Кейинги вақтларда аҳолининг эҳтиёжманд қисмига ажратиладиган моддий ёрдам пулларини "туя" қилаётган, таниш-билишлик асосида йўл тутаётган, бу тоифадаги шахслар рўйхатини шакллантиришда кўзбўямачиликка одатланган масъуллар ҳақида тез-тез эшитаяпмиз. Бир неча кун олдин шундай ҳолат Миришкор ва Китоб туманларида кузатилди.
Миришкорда аҳолининг эҳтиёжманд қатламига 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули тарқатилгач, мазкур жараён адолатли тарзда ўтказилиши, очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида моддий ёрдам олганлар рўйхати эълон қилинган. Бироз муддатдан сўнг эса Истиқлол МФЙ Чандир қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган.
Шунга асосан олиб борилган ўрганишлар чоғида Истиқлол МФЙ раиси Н.Каримов 2000 йилда туғилган, айни вақтда Россия Федерациясида бўлиб турган ўғлига ҳамда ўзининг томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари рафиқасига бир марталик 1 миллион сўмдан моддий ёрдам пули ажратгани аниқланди.
Миришкор тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳолатни ўрганганда, важлар ўз тасдиғини топган. Натижада Истиқлол МФЙ раиси ва унинг ўринбосари ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, тегишли чора кўрилиши учун туман прокуратурасига мурожаат қилинган.
Китоб туманида эса 7-8 сентябрь кунлари журналистлар учун камбағаллик рўйхати ("темир дафтар")га олинган оилалар ҳолати билан танишиш, уларга кўрсатилаётган ёрдамларни ўрганиш мақсадида ташкил қилинган пресс-тур чоғида масъуллар ишининг "мис"и кўриниб қолган.
Kun.uz нашрининг ёзишича, туман ҳокими Алишер Зокиров Яккатут маҳалласида 81 нафар фуқаро оилавий шароити оғирлиги ва пандемия вақтида даромадини йўқотгани учун "темир дафтар"га олингани, уларнинг 6 нафарига маҳалла ҳудудидаги самарасиз дея ҳисобланган 10 гектар боғ ҳудуди сабзавотчилик фермер хўжалиги сифатида бўлиб берилганини маълум қилган.
Аммо кейин аён бўлишича, айтилган 6 фуқародан фақатгина бир нафари "темир дафтар"га киритилган, холос. Яъни ер олганларнинг ҳаммасини ҳам эҳтиёжманд деб бўлмайди. Чинакам муҳтожлар эса ўз номлари "темир дафтар"га тиркалганини билмайди.
Кўринадики, ҳокимлик ва маҳалла мутасаддилари сайт мухбирлари келишидан аввал махсус кишиларни тайёрлаб қўйишган ва улар "темир дафтар"да эканликларини айтишлари керак бўлган. Ҳаммаям профессионал актёр эмаски, ролни аъло даражада уддаласа?!
Энг қизиғи, шу мавзуда мақола эълон қилингач, турли шахслар ўз амал ва "имконият"ларидан фойдаланиб, қўнғироқлар билан мақолани сайтдан ўчиртиришган. Бироқ, бу тескари самара бериб, мақола бошқа платформалар орқали янада кенгроқ тарқала бошлаган.