Бир гуруҳ шотланд олимлари китоб мутолааси воситасида депрессия – тушкунлик касаллигини даволашга уриниб кўришди. Натижалар эса ҳайратомуз: ушбу касалликнинг бирмунча оғир турларини ҳам тиббий дори-дармонларсиз шунчаки, яхши, қизиқарли асарлар мутолааси орқали тузатиш мумкин экан.
Тажриба жараёнида депрессиядан азият чекаётган 2500 нафар киши қатнашди. Олимлар кўнгиллиларни икки гуруҳга бўлишди: биринчи гуруҳдагилар тушкунликни енгиш учун антидепрессантлардан фойдаланишди. Иккинчи гуруҳга эса китоб ўқиш ёрдамида даволаш усули тавсия этилди ва улар мутолаа билан мунтазам шуғуллана бошлашди. Роппа-роса 4 ойдан кейин ўтказилган текширувда эса биринчи гуруҳдан фақат 25 фоиз киши депрессиядан халос бўлгани аниқланди. Иккинчи гуруҳда эса бу кўрсаткич 40 фоизни ташкил этди.
Бир йилдан сўнг қайта ўтказилган текширув натижалари шуни кўрсатдики, китоб мутолааси орқали даволанганлар ўз ҳолатини антидепрессант қабул қилганларга қараганда яхшироқ назорат қила бошлаган. Бу эса китоб мутолааси депрессиянинг турли босқичларида ҳам бирдай самарали таъсир кўрсатишини исботлади.
Бугун тиббиёт мутахассисларининг кўпчилиги мутолаанинг депрессия, уйқусизликни даволашда катта нафи борлиги, турли вазиятларда инсоннинг ўз ҳиссиётларини назорат қила олишига ёрдам беришига ишонади. Библиотерапия мавзусидаги диссертация муаллифи шифокор Пьер-Андре Бонне шундай таъкидлайди: “Мен кўригимга келган беморларга тиббий дори-дармонлар рўйхати билан бирга ўқиш тавсия этилган китоблар муқоваси расмини ҳам бераман. Кейинги гал келишганида эса беморлар билан бу асарларни муҳокама қиламиз. Шунда маълум бўладики, улардан аксарияти китобдан ўзининг соғайиши учун даво топади”.
Юқоридаги каби тадқиқотлар натижалари олимларни қуйидаги хулосаларга олиб келди:
Китоб ўқиш хотирани яхшилайди, мияни ривожлантиради ва ақлий қобилиятни ўстиради. Мутолаа – мия учун энг яхши машқ, у мияга қабул қилинган ахборотнинг сақланишини таъминлайдиган асаб толаларини кўпайтиради. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ақлий фаолликнинг пасайиши мутолаани севадиганларда бирмунча кам кузатилар экан.
Мутолаа Альцгеймер касаллигига чалиниш эҳтимолини камайтиради. Мутолаа жараёнида мия фаоллиги ортади, бу эса унинг умумий ҳолатига ижобий таъсир ўтказади. Олимларнинг айтишича, китоб мутолааси кексаликда ҳам ақлни фаол, тетик сақлаб қолишнинг энг яхши йўлидир.
Мутолаа стрессни камайтиради. Бошқа ҳеч нарса одамни кучли руҳий зарбалардан яхши китоб ўқиган чоғдагидек тез халос эта олмайди. Тадқиқотларда исботланишича, ҳатто сайр қилиш ёки мусиқа тинглаш ҳам китоб мутолааси билан тенглаша олмайди: бор-йўғи 6 дақиқалик мутолаа стресс даражасини 3/2 фоизга камайтира олади.
Китоб ўқишни севадиганлар учун ёмон кайфият ва умидсизлик сира қўрқинчли эмас. Ўта тушкунлик ҳолати ва ахборот босимидан таъсирланиш эса телевизор ёки компьютер ёнида вақт ўтказадиганларнинг доимий ҳамроҳи. Бундай эрмакни бирор қизиқарли китоб мутолааси билан алмаштиринг, натижани эса тез орада сезасиз.
Мутолаа уйқусизликни бартараф этади. Пасайтирилган ёруғлик остида қилинган мутолаа организмни бўшаштириб, уйқуга тайёрлайди.
Китоб ўқиш одамнинг спортга бўлган рағбатини оширади. “Ўқийдиган” одамлар спорт машғулотларига ҳам кўпроқ мойил бўладилар.
Ўзингизнинг кун тартибингизга китоб мутолаасини ҳам албатта киритинг. Яхши китоб сизга кўтаринки кайфият бахш этади ва сизда бирор янги жиҳатни қидириб, мутолаа қилишга рағбат уйғонади.
Библиотерапия, яъни китоб ёрдамида даволаш усули Буюк Британияда жорий этилганига эндигина 10 йилдан ошди. Бугунги кунда терапиянинг бу ёқимли ва фойдали тури амалда анча оммалашди.
Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Обуна бўйича китоб” деб номланган махсус дастур жорий қилинди. Унга кўра, шифокорлар ўз беморларига депрессиядан халос бўлиш учун бадиий адабиётнинг турли жанрларини ўқишни тавсия этишади. Тавсия этилган асарлар орасида инглиз адибаси Лори Лининг “Сидр ва Рози” китоби энг оммалашган бўлиб, бу асар муаллифнинг Глостершир графлигида кечган болалиги ҳақида ҳикоя қилади. Биринчи марта 1959 йилда нашр этилган китоб вақт синовидан муваффақиятли ўтган. Фақат Буюк Британиянинг ўзида 6 миллиондан зиёд нусхада чоп қилинган ва кўпчиликнинг севиб ўқийдиган асарига айланган. Замонавий адабиётдан эса мутахассислар Люси Даймонднинг “Соҳилдаги қаҳвахона” ва Жаспер Ффорденинг “Шалтайнинг ўлими” асарларини тавсия этишади. Австроанглиялик адиб Эрнст Гомбрихнинг 1935 йилда ёзилган ва ўша даврда немислар томонидан ўқиш тақиқланган “Оламнинг кичиккина тарихи” асари энг яхши китоб-антидепрессант деб топилди.
Шифокорлар депрессиядан азият чекаётганларга ушбу асарларни антидепрессантларни қабул қилишдан олдин ўқиб чиқишни тавсия қилишади. Китоб мутолааси кишига бир замондан бошқасига бемалол ўтишга, ҳар кунлик ҳаётдан узилиб, ён-атрофда рўй берган кўнгилсизликларни унутишга ёрдам беради.
Шу давлатдаги Ливерпуль университети тадқиқотчилари ҳам бу борада ноодатий тажриба ўтказдилар. Улар Шекспир, Вордсворт, Томас Стернз Элиот ва инглиз шеъриятининг бошқа ёрқин юлдузлари ижодини ўқиш инсон миясига қандай таъсир кўрсатиши устида кузатув олиб бордилар. Олимлар инсон мияси шеърдаги ҳар бир сўзни қандай таҳлил қилишини, ҳар бир жумла тузилиши, одатий-ноодатий қурилишлардан қай даражада таъсирланишини тадқиқ қилишди. Оддий матн ўқилганида уни мия қандай қабул қилишини билиш мақсадида олдин ўқилган шеър мазмунини насрий матнга айлантириб, кўнгиллиларга тақдим этишди. Маълум бўлишича, мумтоз шеърият фақатгина руҳиятга завқ бермайди, балки у мияга худди нейрофизиологик машқ каби таъсир қилади, у мияни уйғотади, яъни шеърдаги ноодатий жумлалар, кам қўлланадиган сўзларни қайта ишлаш жараёнида мия доимий ҳолатидан чиқади, унда шеър мутолааси давомийлигини таъминлашга чақирадиган қўшимча импульс пайдо бўлади.
Олимларга маълум бўлишича, шеър мутолааси миянинг ўнг яримшарини фаоллаштирган, бу қисм эса автобио-график хотира учун жавоб беради. Яъни шеър мутолаа қилган киши ўзи яшаб ўтган ҳаётини янги адабий-эстетик таассуроти билан уйғунлаштирган ҳолда қайтадан ёдга олган.
Бироқ мазмуни оддий тилда тушунтирилган “Отелло”, “Қирол Лир” ва “Макбет” асарлари мияда ҳеч қандай таъсир уйғотмаган. Масалан, “телбавор” деган Шекспирона ўхшатиш (айтайлик, бу сифатлаш шамолга нисбатан қўлланган)ни “ғазабкор” сўзи билан алмаштиришганида мия уни худди шу ўринда албатта шу сўз ишлатиши керакдек табиий қабул қилган, аммо айнан шекспир ташбеҳи асаб тизимини сергак торттириб, айни калима устида бош қотиришга ундаган. Энг қизиғи, бундай сергаклик ҳолати мияда узоқ давом этган ва яна бошқа сўзларга ҳам диққат қаратилгани аниқланган.
Сассекс университети олимлари эса стресс ҳолатини мутолаа ёрдамида бартараф этиш устида иш олиб боришган. Кўнгиллиларга дастлаб руҳиятда стресс уйғотадиган матн ва машқларни бажартиришди. Шундан сўнг уларга релаксациянинг кенг тарқалган бир неча усулини таклиф қилишган ва ушбу усулнинг пульсни ва мушаклар тонусини меъёрлаштиришдаги таъсирини ўрганишди. Маълум бўлишича, стресс даражасини камайтирадиган энг самарали усул мутолаа экан – унинг таъсири 68 фоизни кўрсатди. Пульсни меъёрлаштириш ва мушакларни бўшаштириш учун сокинликда 6 дақиқа мазмунли бирор асарни мутолаа қилиш етарли бўлди. Тажриба давомида мусиқа тинглаш стрессни 61 фоизга, бир пиёла чой ёки қаҳва ичиш 54 фоизга, сайр қилиш эса 42 фоизга камайтирган. Видеоўйинлар эса бундай асабий қўзғалишни бор-йўғи 21 фоизга йўқота олади, холос. Чунки ўйин давомида пульс кўп ҳам одатий ҳолга тушмаган.
Тадқиқот муаллифи нейрофизиолог Дэвид Льюис стрессдан халос бўлиш учун ҳар қандай жанрдаги мазмунли китобни ўқиш аҳамиятли, дея хулоса қилди. Энг муҳими, китоб муаллифининг ички дунёсига кириб олишга интилишдир.
Немис экспертлари эса мутолаани ёшлик эликсири, деб аташмоқда. Улар ёш улғайганида ҳам, ҳатто кўриш қобилияти пасая бошлаганида ҳам китоб ўқишдан тўхтамасликни тавсия этишаяпти. Мунтазам ўқиш одам миясини ривожлантиради, чунки бу тадбир мияда янги синапслар – асаб тўқималари ва бошқа ҳужайраларни ўзаро боғлайдиган толалар ҳосил бўлишига олиб келади. Бу эса бутун организмнинг фаолиятини яхшилайди. Китобдан олинган таассуротни бошқалар билан ўртоқлашиш эса янада яхшироқ натижа кўрсатади.
Хуллас, бу каби тадқиқотлар давом этмоқда. Биз эса қайта-қайта ота-боболаримиз китобга бежиз ошно бўлмаганини ўзимизга фахр билан таъкидлаб қўйишимиз мумкин. Зеро, қадимда узун қиш кечалари даврачироқ ёруғида, ёз тунларида ой шуъласида давом этган оммавий китобхонлик боболаримизга чексиз завқ, кўтаринкилик бахш этгани шубҳасиз. Бу эса, ўз навбатида, саломатлик гарови эканлигини Абу Али Ибн Сино каби ҳакими ҳозиқлар ўз асарларида аниқ-равшан қилиб ёзиб қолдиришган.
Манбалар асосида Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.