Ўша давр жадид матбуотида айни мавзуда кўплаб чиқишлар, баҳслар бўлиб ўтгани, айниқса, тил масаласи миллат фидойиларини жиддий ўйлантиргани, ташвишга солгани бежиз эмас. Туркистонликларнинг рус мустамлакаси остида бўлгани ва ҳукмрон давлат ўз тили, маданиятини туркий ўлкаларда кенг ва чуқур томир ёйиши учун интилаётгани жадидларни норозиликка бошлади ва ҳаракатга ундади. Ўз навбатида, чор ҳукумати ҳам жадидчилик оқими фаолиятини аввалбошданоқ хуш қабул қилмаган бўлиб, зимдан унинг пайини қирқишга уринарди. Ўтган аср бошларида Россия империя думасида мустамлака ўлкаларда янги мактаблар, яъни “усули жадидия” мактаблари очилаётгани ва уларда таълим маҳаллий халқ тилида олиб борилаётгани муҳокама қилинади. Табиийки, ҳукумат ерли халқнинг ўз она тилида эмас, балки рус тилида таълим олиши, ҳатто мулоқот қилишини истар эди. Худди шу мақсадни кўзда тутган ҳолда мустамлака ўлкаларда очилган рус-тузем мактабларида таълим рус тилида олиб борилиб, ўқувчилар ҳукмрон миллат ғоялари асосида тарбияланарди. 1906 йилда ҳукумат ўлкалардаги мактабларда таълим ерли халқ она тилида, аммо ҳар қавмнинг ўз шевасида берилишига рухсат этади. Бу эса миллатларнинг адабий тилини йўққа чиқариш, пастга уриш билан баробар эди. 1910 йилда дума мажлисларида рус империясидаги мусулмон (ёки ғайрирус) миллатларга ўз она тилида таълим олиш ҳуқуқини бериш-бермаслик масаласида тортишувлар, мунозаралар бўлиб ўтади. Бир гуруҳ “таълим ҳукумат қўлида, таълим руслар измида бўлсин, рухсатсиз мактаб очилмасин”, деган фикрда турса, иккинчи гуруҳ “рухсат олинса, ерли миллат тилида мактаб очиш ҳуқуқига эга”, дейди. Дума таркибидаги мусулмон депутатлар, табиийки, мустамлака миллатларнинг она тилига дахл қилинишига қарши турадилар. Улар таълим тилини танлаш ҳар бир миллатнинг ўзига тегишли масала эканини айтадилар. Ушбу мажлис кескин тортишувга айланиб кетади ва тил масаласи ҳал бўлмайди. Ғайриэлатлар таълим тили ҳақидаги ҳужжат қабул қилинганида эса Россиянинг марказий губерналаридаги мактабларда таълим татар ва рус тилларида олиб борилиши белгиланади. Туркистонда эса адабий тил мавжуд эмаслиги баҳона қилиниб, таълим рус тилида олиб борилади, деган қарор берилади. Бу тутуриқсиз баҳона ва қарор жадидлар томонидан катта норозилик билан кутиб олинади ва орадан кўп ўтмай “Таржумон” газетасида “Чиғатой тили” сарлавҳали мақола эълон қилинади.
Ушбу мақола муаллифи жадидчилик ғоялари асосчиси, қрим-татар зиёлиси Исмоилбек Ғаспрали эди. У мақолада юқорида зикр қилинган қарордаги “Туркистонда адабий тил мавжуд эмас” баҳонасига эътирозларини билдирар экан, шундай фикрларни келтиради:
“Самарқанд, Фарғона, Сирдарё қитъаларининг шевалари эски чиғатой шевасидир. Бу шева адабий ўлдиғи бутун жаҳона маълумдур. Ҳатто турк шеваи адабияларининг энг қадими ва мабдаи ўлдиғи лисониюн олдинда масдақдир. Тафтазонийлар, Аҳмад Яссавийлар, Али Қушчи, Алишер Навоий ва соирлари вужуда келтурмиш Туркистон нечук тилсиз, адабиётсиз ўлинур? Рус миллатининг лисони адабийи олмадиғи замонда Ломўнўсуф, Пушкин каби адибларнинг вужудиндан уч ва тўрт юз сана муқаддам чиғатой, яъни Туркистон тили форсия фоиқ бўлиндиғи даъво ўлинур-да, бугун Туркистон белисондур дею насил ҳукм ўлинур?”
Маърифатпарварнинг бу куюнишлари бежиз эмаслигини вақт кўрсатди. Илғор зиёлиларнинг уринишлари билан миллий тилларда таълим олиш мумкин бўлган эса-да, чор Россияси ҳукмронлигида ҳам, мустабид шўро тузуми даврида ҳам бошқа тиллар, жумладан, ўзбек тили ҳам иккинчи даражали тил бўлиб қолди.
Тарихдан биламизки, жадидларнинг “панисломизм”, “миллатчи”, кейинчалик эса “халқ душмани” каби ноҳақ айбловлар билан қатағон қилинишига сабаб бўлган қарашлари миллий тилни сақлаб қолиш, ўзга тилга тобе бўлмаслик эди. Шу билан бирга, тарихчилар чор ҳукумати билан жадидларнинг илк ихтилофини ҳам айни тил масаласи билан боғлайдилар. Ўша йилларда империя думасидаги тортишув, баҳслар сабаб бўлиб, кейинчалик ҳам маърифатпарварлар миллий тил мавзусида матбуотда чиқишлар қилишда давом этадилар. Энди уларнинг диққатлари ёшларга қаратилади. Ўсиб келаётган авлодни бошқа тилларни ўрганишга чақирган жадидлар ўз она тилини ҳурмат қилиш, эъзозлаш, соф ҳолда сақлаш борасида бонг урадилар. Уларнинг бу каби фикрлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Жумладан, ўша даврнинг кўзга кўринган нашрлари - “Садои Фарғона”, “Туркистон вилояти газети” газеталари, “Ойна” журналида миллий тил масаласига бағишланган мақолалар кетма-кет чоп этилади. Фарғоналик жадид Ашурали Зоҳирий “Она тили” мақоласида шундай фикрларни билдиради:
“Бизнинг ҳам хоҳ уламо ва мударрисларимиз, хоҳ ёш унсурларимиз бўлсунлар, бу муқаддас она тилимизни тирилтирмоқлари анда турсин, балки йўқотмоқликка сабаб бўлурлар ва ҳам бўлиб турибдурлар. На учунки, уламоларимиздан бири бирор ерга хат ёки бировга берган нарсасини хотира дафтарига ёзса, она тилини қўйиб форс тилида ёзадурлар. Ёш ўсмирларимиз бўлсалар ўз ерликларидан бирини зиёфатга чоқуриб хат ёзсалар ҳам, усмонлича, ёки тоторча ёзадурлар; шоядки, она тилга муҳаббат ва ислоҳи онлардин бўлур эрди...”
Зоҳирийнинг бу фикрларига уйғун гапларни Абдулла Авлонийнинг “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асарида ҳам ўқиш мумкин. “Биз, туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан кун унутмак ва йўқотмакдадурмиз. Тилимизнинг ярмига арабий, форсий улангани камлик қилуб, бир четига рус тилини ҳам ёпиштирмакдадурмиз. Дуруст, бизларга ҳукуматимиз бўлғон рус лисонини билмак ҳаёт ва саодатимиз учун ош ва нон каби кераклик нарсадур. Лекин ўз еринда ишлатмак ва сўзламак лозимдур. Зиғир ёғи солуб, мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур”, дея куйиниб ёзади улуғ маърифатпарвар. Унинг наздида “миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Миллатимизнинг энг кўзга кўринган зиёлиларидан яна бири Маҳмудхўжа Беҳбудий тил масаласидаги қарашларида Исмоил Ғаспрали билан ҳамфикр бўлган. Яъни у ҳам қрим-татар маърифатпарвари каби барча туркий халқлар учун бир хилдаги адабий тилни яратиш таклифини ёқлар эди. Шу билан бирга, у тилнинг замонлар оша ривожини маъқуллайди, яъни бошқа бир гуруҳ зиёлилар каби ўзга тиллардан ўзбекчага ўтган сўзларни муомаладан чиқариш ҳақидаги фикрларга қўшилмайди. “Тилимиздан форсий ва арабийни қувайлик”, бу кўп енгил орзу, аммо ижроси мумкин эмас орзулардандур”, деб ёзади Беҳбудий 1915 йилда “Ойна” журналида эълон қилинган “Тил масаласи” сарлавҳали мақоласида. Шу фикрни илгари сурганларнинг янглиш қарашини қуйидагича инкор этади:
“Масалан, мунинг тарафдори бўлган мўътабар “Садои Туркистон”ни “Турк эли довуши” лозим бўлур. Туркистонни “Турк эли” ёхуд “турк ери” ёзмоқ керак бўлур... Масалан, мактаб, мадраса, жарида, мажалла, китоб – ҳаммаси арабники. Исмимизни ўндан тўққузи арабий. Энди, бу ниҳоясиз нимарсаларни ҳаммасиға туркийдан исм охтарибми, дунёдан ўтармиз?”
Бироқ мақола муаллифи туркийчада муқобили бор сўзларни, албатта, туркийча айтмоқ ва ёзмоқни таклиф қилади. Тилда арабий-форсий сўзлардан имкон қадар кам фойдаланиш, ўзбек тилини софлиғича сақлаш лозимлигини уқтиради. Арабча ва форсчадан ўзлашган калималарни ҳам туркий шаклда қўлламоқ мумкинлигини исбот этади:
“Масалан, улум, фунун, уламо, қуззот ва ...демоқ еринда фанлар, илмлар, олимлар, қозилар ва ...лар ёзингиз”.
Беҳбудий тилнинг софлигини сақлаш, адабий нутқнинг оддий одамларга-да тушунарли ва содда тузилиши тарафдори. У кундалик нашрларга ҳам бу борада ўз маслаҳатларини беради. Жумлаларни туркийча содда ва равон тузиш лозимлигини, бу тил сифатини юксалтиришга ҳисса қўшишини таъкидлайди.
Умуман, жадидлар миллий тил борасида ҳам илғор фикрларни илгари сурган, унинг софлиги, мустақиллиги учун курашганларки, уларнинг бу қарашлари замонлар ўтса-да эскирмайди, билъакс, ҳар сафар мурожаат қилинганида янгича фикрлар, қарашлар беради.
Манбалар асосида Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.