Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ЖАҲОНГИР

17.07.2017


МИТТИ МАМЛАКАТНИНГ КАТТА МУАММОЛАРИ

ЁТИБ ЕГАНГА ТОҒ ҲАМ ЧИДАМАЙДИ

Ота-боболаримизнинг ҳаётий кузатишлари, турмушда кўрган-кечирганлари асосида топиб айтилган бу нақл Наурудаги бугунги ҳолатга жуда мос келади. Масалан, XX асрнинг 70–80 йилларида ҳам аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад бўйича Науру дунёнинг энг бой мамлакатлари сирасига кирарди. Орадан ярим асрга яқин вақт ўтиб эса мамлакат аҳолиси қашшоқликдан азият чекмоқда. Хўш, нега?

Сабаби жуда оддий. Бу ерга одамлар энди-энди келиб яшай бошлаган вақтларда оролнинг марказий қисми баландлиги 30 метрга етадиган, денгиз қушларининг ахлатларидан пайдо бўлган табиий азот-фосфорит ўғит - гуанонинг қалин қатлами билан қопланган платодан иборат эди. Аҳамиятлиси, бу минерал ўғит жаҳон бозорида жуда қадрланади. Шу боис Науруда асосий эътибор гуано қазиб олиш ва уни экспорт қилишга қаратилди. Бунинг ортидан катта даромад олинди. Аммо 1990 йилга келиб оролда гуано захиралари тугади, мамлакат эса муҳим тирикчилик манбаидан ажралди. Ҳозирги кунда ҳудуд аҳолисининг асосий даромади Австралия ҳукумати томонидан берилаётган ёрдамдан иборат бўлиб қолмоқда.

ОРОЛ ФАУНА ВА ФЛОРАСИГА ДАРЗ КЕТГАН

Науруда гуано қазиб олишдан кейинги энг оммалашган сердаромад тармоқ кокос палмасини етиштиришдир. Гуано қазиб олиш натижасида оролнинг марказий қисми худди ой сиртига ўхшаш, қорайган бўшлиқдан иборат кўринишга келиб қолган бўлса, кокос палмалари етиштиришга зўр бериш оқибатида бошқа табиий ўсимликлар йўқолиб кетган. Яъни, оролнинг наботот ва ҳайвонот дунёси жуда камбағал.

Мамлакат жанубида битта учиш майдонига эга Науру халқаро аэропорти жойлашган, мазкур авиакомпания ихтиёрида атиги битта “Боинг-737” самолёти мавжуд. Темир йўлларнинг узунлиги 3,9 километрни ташкил этади ва ушбу йўллар гуано конларини денгиз бўйидаги порт билан боғлайди. Оролда жамоат транспорти йўқ, аҳоли шахсий автомобилларидан фойдаланади. Мана шу сабабларга кўра, Науруда туризм ҳам ривожланмаган. Бошқа орол давлатлар эса бундай имкониятдан жуда самарали фойдаланишади. Уларнинг кўпчилигини бугунги кунда туризм боқаётгани сир эмас.

СУВ ЎРТАСИДА СУВСИЗЛИК АЗОБИ

Ҳа, ҳамма томони сув билан ўралган орол аҳолиси учун сув муаммоси доим сезилиб туради. Сабаби, Науруда дарёлар йўқ. Тўғри, оролнинг жануби-ғарбий қисмида кичиккина Буада кўли мавжуд. Бу кўлда фақат ёмғир сувларигина тўпланади. Бироқ бу сувлар тупроқдаги тузни ҳам ювиб келиши оқибатида кўлнинг суви анча шўр. Шу боис, ичимлик суви танқислиги оролдаги долзарб муаммолардан бирига айланган. Ҳозирги кунда оролда океан сувини чучуклаштирувчи фақат битта мослама ишлаб турибди. Мазкур мослама ҳам бу ердаги ягона электр станциясининг техник эскиргани, тез-тез носозликлар кузатилиши, электр энергияси таъминотидаги узилишлар боис аксарият ҳолларда тўхтаб қолади.

Науру аҳолиси ҳозирги кунда асосан ёмғир сувларини йиғиб, ичиш, боғ ва уй ҳайвонларини суғориш учун фойдаланади. Бундан ташқари, қурғоқчилик мавсумида оролга ичимлик суви Австралиядан улкан кемаларда келтирилади.

МАМЛАКАТ СУВ ОСТИДА ҚОЛИБ КЕТИШИ МУМКИН

Аслида юқоридаги муаммолар Науру давлати ва халқининг кичик муаммолари ва астойдил ҳаракат қилинса, бу қийинчиликлардан чиқиб кетиш мумкин. Бироқ ушбу давлатга сўнгги йилларда иқлим ўзгариши деган яна бир хавф таҳдид солмоқдаки, бундан мамлакат ҳукумати ҳам, халқи ҳам, қолаверса, бошқа давлатлар ҳам хавотирда.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Науру республикаси президенти Барон Уака БМТ Бош Ассамблеяси 71-сессиясида чиқиш қилиб, халқаро ҳамжамиятни иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун тезкор чоралар кўришга чақирди. У вайрон қилувчи довул ва сунамиларни қудратли бомбалар портлашига қиёслади, дунё океани сув сатҳининг кўтарилиши эса, унинг таъбири билан айтганда, душман қўшинларининг юришидир.

Барон Уаканинг айни мавзуда бу қадар жон куйдириб гапириши бежизга эмас. Зеро, глобал илиқлашув натижасида дунё океанида сув сатҳининг кўтарилиши сайёрамиздаги энг кичик республикани жуда катта муаммоларга рўбарў этмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу давлат яқин йиллар ичида дунё харитасидан йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунингдек, мутахассислар бу борада халқаро ҳамжамият бирдек қайғурмас, атмосферага заҳарли газлар чиқарилиши давом этар экан, сув сатҳининг кўтарилиши тез орада яна кўплаб давлатлар тақдирини хавф остида қолдириши мумкинлигидан огоҳлантиришди.

Науру Республикаси - Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмидаги Науру оролида жойлашган давлат. 1968 йил 31 январда мустақил деб эълон қилинган. Буюк Британия Ҳамдўстлиги аъзоси. Науру давлатининг қуролли кучлари йўқ ва унинг хавфсизлигини Буюк Британия таъминлайди.

Давлат бошлиғи - президент, у парламент томонидан уч йил муддатга сайланади.

Майдони 21,3 квадрат километрни ташкил этади, аҳолиси ўн икки минг уч юз кишидан иборат.

Науру мустақилликка эришган вақтда оролда 3 минг киши яшаган. Ўтган ярим асрга яқин вақт мобайнида мамлакат аҳолиси тўрт баробарга кўпайди. Орол аҳолисининг аксарияти денгиз қирғоқлари ҳамда Буада кўли атрофида яшайди. Уларнинг 60 фоизини маҳаллий наурулар, қолган қисмини Океаниянинг бошқа қисмидан келганлар, хитойликлар, филиппинлар ва европаликлар ташкил этади.

Манбалар асосида ЖАҲОНГИР тайёрлади.

Report typo