга қодир. Бу жиҳат бизни шу юрт, шу заминни жондай севишга чорлайди.

“Тарих бир мактаб бўлса, буюклар шу мактабнинг устозларидир”, деган эди мутафаккирлардан бири. Бу буюкларнинг ўгитлари битилган саҳифалар эса сизу биз учун муқаддас сабоқ манбаидир.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo