Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

11.03.2017


МУҲАББАТ БУ – УЛУҒ ТУЙҒУ

Қисқалик – истеъдоднинг синглиси.

* * *

Ёлғон ҳам ичкиликбозликнинг ўзи. Ёлғончи ўлаётганда ҳам ёлғон гапириб ўлади.

* * *

- ... Муҳаббатда шахсий бахтга эришишнинг барча жиҳатлари муҳим – афсуски, буларнинг бари ноаниқ, бу мавҳумлик устида қанча хоҳласангиз шунча бош қотириш мумкин. “Буюк кучга эга сир” дея берилган таъриф шу кунга қадар муҳаббат ҳақида айтилган ягона инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Муҳаббат ҳақида ёзилган ва айтилган гаплар ечими топилмаган жавобсиз саволлар мажмуасидир. Топилган исботлар ўнта бошқа ҳаётий мисолларга тўғри келмайди, менимча, уларнинг ҳар бирини қўшмасдан алоҳида  шарҳлаш керак.

* * *

Умри поёнига етиб бораётган сарроҳиб ҳаётида биринчи марта шайтони лаъин ҳали-ҳамон кўп нарсаларга қодирлигини, одам зотини иродасиз ва ҳақир қулга айлантириб қўйиш унга ҳеч нарса эмаслигини англаб етди.

* * *

Баъзан шундай бўлади: булут уфқда бетартиб уймалашади ва унинг орқасига яширинган қуёш булутларни ҳам, осмонни ҳам турли-туман рангга бўяйди: осмонда қизил, тўқ сариқ, олтинсимон, бинафша, хира пушти ранглар ҳосил қилади; булутларнинг бири монахга, иккинчиси балиққа, учинчиси эса саллали туркка ўхшайди. Шафақ ҳавонинг учдан бир қисмини қоплайди, черков гумбазлари ва бойларнинг дераза ойнасида ярқирайди, дарё ва кўлмак сувларда акс этади, дарахтлар учида жимирлайди; бир гала ёввойи ўрдак жуда олисда, шафақ қўйнида, ётгани аллақаёқларга учиб кетади... Сигирларни ҳайдаб кетаётган чўпон бола ҳам, бричка (тўрт ғилдиракли арава)да тўғондан ўтиб кетаётган ер ўлчовчи ҳам, сайр қилиб юрган жаноблар ҳам - ҳаммаси кун ботишига қараб, бу манзаранинг гўзаллигига бир оғиздан тан беради, бироқ бунинг гўзаллиги нимадан иборатлигини ҳеч ким билмайди ҳам, ҳеч ким айтиб  беролмайди ҳам.

* * *

... ер юзида мутлақ, тўлиқ бахтнинг ўзи йўқ. Бахт, одатдагидек ўзини ўзи заҳарлаши ёки ўзга таъсир орқали зарарланиши мумкин.

* * *

Ёлғиз яшайдиган одамларнинг қалбида ҳамиша сўзлашга арзигулик нимадир бўлади.

* * *

Муҳаббат бу – улуғ туйғу. Бахтми ё бахтсизликми, гуноҳми ё савобми, деб бош қотириш шарт эмас, у булардан-да муҳимроқ эканлигини англадим. Бундай ишларда ақлга эмас, кўнгилга таяниш керак.

* * *

- ... Бу дунёда табиатлари бир хил бўлган ва қисқичбақа ёки шиллиқ қурт каби беркиниб, ўз пўстлари ичига кириб ётишни севган кишилар оз эмас. Балки бу бир атавизм (узоқ наслига қайтиб ўхшаш хусусияти) ҳодисасидир, яъни одам болаларининг катта боболари ҳали ижтимоий ҳайвон бўлмаган ва якка ўзи ўз инида яшаган замонларга қайтишдир; балки одам боласининг характеридаги турли-туманликнинг бир кўриниши шудир – ким билади дейсиз?

* * *

Оҳ, эркинлик, эркинлик! У насиб бўлиши тўғрисидаги заиф бир умид, ҳатто бир шама ҳам қалбга мадад беради...

* * *

Ойдин кечада, содда уйлари, ғарамлари, уйқуга толган мажнунтоллари билан қишлоқнинг кенг кўчасини кўрганда, кишининг кўнгли ҳам таскин топади, одамнинг кўнгли тун пардасида меҳнатдан, ташвишдан ва қайғу-ҳасратлардан бекиниб олгач, ўзининг шу жимлигида жуда ювош, мунгли ва гўзал бўлади; юлдузлар ҳам унга меҳрибонлик билан қарагандай, ер юзида ортиқ ёвузлик деган нарса қолмасдан, ҳамма саодатга тўйгандай туюлади.

* * *

Иван Иванич нариги ёнбошига айланиб ётиб:

- Ёлғон гапирганларини эшитиб ва кўриб туриш, - деб ғулдиради, - шу ёлғонга чидаганинг учун сени аҳмоқ деганларини эшитиш, озор ва ҳақоратларга бардош қилиш, номусли ва эркин одамлар томонида бўлганингни очиқ айтишга ботина олмаслигинг, ўзинг ҳам ёлғон гапириб, ёлғондан кулиб туришинг, бутун бу ҳолларнинг бир бурда нон, иссиққина бир жой, бир чақага арзимайдиган аллақандай амал учун бўлиши, чидаб бўлмайдиган ҳол; йўқ, бундан сўнг бу хилда яшаш мумкин эмас!

Азизбек НОРОВ тайёрлади.

Report typo