Сараланган сатрлар
Муаллимлик нақадар шарафли касб эканига мисоллар кўп. Ҳатто денгиздаги балиқларгача устозлар ҳаққига истиғфор айтиши ҳақидаям эшитганмиз. Бундан юз йил аввал миллат тараққиётини истаган жадидлар ўз ишини айнан муаллимликдан бошлашгани-да бежиз эмас. Улар янги усул мактаблари ташкил этиш ҳамда замонавий фанларга оид дарсликлар яратиш орқали юрт фарзандлари саводли, билимли бўлишига катта ҳисса қўшишган эди.
Абдурауф Фитратнинг "Раҳбари нажот" ("Нажот йўли") китоби бу борада муҳим манба саналади. Унда жадид маърифатпарвари муаллим ўлароқ юрт фарзандларига, уларнинг ота-оналари, бошқа устозларга, қўйингки, жамиятнинг барча аъзосига мурожаат қилади: нима қилсак, ривожланамиз, мамлакатимиз қачон тараққий этган давлатлар сафидан ўрин олади? Ривожланган мамлакатлар қайси жиҳатларга эътибор қаратди ва олдинги қаторга чиқиб олди?
Фитрат зарур ўринда замондошларига таъна-маломат қилишдан ҳам тап тортмайди - нима бўлганда ҳам авлодлар яхши яшасин, бахтга эришсин!
* * *
Албатта, бу ҳаёт жангу жадал майдонидир, унда ҳар бир шахс, ҳар битта қавм ўз турмушларини яхши таъминлашлари учун ҳаракат қилиб курашишлари лозим. Буларсиз бирор нарсага эришиб бўлмайди. Масалан, ҳар биримиз ҳам уйга кириб олиб, неча кун оч-наҳор ўтирсак ҳам, кўчага чиқиб ҳаракат қилмас эканмиз, уйнинг шифтидан бир лаган кабоб ўз-ўзидан келиб тушмайди. Оқибат эса очликдан ҳалок бўлишимиз мумкин. Ким буни инкор қилар экан, демак, тажрибаси йўқ экан. Агар ҳаракатсиз таваккалдан фойда бўлганда эди, Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам кофирларга қарши бир жангда ўз қўллари билан ҳандақ қазимаган бўлар эдилар.
* * *
Инсон махлуқларнинг энг заифи бўлса ҳам, махлуқларнинг энг кучлиси ҳам ундан қўрқади. Инсонни ҳамма махлуқотдан ҳам ғолиб ва сарафроз этган қувват ақл бўлади.
* * *
Одамларнинг ҳаёт ғоялари бу икки дунёнинг саодатидир, унга бошловчи эса ақли комил экан. Шуни ҳам билдикки, (киши) касбий ақлнинг таҳсили, унинг тарбияси орқали комил ақлга эришиш мумкин. Бас, илм олмоқ ва таҳсили илм қилмоқ зарурлиги ўз-ўзидан маълум бўлади. Ўз ақли ёрдамида икки дунё саодатига етмоқчи бўлган одам таҳсили илм қилмоқдан бошқа чораси қолмайди.
* * *
Аксар махлуқларга ўхшаб тоғ ва чўлларда ёлғиз яшаб юриш инсон табиатига зиддир. Кўп махлуқлар ўзаро ёрдам ва мададга эҳтиёж сезмайдилар. Ҳар қайси махлуқ танҳо ўзи овқатини ёки ётиш жойини топа олади. Мисол учун, қушларнинг энг кичиги ва заифи чумчуқни кўз олдингизга келтиринг. Бу ҳақир жонивор кичкина тирноқлари ва заиф қанотлари билан бир умр ўз ҳаётини бировнинг ёрдамисиз ўтказади.
Лекин биз одамлар уларга нисбатан ҳар қадамда бошқаларнинг мададларига муҳтожмиз.
* * *
Бизнинг миллатимиз жаҳон халқлари орасида ҳурмату эътиборга сазовор бўлсагина, бахтга эришишлари мумкин.
* * *
Илмга муҳтож жамоа истеъдодлари бўлатуриб, китоблари йўқ, китоблари бўлса ҳам, истиқомат қиладиган жойлари йўқ, турадиган жойлари бўлса ҳам, рўзғорга харажатлари йўқ ёки буларнинг ҳаммасига эга бўлсалар ҳам илм таҳсил қиладилар, аммо бу таҳсилдан фойда олмайдилар. Шу сабабдан бир қисм жамоамизнинг умрлари зое кетиб, оламнинг интизоми бўлган илм ўртамиздан кўтарилади.
Шу эҳтиёжларнинг ҳар бири бир мулкни хароб, миллатни эса беэътибор қилишга етарлидир.
* * *
Ҳикоят қилишларича, Хорун Фаранса мамлакатига элчи юбориб, султонларнинг урф ва одобига кўра, Фаранса ҳукмдорига анча совға-саломлар ҳам қўшиб юборган ва уларнинг ичида соат ҳам бўлган экан. Хорун ар-Рашиднинг элчиси Фаранса ҳукмдори ҳузурига кириб, совға-саломларни топширганда, мазкур ҳукмдор соатни кўриб, ҳайратга тушган ва ўзининг аркони давлатини тўплаб, уларга соатни кўрсатган экан. Вазирлар ва давлат арконлари анча тадқиқот ва текшириш ўтказгандан кейин: "Аҳли ислом шу қутининг ичига шайтонни солиб юборганлар" деган қарорга келган эканлар. Шу ҳикоятдан сизга равшан бўладики, биз олам илмларини эгаллаб, соат ихтиро қилганимизда, фаранглар қанчалик нодон ва жоҳил бўлишган экан. Энди уларнинг бугунги тараққиётига диққат қилинг. Соатнинг ичидаги чархни шайтон деб гумон қилган халқ бугун ўзининг саноатдаги ихтиролари билан шайтонни ҳайратга соладилар. Биздан фарсах-фарсах орқада қолган қавм бугун дунёи жаҳон илдамлаб кетдилар. Шубҳа йўқки, фаранглар бу ҳайратомуз тараққиётга бир кечада эришганлари йўқ, балки саъй-ҳаракатнинг соясида майдонга келтирганлар. Ҳа, фаранглар ниманики қўлга киритган бўлсалар, саботлари орқали қўлга киритганлар, биз мусулмонлар ниманики бой берган бўлсак, ўзимизнинг саботсизлигимиздан бой бердик.
* * *
Тозаликнинг фойдалари шу қадарки, уни айтиб ва ёзиб тамом қилиб бўлмайди. Энг аввало, озодалик тан сиҳатини ҳимоя қилиб, умрни узайтиради. Бугун бизнинг мамлакатимиздаги мавжуд турли касалликларнинг асосий сабаби ифлосликдир. Иккинчидан, поклик одамнинг табъини равшан қилади. Учинчидан, одамнинг иззат-эътиборини зиёда этади. Агар одам бою бадавлат, ё илму фан соҳиби бўлиб, ифлос, кир бўлиб юрса, у одамдан халқ юз ўгиради. Тўртинчидан, у неъматнинг шукридир, зеро аъзойи баданимизнинг ҳар бир узви бир илоҳий неъмат бўлиб, биз парваришлаб покиза сақлашимиз лозим. Маданий миллатлар тозаликни ҳаётларининг гарови қилиб олганлар. Биринчи қиладиган ишлари болаларини тозаликка ўргатадилар.
* * *
Фақат бу дунё саодати учунгина эмас, балки охират саодати учун ҳам сиҳат ва офият лозим. Зеро, биз саъй-ҳаракатсиз икки дунё саодатига эришиб бўлмайди, деб такрор ва такрор айтдик. Албатта, сиҳат ва офияти бор одамнинг ҳаракати бемор одамнинг ҳаракатидан ортиқ бўлади-да. Ўз сиҳат ва тинчлигини муҳофаза қилолмаган миллат, шак-шубҳа йўқки, ҳаётнинг кураш майдонида орқада қолиб, оқибат хоҳласа (хоҳламаса) ҳалок бўлиши мумкин.
* * *
Фарангистон ва, хусусан, Япон ерлари зироатга мослашмаган. Бинобарин, уларнинг серғайрат аҳолиси тоғлар этагига турли хил дорилар сепиб, деҳқончилик қилишади. Биз бечоралар эса шу деҳқонбоп ерларимиздан ҳам фойдаланишни билмаймиз. Агар бизникидақа ерлар японларда бўлганда борми, қисқа вақт ичида у ернинг деҳқонлари милйўнлаб даромадларни қўлга киритишарди. Шундай муборак ерларнинг эгаси бўлмиш бизнинг деҳқонларимиз эса дунёда энг камбағал одамлар бўлиб юришибди.
* * *
Бир миллат орасида бир қанча табиб, бир қанча муаллим, бир қанча муҳаррирлик, бир талай ҳукумат маъмурлари борлигига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Уларсиз бир миллатнинг боқийлиги, умуман, мавжудлиги мумкин эмас. Биноанлайҳ, Имом Ғаззолий "Иҳё-ул-улум" китобининг аввалида бу соҳаларнинг ҳар бирини, ҳатто сартарошлик санъати ва дарбонликни ҳам фарзи кифоя деб ҳисоблайди. Лекин, диққатга сазовор жиҳати шуки, ҳар ким қўлдан келмайдиган касбни ташлаб, қўлидан келадиган ҳунарни қилиши керак, токи дунёю охирати расво бўлмасин. Масалан, баъзи бир табибларнинг мешкоблик (сув ташишлик) қилиши шу қадар бемаъно ва номуносиб; бир хил мурч сотиб ўтирганларнинг табиблигини кўриб ҳам кулгинг, ҳам нафратинг келади; бир хил мударрислар сарбозлик қилишлари қанча нолойиқ бўлса, бир нафар бесаводни мударрислиги ҳам танқиду дашномга лойиқдир.
* * *
Ҳаётнинг умумий жадалгоҳида инсоннинг ўрни буюк. Ҳар бир одам улғайгач, бахт-саодатини таъминлаш учун бу жадалгоҳга кириб курашишга мажбур. Бу кураш майдонида ўзида уч нарсани мужассамлаштирган инсонгина ғолибликка эришиши мумкин. Бу уч нарса: тансиҳатлик, соғлом фикр ва яхши ахлоқдан иборат. Шу уч нарсанинг биттасидан ҳам маҳрум бўлган одам бу курашда мағлуб бўлиб чиқиши муқаррар.
* * *
Бизнинг бечора масъум гўдакларимиз офтоб тушмайдиган қоронғу, бадҳаво, сассиқ хоналарда махлуқлар каби тиқилиб олиб, хас-ҳашак устида ўтириб, саккиз-тўққиз соат давомида дарс ўқийдилар, бунинг устига ҳар куни бир жоҳил муаллимнинг қўлидан мушт, калтак еб, гоҳ бошлар ёрилади, гоҳ оёқлари қонаб, мажруҳ бўлиб, ранглари кўкариб, саккиз йилни шу зайлда ўтказадилар. Шунинг учун мактабни қамоқдан озод бўлган маҳбус каби бемор, суст, беғайрат ва ифлосликларича битирадилар.
Ана шулар сабабли бизнинг миллатимиз ҳаммадан орқада қолгандир.
* * *
Болалар уйда ота-оналаридан, мактабда ўқитувчиларидан ахлоққа хилоф бўлган одат ва ишларни кўрмасликлари ахлоқий тарбия ҳисобланади. Мактаб ўқитувчилари, энг аввало, ўзлари чиройли ахлоқ соҳиблари бўлишлари шарт ва бадахлоқ болаларни мактабга қўймасликлари керак, токи уларнинг фасоди бошқаларга юқмасин.
* * *
Маданий халқлар фарзандларининг ахлоқий тарбиясига катта аҳамият берадилар. Бузуқ ахлоқ эгаларини муаллимлик у ёқда турсин, ҳатто мактаб остонасидан ичкарига ўтказишмайди, қоровулликка ҳам қабул қилишмайди, болаларнинг ахлоқига зид китобларни ҳам киритишмайди.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.