Бугунги кунда журналистика – мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ҳаётининг кўзгуси сифатида жамият тараққиётида ҳам, давлат равнақида ҳам муҳим ўрин эгаллайдиган соҳага айланди.
Юртбошимизнинг 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида шундай дейилади:
“Тез суръатлар билан ўзгариб, олдимизга бир-биридан ўткир ва долзарб саволларни қўяётган ҳозирги мураккаб замонда, жаҳон миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар, информацион хуружлар кучайиб бораётган таҳликали бир вазиятда халқимиз, айниқса, ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, ростни ёлғондан ажратишга қодир инсонлар этиб тарбиялашда, доимо ҳушёр, сезгир ва огоҳ бўлиб, воқеликка дахлдорлик туйғуси билан яшашга даъват этишда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас”.
Дарҳақиқат, журналист – ўз даврининг энг илғор одами. У жамиятда рўй берган ҳар бир янгиликдан энг аввал хабардор бўлмоғи, атрофида кечаётган воқеа-ҳодисаларга биринчилардан бўлиб, холис муносабат билдирмоғи шарт. Айниқса, ҳозирги шиддатли, ахборот алмашинуви тезлашиб, ғоявий-мафкуравий курашлар кескинлашган замонда журналист масъулияти янада ортади. Зеро, у нафақат жамият фикри, қарашини ифодалайди, балки унинг биргина қатъий хулосаси билан одамларнинг фикри бошқа ўзанга бурилиб кетиши мумкин. Бу эса биз журналистларнинг чекимизга тушган вазифа – топиб, билиб сўз айтиш, атрофга холис назар ташлаш, шу холислик позициясидан туриб, хулоса беришдек мушкул, мураккаб ишнинг нақадар катта масъулият касб этишини тасдиқлайди. Бугунги тезкор, шиддатли давр журналистдан ёритаётган мавзуси кенг кўламда бўлмоғи, ҳар бир мавзуга, ҳар бир воқеа-ҳодисага маълум бир шахс ё гуруҳнинг манфаатига хизмат қилишдан холи, рост ва адолатли ёндашиши лозимлигини талаб қилади. Шу билан бирга, журналист ўз фуқаролик позициясини ҳам унутмаслиги керак. У ўз юртининг фарзанди сифатида мамлакат тараққиётига қалами, ўткир сўзи, теран қараши, холис фикри билан муносиб ҳисса қўша билмоғи ҳам шарт. Шу маънода Президентимизнинг қуйидаги сўзлари бизни ўз ишимизга янада сидқидилдан ёндашишга ундайди:
“Айниқса, журналистларимизнинг ҳаётга чуқур кириб бориши, жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларни туб моҳияти ва аҳамияти, керак бўлса, мураккаблиги билан очиб бериш, тараққиётимиз йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариб чиқиш, мавзуга холисона ва ҳаққоний ёндашиш каби мезонлар матбуотимизнинг ўзгармас қоидаси ва принципи бўлиб қолиши даркор”.
1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришган пайтда мамлакатимизда 20 миллион аҳоли истиқомат қилган. Халқ турмуш даражасини бугунги кун билан солиштирганда ниҳоятда ночор бўлганини яхши биламиз. Орадан 25 йил ўтиб, юртимизда яшовчи аҳоли сони 1,5 баравар кўпайди. Мамлакатимиз тараққиёт сари дадил одимламоқда, юртдошларимизнинг дунёқараши ўзгарди, ёшларимиз маррани катта олмоқдалар, аммо миллий журналистикамизнинг аҳволи жамиятнинг ривожланиши билан бараварми? Бу масала ҳам кишини мушоҳадага чорлайди.
25 йил давомида оммавий ахборот воситалари сон жиҳатдан ўсди. Матбуотда мустақил нашрлар пайдо бўлди. Соҳада анчагина рақобат юзага келди. Аммо сифат масаласига келганда, ҳаммаси жойида деб бўлмайди.
Мамлакатимизда тиражи энг катта бўлган оммабоп нашрларни олинг, кўпчилигининг саҳифасида одатда тунги ўндан кейин ўқиладиган, мия ахборотга тўлганидан сўнг эрмакка мутолаа қилинадиган “ўтди-кетди”, “деди-деди”лар. Баъзи журналистлар мавзу танлашда маиший муаммолардан нарига ўта олмаётгани ҳам бор гап. Хусусий нашрларнинг аксарияти манфаат йўлидан бориб, фойда-даромад орттириш билан оворадай. Саҳифаларида чоп этилаётган материаллар эса зўрма-зўраки, саёз.
Ёки бугун оммавий ахборот воситаларида чоп этилаётган танқидий-таҳлилий мавзудаги мақолаларнинг мақсад-йўналиши нимага қаратилган? Журналистиканинг қаттиқ нонини еб, анча-мунча синовларда пишган бир ҳамкасбим айтганидек, танқид шахсий манфаатни ифодаламаслиги керак ва у маълум бир шахсни қоралаш учун ҳам эмас. Танқидий мақола ёзадиган журналист чуқур билимга эга бўлиши, масалага умумжамият манфаатларидан келиб чиқиб ёндашиши шарт. Журналистларнинг соҳалар бўйича ихтисослашуви эса ҳар қандай мавзуни, хоҳ у танқидий руҳда бўлсин, хоҳ таҳлилий йўналишда ёзилсин, тўла очиб берилишини таъминлашда жуда муҳим. Фақат шундагина у Юртбошимиз таъкидлаганидек, ҳаётга чуқур кириб бора олади, жамият ҳаётидаги жараёнларнинг туб моҳияти ва аҳамиятини ҳар жиҳатдан тўлиқ очиб бера олади. Афсуски, ихтисослашув масаласи бугун кўпгина ОАВда бир четга чиқиб қолган.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Баъзан журналистика билан бошқа соҳалар ўртасида изчил муносабатнинг йўқлиги сезилиб қолади. Айниқса, қайсидир соҳадаги камчиликлар ҳақида сўз юритилса, танқидий-таҳлилий руҳдаги чиқишлар қилинса, ўша соҳа мутасаддилари кўтарилган муаммони бартараф этиш чорасини излаш бир четда қолиб, дарров буни қандайдир шахсий сабабларга буришга ҳаракат қилишади. Аслида танқид – келажак меваси сифатида кимнингдир пайини қирқиш, тагига сув қуйиш мақсадида эмас, балки маълум соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, оқсашларга барҳам бериш мақсадига қаратилгани, бу билан журналист шу жабҳага кўзгу тутаётганини мард туриб, тан олиш керак. Зеро, айни шу жиҳат – жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Матбуотда шундай мақолаларга ҳам кўзимиз тушади: “Ишлатаётган дастрўмолчангизнинг нархи қанча?”, “Тушлик вақтини аниқ биласизми?”, “Турмуш ўртоғингизни яқиндан биласизми?”, “Сиз қандай аёлсиз?” Тўғри, эҳтимол, бу мавзулар кўпчиликни (айниқса, “кўча матбуоти” дейиладиган нашрларнинг асосий ўқувчилари бўлмиш кўпгина уй бекалари, ўсмирлар, жисмоний меҳнат билан машғул одамлар ё сотувчиларни) қизиқтирар, бироқ жамият ривожи, тараққиёт, инсоннинг маънавий юксалиши учун аҳамияти жуда кам. Бу мавзулар доирасида мулоҳаза юритаётган ижодкорларнинг изланишлари шунчаки газета саҳифасини тўлдириш топшириғи билан боғлиқдек, назаримда. Топшириқ бажарилса, бас. Мавзунинг юки борми, йўқми, бу - иккинчи жиҳат. Бугун фикран юксаклик, миллий маънавият ва қадриятларни тарғиб қилиш учун долзарброқ мавзулар ёритилмасдан қолаётганига ҳам эътибор қаратайлик.
Матбуотнинг сўзи чегара билмайди, уни тўғри йўналтириш, тараққиётга хизмат қилади. Аксинча у вайронкор кучга айланади. Зеро, бир ва бир неча кишига алоқадор бўлган масалалар теварагида ўралашиб қолгандан одамларни замонга мос равишда юксак даражада фикрлайдиган, жамиятни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган, ёшларимизни “оммавий маданият”, турли ёт ғоялар таъсиридан асрайдиган, қолаверса, тафаккур ва дунёқарашни кенгайтирадиган мавзулар доирасида қалам тебратишнинг мукофоти улуғроқдир. Юртбошимиз биз журналистларга юксак ишонч билдириб, алоҳида таъкидлаганидек:
“...бир қарашда кўзга ташланмайдиган бундай хавф-хатарларга қарши курашиш учун ҳаммамиз, аввало, сиз, муҳтарам оммавий ахборот воситалари ходимлари фикрга қарши - фикр, ғояга қарши – ғоя, жаҳолатга қарши – маърифатни қурол қилиб, қатъият билан иш олиб боришимизни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда”.
Баҳриддин ЭСОНОВ, журналист.