Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

14.06.2019


НЕГА ҲАММА ҲАМ ТАДБИРКОР БЎЛОЛМАЯПТИ?

Қарши шаҳрида ташкил этилган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, вилоят ҳокимлиги ҳамда Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича вилоят қабулхонаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Матбуот анжумани "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш масалаларида амалга оширилган ишлар сарҳисоби" мавзусига бағишланиб, унга соҳага алоқадор ташкилот ва идоралар масъуллари, вилоятда фаолият олиб бораётган ОАВ ходимлари таклиф этилди.

Тадбирда сўз олганлар юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш мақсадида салмоқли ишлар қилинаётганини қайд этаркан, Президентнинг 2018 йил 7 июндаги 3777-сонли ҳамда 2019 йил 7 мартдаги 4231-сонли қарорларига асосан кенг кўламда амалга оширилаётган "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури самарасига алоҳида тўхталиб ўтишди.

Таъкидланишича, ушбу дастурни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш мақсадида вилоятимизда энг биринчи навбатда технологиялар, енгил конструкцияли иссиқхоналар, наслли чорва моллари, паррандалар ва   бошқа маҳсулотларни етказиб     берувчи, молиявий аҳволи барқарор деб топилган 766 та салоҳиятли таъминотчи ташкилот рўйхати шакллантирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида таъминотчилар томонидан Россия, Украина ва Қозоғистондан 2326 бош йирик шохли ҳамда 45,6 минг бош майда шохли наслли чорва моллари олиб келиб тарқатилган.

Қолаверса, тадбирда тегишли  дастурга кўпроқ кам таъминланган оилаларни қамраб олиш, уларга тадбиркорликни йўлга қўйишда кўмаклашиб, даромадини оширишга эришишга устувор аҳамият қаратилаётгани айтилди. Вилоятда ҳозиргача айни шу тоифадаги 11 минг 424 оилага умумий ҳисобда 41,5 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратиб берилган.

Мавзуга доир ҳисоботлар тинглангач, очиқ мулоқотга ўтилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутасаддиларга юзланишди.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури ҳар томонлама яхши ўйланган ташаббус экани, аммо уни амалга оширишда, афсуски, айрим нохолисликларга йўл қўйилаётгани билдирилди. Мисол учун, Ўзбекистон  Ахборот агентлигининг вилоятдаги мухбири Ў.Баратов банк кредитни тўғридан тўғри аҳолига тақдим    этмаслиги, маблағ таъминотчи ҳисобига ўтказиб берилиши, бу эса кўпинча одамлар манфаатига зид келаётганини қайд этди. Яъники, таъминотчи бир сотихга мўлжалланган иссиқхонани бугунги кунда 7-8 миллион сўмга қуриб беради. Ўз кучи билан барпо этилганда эса иссиқхона бир неча баравар арзон тушаяпти. Журналист бу жараённи янада соддалаштириш мақсадга  мувофиқ бўлишини таъкидлади. Бунга жавобан мутасаддилар ана шундай ноҳалол таъминотчилар аниқланса, тезкор хабар бериш лозимлиги, улар тегишли рўйхатдан чиқарилишини маълум қилишди. 

Аҳамиятлиси, айни шу муаммо бўйича газетамизда ҳам мақола чоп этилган, тизим бундай ишлашидан аҳоли норози экани баён қилинганди. Бироқ бу мақола ҳанузгача тегишли ташкилотлар томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда. Амалда эса ҳеч нарса ўзгармаган. Бу эса ҳамма оилани ҳам тадбиркор қилишдек масъулиятли вазифани чиппакка чиқариб қўймайдими?

Шунингдек, тадбир ташкилотчиларидан 2016 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳар бир хонадонда 100 бошдан товуқ боқиб, 1 сотих лимонарий ташкил этишга киришилгани, вилоятимиздан ҳам бир неча туман намунали ҳудуд сифатида танлаб олингани, бугунги кунга келиб бу чора-тадбир қандай самара бергани хусусида сўралди. Лекин мутасаддилардан тайинли жавоб бўлмади.

Вилоят ҳокимлиги масъули Н.Темировнинг билдиришича, воҳамизда замонавий кластерлар ташкил этилади, улар аҳолига маҳсулот етиштириш бўйича буюртма   беради, ҳосилни сотиб олиб, ўзи реализация қилади.   Натижада одамлар ўзи етиштирган маҳсулотни бозорга чиқаришдек муаммодан қутулади, фақат деҳқончиликка, томорқасида ишлашга куч беради. Ушбу янги тизим қачондан ишга туширилишига аниқлик киритилмади.

Бундан ташқари, ўтган йили кредитга берилган товуқлар ўлиб қолгани, натижада аҳоли кўп жабр кўргани, одамлар тадбиркорлик деса, безиб қолгани, бу каби ҳолатлар қайтарилмаслиги учун қандай ишлар қилинаётгани ҳақида савол берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Шерзод Саидовнинг айтишича, эндиликда бу бўйича тегишли хулоса чиқарилган, кредит тақдим этишдан аввал аҳолининг бирор фаолиятга қодирлиги обдан ўрганилади, зарур тавсиялар ўз вақтида берилади.

Матбуот анжуманида тегишли дастур ижрочиларининг келгусида матбуот билан доимо ҳамкорлик қилиши ҳақида келишиб олинди.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳисоботларга тиркалган чиройли рақаму кўрсаткичлар ҳеч кимга фойда бермайди, ҳеч нарсага хизмат қилмайди. Амалда ҳам жиддий ўзгаришлар бўлсин, буни аҳоли турмуш фаровонлиги юксалиши ва даромади ошаётганида ҳам яққол сезсин. Шунда дастурдан кўзланган мақсадлар тўла амалга ошди,    дейиш мумкин бўлади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo