Камчилик
Ҳақиқат кўп улуғ нарса-ку, битта камчилиги бор: ҳар доим ҳам ширин бўлавермайди. Аччиқ ҳақиқат фойдали нарса-ку, унинг ҳам битта камчилиги бор: ҳар кимга ҳам ёқавермайди...
Тақдири азал
Худо ёзганини бандаси ўчиролмайди.
Худо берганини бандаси тортиб ололмайди.
Муножот
Худодан, умр бер, деб сўраганларни кўрдим.
Худодан, бахт бер, деб сўраганларни кўрдим.
Худодан, фарзанд бер, деб сўраганларни кўрдим.
Худодан, давлат бер, деб сўраганларни кўрдим.
Фақат... Худодан, эй, яратган Эгам, мен – нодонга бир чимдим ақл бер, деб сўраган бандасини кўрганим йўқ!
Худбин
Ўзидан бошқа ҳаммани ёмон кўрадиган одам охир-оқибат ўзидан бошқа ҳамманинг нафратига йўлиқади.
Хавфли одам
Яхшигаям, ёмонгаям бирдек яхши кўринишга уринадиган одам энг хавфли одамдир!
Ўз уйинг
Кўчада тинчи йўқнинг азоби – бир кун.
Уйида тинчи йўқнинг азоби – бир умр.
Олим ва шоир
Унча-мунча нарсага ҳайрон қолмайдиган одамдан Олим чиқади.
Ҳамма нарсага ҳайратланадиган одамдан Шоир чиқади!
Дардманд хулосаси
Эрталаб турганингда, кундузи юрганингда, кечаси ухлаганингда ҳеч қаеринг оғримаса шунинг ўзи бахт!
Ақл ва мансаб
Ақл билан мансабга эришиш мумкин. Мансаб билан ақлга эришиб бўлмайди.
Ҳар тўкисда - бир айб
Ростгўй одамнинг битта ожизлиги бўлади: уни алдаш осон.
Дўст
Дўст дегани дарахт япроғига ўхшайди. Баҳор чоғи беҳисоб. Куз келганда саноқли. Ёшлик чоғи беҳисоб. Кексайганда саноқли.
Хазина
Ақл шундай хазинаки, қанча кўп ишлатсангиз, шунча тўлишиб бораверади.
Энг бебаҳо, энг арзон
Дунёда энг бебаҳо, аммо ҳамиша беназир тарқатиладиган хазина бор. Бу – Она меҳри!
***
Ҳеч қачон Осмонга тупурма! Осмон қаҳрли. Тупугинг юзингга қайтиб тушади!
Ҳеч қачон Ерга тупурма! Ер меҳрли: тупугинг юзингга сачрамайди. Аммо шу Ер сени кўксида кўтариб юради.
***
Қуш бўлиб, осмонга учма.
Тошбақа бўлиб, ерда судралма.
Дарахт бўл! Бошинг - осмонда, оёғинг ерда бўлсин!
***
Ёмонликка яхшилик билан жавоб берсанг, бир ҳисса савоб оласан. Яхшиликка ёмонлик билан жавоб берсанг, ўн ҳисса гуноҳга ботасан. Негаки, бу дунёда ёмонликка яхшилик қиладиганлардан кўра яхшиликка ёмонлик қиладиганлар кўпроқ.
***
Нодонлар даврасида кар бўл.
Донолар даврасида соқов бўл...
***
“Ошсиз уй бор, урушсиз уй йўқ”, дейдилар. Оилангда жанжал чиқса, энг аввало фарзандларингни ўйлаб иш қил!
***
“Аввал хеш, кейин дарвеш”, дейдилар.
“Онажон, яхши ётиб турдингизми, менга нима юмушингиз бор?” деган бир оғиз сўзингнинг савоби бегонага бир қоп олтин ҳадя этишдан кўра каттароқдир!
***
Ғурурли бўл, аммо димоғдор бўлма.
Камтарин бўл, аммо хокисор бўлма...
***
Кичкина чумчуққа тош отган бола катта бўлганида одамга ўқ отиши мумкин. Бешафқатлик билан жиноятнинг ораси бир қадам.
Сожида АЛЛАЁРОВА тўплади.