Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Холида ПАРДАЕВА, Хуршида АБДУЛЛАЕВ

10.04.2017


МОҲИР ТАНҚИДЧИ, УСТА ПУБЛИЦИСТ

Ўз даврининг илғор фикрли, зиёли бир кишиси ўлароқ Абдулла Қодирий атрофида юз бераётган ҳар бир ўзгаришга, миллатининг маънавий қиёфасидаги айрим жиҳатларга бефарқ бўлмаган. Аксинча, у ХХ аср бошларида қалами ўткир журналист, уста ҳажвчи сифатида жамият ҳаётига фаол аралашганини кўрамиз. Адиб ўтган асрнинг 20-йилларида машҳур ҳажв журнали - "Муштум"да фаолият юритган, шапалоқдеккина, бироқ мағзи тўқ, ўқиган кишига жизиллатиб чаққан ари нишидек таъсир кўрсатадиган мақолалари билан қатор газеталарда "Жулқунбой", "Думбулниса", "Махзум", "Калвак махзумнинг жияни", "Тарсак", "Шапоқ махдум" сингари тахаллуслар остида мунтазам қатнашган. Бу мақола ва ҳажвий чиқишларни ўқиганимизда ўша давр кишилари кўз олдимизда намоён бўлади, замона зайлини ҳис қиламиз.

"Туркистон" газетасининг 1922 йил 26 декабрь сонида "Жулқунбой" имзоси билан босилган "Оғзингга қараб гапир!" ҳангомаси алоҳида аҳамиятга моликдир. Ҳангома ортиқча дабдаба ва исроф билан ўтказиладиган тўй-ҳашамлар, айрим кишиларнинг ножўя ишларини танқид қилиш, уларнинг асл башарасини очиб ташлаб, қилаётган иши нотўғри эканини кўрсатиб бериш ўрнига буни хаспўшлаш ва ўз ишини андишалилик деб атайдиган мухбир тилидан берилади. Қодирийга хос ҳажв, аччиқ киноя ифодаси орқали шундай одамлар ва уларнинг ишларидан кўз юмаётган, журналистик бурчини бажармаётган мухбирлар фош этилади. "Туркистон"нинг ...нчи сонида "мухбирларимиздан" биттаси бир нарсани ёзибдурки, ўқиб кўриб, нах мухбирнинг оғзини ёриб юборгим келди. Ахир, уйинг куйгур, сал оғзингга қараб гапир-да", деб бошланади ҳангома. Давомида эса муаллифни "ғазаблантирган" воқеа тафсилотини ўқиймиз:

"Исрофлик тўй... Самарқандда ўртоқ Қурби ўғилларини кестурди. 3-4 кун тўй берди, бир-икки миллиард пул кетди... тўйга исроф қилган ақчасини "Кўмак уюшмаси"га берганда фойдали бўлар эди..."

Бу танқидий мақолачани ўқиган мухбир энди ўз қарашларини баён эта бошлайди. Унингча, ўша "мухбирча"нинг ёзгани "зап куракда турмайдиган ваҳималар"дан иборат. У мақола эгасига "Кўмак уюшмаси" мулла Қурбининг кор хайрига қанча кўмак беради?" деган саволни беради. Давомида ҳаёт фақат шундай тўй-томошалардан иборат, бошқа билан нима ишим бор, дегувчи одамлар қиёфаси қуйидаги гаплар орқали усталик билан чизиб кўрсатилади:

"Самарқандлик мулла Қурби билан камина тошкандлик мулла Жулқунбойнинг оналари нима учун туғиб ташлади? Доячамиз нима деб танглайчамизни кўтарди?

- Яхши бойларга куёв бўл, увалик-чувалик бўл, ўғилларингнинг тўйи-томошасини кўр!..

Аммо: тўй қилатурган пулингни "Кўмак"ка бер дейилмабди-ку! Бас, шундоғ бўлгандан кейин биз ҳам беш кунлик дунёда бола-чақамизнинг орзу-ҳавасини кўрайлик..."

Шундан сўнг муаллиф мухбир деганлари ҳар қандай гапни ҳам газетага ёзавермаслиги лозимлигини айтади. Одамга андиша, риоя кераклигини таъкидлайди. Мақоланинг шу ўрнида Қодирийга хос устамонлик кўзга яққол ташланади. Яъни мухбирнинг агар ўзида андишаю риоя бўлмаса, кимларни, қандай танқид қилиши,   айбларини аямай очиб ташлаши мумкинлиги, аммо унга бу ишни қилишда андишаси йўл қўймаслигини изҳор қилатуриб, маҳорат билан иллатлару уларни қилаётганларни қистириб ўтади:

"Агар ман андиша қилмасам:

- Эски шаҳардаги солинатурган театру биносининг мубоширлари кам харжу болонишин деб, "жанггоҳ"га солиб берган театруларида қурбақалар театру қўя бошладилар, деб хабар ёзмасми эдим?.."

Маълумки, бирор кишининг ички қиёфасини очиб бериш учун ёзувчидан аввало шу типдагиларнинг табиатини пухта ўрганиш, нутқидан тортиб, ҳаракатларига қадар айнан "нусха кўчириш" талаб этилади. Қодирийнинг ўша даврлардаги газеталарда босилган, "Муштум" саҳифаларида сонма-сон эълон қилиниб, муштарийларни кулдирган, кейинги сонни кутишга ундаган "Калвак махзумнинг хотира дафтаридан", "Шарвон хола нима дейди?", "Тошпўлат тажанг нима дейдир?" сингари ҳажвияларида бош қаҳрамонлар қиёфаси жуда ёрқин ва ишонарли, ҳаётий чизилади. Айниқса, Шарвон хола образини яратар экан, аёллар нутқига хос сўзу иборалар шу қадар усталик билан қўлланганки, ўқиган кишининг кўз олдида дарҳол эзмагина, остона ҳатлаб кўчага чиқмаган содда ўзбек аёлининг қиёфаси намоён бўлади:

"Бир вақт ош-сувдан қутилиб, Норпочча ханимминан бир пиёла заҳарни ичиб ўлтурсам, эшикдан нортуядек бўртиб иккита яллачи ўлгур келвотти. Бош яланг, оғзи ўлгурда попириска... Шу вақтда ер ёрилмадики, ерга кирсам... Оғзи ўлгурдан алламбало гуркийди, товба денг, айланай Буҳамфа!"

Бу сатрлар кишини кулдириш баробарида ёзувчининг маҳорати, кузатувчанлигига тан бердиради. Шарвон хола тимсоли эса Ўзбек ойиму Офтоб ойимлар қаторида ёдда сақланиб қолади.

Аввалроқ айтганимиз каби Қодирий ўз даврининг ижтимоий ҳаётига жуда фаол аралашган. Ҳеч бир воқеа-ҳодиса унинг назаридан четда қолмаган. Масалан, "Муштум"нинг 1923 йилги 7-сонида унинг "Рўза, ифтор, хатм, закот" сарлавҳаси билан "Тарсак" тахаллуси остида ортиқча чиқимлар танқид қилинган бир мақоласи чоп этилади. Бу мақола атрофида етарлича шов-шув, эътирозлар кўтарилган бўлса керакки, кейинги сонда ёзувчининг шу мақолага раддияси "Узр" номи билан босилади. Мақола тагига "Муштум" имзоси қўйилган. Раддия ҳам ўзига хос танқид. Яъни ёзувчи "узр"ини ҳам аччиққина, зардалигина қилиб ёзади. " - Эйй, муштуминг тошга тегсин, рўзага тил текизди! - деб "Муштум"нинг рўза нўмерларидан тарвақайлашганлар кўп бўлишибдирлар", деб гап бошлайди муаллиф. Сўнгра ўз муддаосини баралла айтади:

"Шунингдек, кўча-кўйларда билиқсиб юрган аштак-паштак оғаларга дегимиз келдики: қозонимизда бор экан, чўмичимизга чиқибдир; "бордан юқар, йўқдан нима чиқар?" деган экан биров. Шунга ўхшаш ойнадан аччиғланиб ялқашнинг фойдаси йўқ. Ҳалигидек афт-башарани бир оз тозалаб олинса, ҳам масхараликдан қутиларсиз, ҳам тасқараликдан..."

Охирини "Мана, бизнинг узримиз шудир.  Тушунсангиз шул, бўлмаса "эгам" чақиргай сизни!" деб тугатган ёзувчи бу билан юртдошларини танқиддан тўғри хулоса чиқаришга чорлайди, ўз фикрини қатъий туриб, ҳимоя қилади. Халқ орасида чиқимгарчилигу исроф бўлмаслиги  тарафдори эканини кўрсатади.

Публицист сифатидаги шундай кичик мақола ва ҳажвий чиқишлари Жулқунбойнинг ихлосмандлари сонини оширгани баробарида унинг ғанимларини ҳам пайдо қилганию бу адибнинг кейинги тақдирига нечоғлик таъсир этгани барчамизга маълум. Аммо унинг ўткир тилли журналист сифатида ўша давр матбуоти ривожига қўшган ҳиссаси ҳам улканки, ҳамон севиб ўқилади, ўрганилади, ибрат бўлади. Бу каби асарларда иккинчи умрини яшаётган адиб сиймосига дилларда чуқур эҳтиром уйғотади.

Холида ПАРДАЕВА,

Шаҳрисабз туманидаги 17-мактаб ўқитувчиси

Хуршида АБДУЛЛАЕВА,

журналист

Report typo