КУЛИШ ГУНОҲ САНАЛАДИГАН ЛАТИФА
Бир куни Шайтони Лаъин янги туғилган боласини олам билан таништириш учун сайрга олиб чиқибди. Улар эшакка дуч келишибди энг аввал. Эшакнинг ғаройиб тусини кўрган шайтонвачча қўрққанидан онасининг ортига беркинибди.
- Қўрқма, болам, бу оддий бир эшак, - боласини юпатибди она шайтон. - Ўзи жуда ювош жонивор, ҳатто миниш мумкин…
Улар яна бироз юриб итга дуч келишибди. Шайтонвачча итдан ҳам қўрқиб йиғлай бошлабди.
- Нега қўрқасан, болам, бу шунчаки ит-ку, - уни яна юпатибди онаси. - Қара, тош отсанг қочиб қолади…
Улар йўлида давом этибдилар, олдиларидан баҳайбат арслон чиқибди. Арслоннинг важоҳатини кўриб шайтонваччани қалтироқ босибди.
- Қўрқма, чироғим, - тағин боласини юпатибди шайтон . – Бу арслон, арслонлар табиатан кўнгилчан ва анқовроқ бўлади…
Она-бола йўл юриб-мўл юриб, одамзодни ҳам учратишибди. Шайтонвачча бу ожизгина кўринадиган жонзотнинг нелигини билмай гоҳ онасига, гоҳ инсонга қараб турган экан, она шайтон уни ўзига яқинроқ тортибди ва дебди:
- Бу одамзоддир, болам. Сен зинҳор унинг оддий кўринишига алданма. Ҳали ёшсан, ундан узоқроқ юрганинг дуруст…
ТУРФА ОДАМЛАР...
Одамларни яхши ва ёмон тоифага ажратамиз. Шу икки тоифа доирасида қизиқ ўхшатиш – бағрикенг одамлар ва майда одамлар. “Майда одамлар” дейиш шундай тоифа инсонларнинг хулқига киноявий бир таърифки, бундай одамларнинг димоғи жуда баланд бўлади, кўзи жуда оч бўлади. Амали билан атрофида орттиролмагани - ҳурмат-иззатни ўзи ҳақида тўқиган ёлғонлари ва сиртдангина ғурурга ўхшаб туюладиган ҳавойилиги билан, қолаверса, зўравонлик десак ошиб кетару кези келганда, шаллақилиги билан қозонишга ҳаракат қилади. Бағрикенг одамларнинг бағри кенглиги эса шунда намоёнки, улар ҳар қандай сохтагарчиликлардан холи, самимий сухан ва катта қалб соҳибидирлар, инчунун, кечирувчанлиги, ҳали таърифини келтирганимиз “майда одамлар” билан тортишаверишни ўзига эп кўрмаслиги билан ҳам ажралиб туради. Лекин кошки одам зоти фақат бағрикенг ёки майда одам бўлиб, борингки, яхши ё ёмон бўлиб тоифаланибгина қўяқолса! Йўқ, мени ҳаётда кўпроқ ўйлантирадигани, ҳам таажжубга соладигани “худбинлиги бору яхши одам”, “жудаям танти, аммо ёмон одам”лардир.
“Худбинлиги бору яхши одамни ёмондан яхшироқ деса бўлармикин? Ёки танти, аммо ёмон одамни яхшидан ёмонроқ санаса-чи, бўлармикин?” деб кўп ўйга толаман.
Азал томиринг туташ, тақдиринг ўхшаш, орзу-умидларинг эш, бироқ нега бунча турфасан, эй Одам Ато ва Ҳаво Кибриуллонинг фарзандлари?!.
“ОДАМ БЎЛМОҚЧИМАН!”
Гўдаклигимда отамдан сўрадим:
- Ота, катта бўлсангиз ким бўласиз?
Тайин гапки, берган саволимдан отам роса кулди.
- Ким бўларди, одам-да, ўғлим, - деб қўйди кейин ҳазиллашиб.
Бир куни онамга ҳам шу саволни бердим:
- Эна, ким бўлишни истайсиз катта бўлсангиз?
Аниқ эслайман, жилмайса-да, онам негадир хижолат тортганди ўшанда. Кейин қўлимга ерёнғоқ тутқазганди: “Одам бўлишни, бор, кўчага чиқиб ўйнайқол”.
Мактабга илк бор қадам қўйган кунларим эса ўқитувчим менга шу саволни такрорлади:
- Хўш, катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?”
Мен: “Одам”, деб жавоб бердим ҳеч бир мулоҳазасиз. Не бахтки, ўқитувчим ҳали мактабга қатнамасимданоқ тўйлардаги ўртакаш раисларга ялиниб, “Қалдирғоч, ҳай қалдирғоч”, “Амир Темур бобомиз”, яна онамдан эшитиб ёдлаб олганим қайсидир рус шоирининг ”Бўридай ғажирдим бюрократизмни...” каби шеърларини ўқиб юришимдан хабардор экан.
- Яхшиси, сен катта ва машҳур шоир бўлақол, хўпми? - “таклиф” қилиб қолди у. Менинг хаёлимга “лоп” этиб қишлоқдошлар исмига “шоир” сўзини қўшиб айтадиган, кўпинча маст-аласт юргувчи ва хотинини ҳадеб кўчага олиб чиқиб калтаклайдиган маҳалладошимиз келди. Ўқитувчим шоир бўлишга “мажбурласа”, мактабдан кетиб қолишимни уқтирмоқчидай дафтар ва ручкамни қўлимга олиб, шарт ўрнимдан турдим.
- Ҳечам-да, мен одам бўлмоқчиман! – дедим қатъий. Бу ҳаётга боғлиқ тасаввурлари жудаям тор бўлган гўдакнинг инсоният ҳақидаги оддий, аммо илдизи анчайин теран фалсафаси шу экан-да. Буни эса кейинроқ улғайганимда англадим...
Бахтли яшамоққа қўярми ҳаёт,
Юракни туйғулар янийди дейман,
Олим бўлармиди мендай бесавод?
Одам бўла олсам қанийди, дейман…
ХАЁЛДАН ЎТГАНЛАРИ
Одамзод ҳеч қачон тўлиқ фароғатга эриша олмайди. Чунки одамлар халал бериб туради.
* * *
Болаликда одамнинг маймундан яралганига ақли бовар қилмайди кишининг. Улғаявергач эса турфа одамлар билан танишиб, кўплаб “далил”ларга дуч кела бошлайди.
* * *
Ўзининг ақллилигини гапирадиган одам - калтабин одам. Ўзининг ақлсизлигини гапирадиган одам эса писмиқ ва эҳтиёт бўлинг, у ниманингдир пайида бўлиши мумкин…
* * *
Умуман кечиришни билмайдиган одам - бечора одам, ҳадеб кечириб юбораверадиган одам ҳам ундан фарқли эмас. Ҳарҳолда, иккиси ҳам ёлғизликдан азият чекади.
Байрам АЛИ