Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Одилжон БЕГИМОВ

26.01.2017


НАВОИЙ

Буюк шоир, давлат арбоби, ўзбек адабий тили ривожига катта ҳисса қўшган Алишер Навоий эса бу унвонга шараф билан сазовор бўлган зотлардандир. Унинг бизга қолдирган барча асарларида мутафаккиргагина хос чуқур фалсафий фикрлаш истеъдоди яққол сезилиб туради. Навоий қолдирган адабий меросни ҳикмат маржонлари тўла денгизга ўхшатиш мумкин.  

Жумладан, Алишер Навоий ижодининг чўққиси бўлмиш “Хамса” асари аждодларимиз маънавий дунёсининг кўзгуси бўлиб, ундаги достонларда ўтмиш давр ижтимоий турмуши, халқ ҳаёти, урф-одатлари, дин-диёнат, ахлоқ-одоб ҳақидаги қарашлар ўз аксини топган. Буюк шоир асарда замонасининг барча долзарб масалаларини қаламга олади. Хусусан, чуқур ижтимоий-фалсафий мазмунга эга бўлган “Ҳайрат ул-аброр” достонида шоир умр, унинг мазмуни, табиат, жамият ва инсон муносабатларига доир саволларни ўртага қўйса, кейинги достонларда муайян тақдирлар, воқеалар мисолида уларга жавоб беришга ҳаракат қилади. “Хамса” достонларидаги муқаддималар достонлар воқелигига шунчаки анъанавий кириш қисми бўлмай, балки достонлар мундарижаси учун очқич вазифасини ҳам ўтайди. Шу маънода муқаддималарда келтирилган фикрларга алоҳида эътибор бериш достонлар мағзида яширинган рамзий маъноларни очишга ёрдам беради. Айнан муқаддимада буюк мутафаккирнинг олам ва одам, табиат, кишилик жамияти, умр ва унинг мазмуни ҳақидаги фалсафий-ахлоқий қарашлари, ижодкор сифатидаги буюк салоҳияти у қўллаган бадиий тимсоллар, ташбеҳу тамсиллар воситасида бутун бўй-басти билан намоён бўлади.

“Хамса”нинг биринчи   достони ҳисобланмиш “Ҳайрат ул-аброр”нинг бош ғояси комил инсон тимсолини яратишдир. Шоирнинг фикрича, комилликнинг бош белгиси  иймондир:

Кимки жаҳон аҳлида

инсон эрур,

Билки, нишони анга

иймон эрур.

Иймоннинг уч белгиси бор ва булар - сабр, шукр ва ҳаё, дейди шоир:

Бас ани инсон атағил бериё,

Ким ишидур сабр ила шукру ҳаё.

Алишер Навоий кейинги мақолатларда ҳам биринчи мақолатда келтирилган бош мавзу – комил инсонга хос сифатлар баёнини давом эттиради. Хусусан, 5-мақолат карам ва саховат,  6-мақолат адаб, 7-мақолат қаноат, 8-мақолат вафо, 10-мақолат ростгўйлик таърифидадир. Бу мақолатлар орасида 7-мақолат бадиий тимсолларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Навоийнинг фикрича, кимки қаноатни ўзига касб қилган бўлса, у энг бой инсондир. Олтин, кумуш ва зебу зийнатларни бойлик деб билмаслик керак, балки ҳақиқий бойлик қаноат хазинасидир:

Кимгаки иш бўлди қаноат фани,

Билки, ани қилди қаноат ғани.

Ганжи тажаммулни ғино билмагил,

Балки ғино ганжи қаноатни бил.

“Ҳайрат ул-аброр” достонида қаламга олинган масалалар бевосита “Хамса”нинг кейинги достонларида ҳам давом этади, хусусан, комил инсонга хос адаб, қаноат, карам ва саховат, футувват, ростлик, вафо каби хислатлар билан боғлиқ қарашлар “Сабъаи сайёр” таркибидаги ҳикоятлар, “Фарҳод ва Ширин”, “Садди    Искандарий” достонларида янгича  талқин топганини кўрамиз. “Лайли ва Мажнун” достонида эса ҳар бир шахс камолоти орзусидаги шоир шундай ёзади:

Инсонға эрур камол матлуб,

Андин дағи дарду ҳол матлуб.

Ҳар кимгаки улум бўлса восил,

 Гар дардию ҳоли йўқ, не ҳосил?

Яъни комилликни истаган инсон дард ва ҳолни ҳам талаб этмоғи, ўрганмоғи лозим. Агар инсон бир неча илмларга эга бўлсаю, унда дард ва ҳол бўлмаса, бу илм эгасига қандай фойда бериши мумкин? Хўш, бу ўринда дард ва ҳолдан мурод не?

Навоий фикрича, инсон учун умидни йўқотиш катта йўқотишдир. Жумладан, ҳикматларининг бирида у бундай дейди:

Аҳбоб, денгизки,

хону мондан тамаъ уз,

Не хону мон,

кавну макондан тамаъ уз.

Не кавну макон,

жону жаҳондан тамаъ уз,

Лекин демангиз, меники,

Ондин тамаъ уз.

Ушбу ҳикмат замирига “Оллоҳнинг раҳматидан умид узманг” ояти каримасининг мазмуни сингдирилган бўлиб, машҳур тарихнавис Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида Амур Темур вафот этишидан олдин юқоридаги оятни айтиб жон таслим қилганлиги қайд этилади.

Шоирнинг замондоши, муаррих Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” китобида бир воқеани баён этади. Унга кўра, Алишер Навоий масжидда умум билан намоз ўқиб, бандалик вазифасини адо этгач, жамоат билан суҳбатлашар, ҳол-аҳвол сўрар, бемор ва эҳтиёжмандларнинг кўнглини кўтарар экан. Нимагадир бир куни тарки одат қилиб, қаергадир шошилиб бориб келади. Бу ҳолга одатланмаган жамоа бунинг боисини қизиқиб сўраганида ҳазрат Навоий шундай изоҳ берган:

- Икки елкамга салом берганда кўрдимки, устимда бир чумоли турибди. Бу чумоли таҳорат олганим жойдан чиққанини билдим ва бир жонзотни ошиёнидан жудо қилмоқнинг гуноҳини, юкини ўйлаб уни ўз жойига қўйиб келдим...

Нафақат инсонга, балки бир чумолига озор етказиш ҳам катта гуноҳ деб билган Навоийнинг ушбу сатрларни битмоғи табиийдир:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг

хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон

бўлса обод айлагай.

Яъни ким кўнгли ўксик бир инсонни хурсанд қилса, кўнглини кўтарса, у гўё вайрон бўлган  Каъбани тиклаган, обод қилган каби савобга эришади.

Ота-онага ҳурмат мавзуси ҳам  Навоий ижодий тафаккуридан четда қолмаган. Ўзининг “Арбаъин” асарида онани улуғлашни комилликнинг ёрқин тимсоли сифатида қуйидагича таърифлайди:

Оналарнинг оёғи остидадир,

Равзаи жаннату жинон боғи.

Равза боғин висолин истар эрсанг,

Бўл онанинг оёғи тупроғи.

Маълумки, шоир асарларидаги барча ғоялар муқаддас Қуръони карим ва ҳадислар мазмуни билан чамбарчас боғлиқ. Ислом динининг устуни ҳисобланмиш бу икки буюк манбани чуқур билмасдан, тушунмасдан туриб Навоий асарларини тадқиқ этиш ҳам, талқин этиш ҳам ва айтиш мумкинки, мутафаккир шоир оламини англаш ҳам мушкул. Иккинчи ҳолат шуки, Навоий ўз даврида устози Абдураҳмон Жомийни пир тутиб, ўзини нақшбандия тариқатига мансуб ҳисоблаган. Шунинг учун унинг руҳиятида кечган ғалаёнлар, ҳиссиётлар ва у илгари сурган фикрлар айни шу жиҳатларга алоқадордир. Демак, Алишер Навоий ғояларини тушуниш ва тушунтириш учун тасаввуфни, айнан нақшбандия тариқатининг шартлари, талабларини чуқур билиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ана шу икки жиҳат ҳисобга олингандан кейингина Алишер Навоий асарларини тўғри талқин қилиш, шарҳлаш имкониятига  яқинлашамиз.

Одилжон БЕГИМОВ,  Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўзбек ва рус тиллари кафедраси доценти, филология фанлари номзоди

Report typo