Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ҳикматулла САМАДОВ

20.02.2017


НУРАФШОН КУНЛАР СОҒИНЧИ

САФАРБАРЛИК

Юрагида ўти, билагида кучи қайнаб тошган бошқа йигитлар қатори Абдураззоқ Қодировга ҳам ҳарбий комиссариатдан чақирув қоғози келди. Шойи тўқиш артели ишчиси Абдураззоқнинг 9 яшар Муқимжон ва 4 яшар Зокиржон каби фарзандлари бўлиб, аёли Мақсадойнинг 4 ойлик ҳомиласи бор, лекин буни эрига ҳали сездирмай юрган эди. Кутилмаганда келган чақирув қоғози уларни шошириб қўйди. Эрининг сафар халтасига нон, майиз ва туршакларни солиб тугар экан, кўнглидаги яширин дардини эрига билдирди. Абдураззоқ хотинига меҳр билан боқиб, беҳад суюниб кетди. Унинг юзи ва сочларини дағал қўллари билан силади.

– Мен, агар насиб бўлса, эсон-омон қайтиб келаман. Болаларимга бош бўлиб, уларни ҳеч қачон ўкситма, хўпми?!

Ўша куни 15 нафарга яқин йигит поездда Россиянинг Куйбишев вилояти томон йўл олди. Поезд бир неча кун юриб, чўл ва саҳролар, тоғлар оша йўл босиб, манзилга етди. Улар бир ёни тоғ, бир ёни адирга туташ ўрмонда жойлашдилар. Уч ой давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтишди.

Эртаси тонг отиб, командир барчани сафга йиғди. У ҳарбий тайёргарлик вақти тугагани, энди фронтга йўл олишлари ҳақида гапирди. Уруш кўрмаган йигитларни 160-алоҳида ўқчи аскарлар бригадаси ихтиёрида фронтга жўнатишди.

Фронтга етиб боришгач, 338-ўқчи полки тикланди ва 2-батальоннинг 1-ротаси таркибида Абдураззоқ Қодиров жангга кирди. Худди шу кезларда Орёл области атрофларида жанг кетаётган эди. Абдураззоқ урушнинг бор даҳшатини ва машъум қиёфасини илк бор шу ерда кўрди. Қалбида фашистларга нисбатан битмас-туганмас қаҳр-ғазаб ва улардан ўч олиш ҳисси билан жангга кирди.

Тунда Абдураззоқ Қодиров соқчилик постида турди. Кундузги жанг суронлари тинган, атроф жимжит. Булутли осмонда баъзан ярқ этиб Ой кўринади. У тонггача уйқу билмай, ўз постида сергак турди. Шунда кўз олдига ўз она юрти, кечмишлари бирма-бир намоён бўла бошлади.

Абдураззоқ 22 ёшга тўлганида отаси уйлантириб қўйди. Оқ юзли, хушрўй келинчак Мақсадой билан ширин турмушлари бошланди. Ўғил кўриб, Муқимжон деб исм қўйишди. Кейин Зокиржон дунёга келди. Абдураззоқ 33 ёшга кирганда отаси вафот этди.

Турмуш ўртоғи Мақсадой Сафарова “8 март   артели” (ҳозирги “Ҳужум” бадиий буюмлар фабрикаси)нинг дастлаб ташкил этувчиларидан бири бўлди. У 1928 йилда Ашхободга бориб, гилам тўқиш артелидан янги гилам нусхаларини олиб келди ва уларни артелдаги ишлаб чиқаришга татбиқ этди. Кўплаб хотин-қизларга устозлик қилиб, араби гилам тўқишни ўргатган моҳир тўқувчи сифатида танилди.

Абдураззоқ олисдаги фронт окопларида туриб, аёли ва уйда қолган жигаргўшаларини ўйлар экан, айни пайтда она юртини душмандан ҳимоя қилишдек катта масъулият елкасида турганини, тинч ва фаровон ҳаёт учун, оиласи учун курашиш асосий бурчи эканини ҳис этиб, фахр ҳиссини туйди.

МУДОФАА ЖАНГИ

Совуқ изғирин ўз игналарини аёвсиз санчади. Ер музлаган, окопда ётган ўқчи аскар Абдураззоқ Қодировнинг кўз олдидан кундузи бўлган аёвсиз жанг манзаралари бирма-бир ўта бошлади. Жангчилар Орёл шаҳри бўсағасида окоп қазиб, тиш-тирноғига қадар қуролланган душманга қарши мудофаа чизиғини эгаллашган эди. Штабдан келган топшириққа кўра, фашист қўшинларини бир қадам ҳам ўтказмаслик лозим эди. Кутилмаганда душман ҳужум бошлади ва уларнинг қирувчи самолётлари бургутлардек учиб келиб, бомба ташлай бошлади ва қайтиб кетди. Сўнгра душман танклари кўрина бошлади, улар ортидан эса пиёдалар қўшини бостириб келаётганлиги кўзга ташланди. Ўқ дўлдек ёғилади, теварак-атрофда снарядлар портлаб, даҳшатли овоз чиқариб ёриларди. Ер-у осмон аланга ичида. Бошқа сафдошлари қатори Абдураззоқ Қодиров ҳам душманга ўқ уза бошлади. Жанг шиддатли давом этди. Душманнинг кучи икки баравар кўп эди. Жангчилар қонга-қон, жонга-жон бериб, ҳаёт-мамот жангига киришди.

Бош штаб Орёл шаҳрида мудофаада турган қисмларимизга янги резерв кучлар юбориши керак эди. Аммо минг афсуски, янги кучлар ўз вақтида етиб келмади. Душман окопдаги мудофаачиларни қамал қилди. Айниқса, уларнинг танклари окопдагиларни босиб-янчиб ўта бошлади. Окопдаги мудофаачиларнинг учдан икки қисми ушбу тенгсиз жангда ҳалок бўлишди. Қурбон бўлганлар орасида Абдураззоқ Қодиров ҳам бор эди.

ҚОРА ХАТ

Халқ бошига оғир мусибат тушган, босқинчилар чаман боғларни хазонга айлантираётган ўша оғир, ташвишли кунларнинг бирида почтачи Қодировлар хонадонига хат олиб келди. Мақсадой опанинг титроқ қўлларида фронтдан келган хат... Хатни ўқигач, унинг кўз олди қоронғилашиб, ўзини бошқара олмай қолди. Хатда 1943 йил 28 апрель куни Орёл шаҳрида бўлган жангларда ўқчи аскар Абдураззоқ Қодировнинг қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ёзилган эди.

Мақсадой опа тоғ келса кемириб, сел келса симириб, барига бардош бериб чидади. Йўқчиликка кўникиб, сабр қилди. Уч нафар фарзандига ўзи емай едирди, ўзи киймай кийдирди.

Мақсадой Сафарова 1960 йилгача “Ҳужум” бадиий буюмлар фабрикасида ишлаб туриб, мактабда қизларга меҳнат таълимидан гилам тўқиш сирларини ўргатди. Уйига келганда эса фарзандларига кўзи тушиб, эрининг сиймоси кўз олдига келар, шунда уй тўридаги хонага кириб, тўйиб-тўйиб йиғлаб оларди. У ана шу уч ўғли учун ҳам яшади, уларни асраб-авайлаб камолга етказди...

Ҳикматулла САМАДОВ,

Китоб шаҳри.

Report typo