Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

29.09.2020


ОФТОБДАЙ ТУЮЛДИ ОНАМНИНГ ТИЛИ...

 Муносабат

Бир неча кундирки, ҳамманинг оғзида бир гап: Президентимиз БМТ Бош ассамблеяси сессиясида ўзбек тилида маъруза қиларкан. Ҳатто Туркиянинг "Жумҳурият" газетаси ҳам Президентимизнинг нуфузли минбарда буюк Навоий тилида гапиришини олқишлаб мақола берибди. Кўпчилик бир-бирига хушхабарни етказган, мийиғида жилмайиб, хурсандчилигини сездириб қўйган. Бу тарихий воқеадан бехабар қолмасликни тайинлаб, 23 сентябрь куни соат ўн саккизда маъруза ўқилишини етказган...

Назаримда шу куни соат миллари айланиши қийин кечгандай бўлди. Дақиқалар, ҳатто сониялар ўтиши ҳам секинлашгандай. Телевизорни олдинроқ қўйдиму, соат ўн саккиз бўлишини кута бошладим. Ниҳоят вақт бўлди, махсус кўрсатув бошланди ва орадан бир неча дақиқа ўтиб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илк бора ўзбек тилида маъруза қилди.

Ниҳоятда ҳаяжонли дамлар эди. Ахир шу тилнинг соҳиби бўлмиш миллат жаҳон тамаддунига қанчадан-қанча алломаларни, авлиёларни берган. Бу миллатнинг буюк Навоийси "Турк назмида чу мен тортиб алам, айладим ул мамлакатни якқалам", деб ёзган. Маҳмуд Кошғарийси "Жавоҳирун наҳви фи луғотит турк" (Туркий тилларнинг навҳ (синтаксис) дурдоналари қоидалари) ва "Девону луғотит турк" (Туркий сўзлар тўплами)  каби нодир асарлари билан тилшунослик фанига асос солган. Аҳмад Яссавийси ҳикматлари билан инсонни инсонийликка чорлаган. Амир Темур "Биз ким - мулки Турон, амири Туркистонмиз, Биз ким - миллатларнинг энг қадими ва энг улуғи Туркнинг бош бўғинимиз" деб айтган.

Шу куни "Ҳуррият" газетасининг янги сонига кўзим тушди. Шоир Хол Муҳаммад Ҳасаннинг "Қадим ер юзи тили бу - бизнинг тил" деган мақоласи чоп этилибди. Сарлавҳани қаранг: қанчалар залворли...

Ҳа, бизнинг қадим она тилимизда ҳикмат ҳам, хислат ҳам кўп. Бу тилнинг жаҳон минбаридан   янграши энди янги-янги хислатларини очаверади, ўзини намоён қилаверади.

Қалбим ғурурга, фахр-ифтихорга тўлди. Бундай туйғуни мамлакатимиз мустақил деб эълон қилинганида ҳам ҳис этган эдим...

Мен кеча осмонда кўрдим ўзимни,

Юлдузларга етдим, ҳилолга етдим.

Юртбошим маъруза ўқияптилар

Ўзимни учаётган қушдай ҳис этдим.

 

Набирамни маҳкам қучоқлаб олиб

Қўлига Навоий "Хамса"син тутдим.

Офтобдай туюлди онамнинг тили

Нуридан нур олдим, симирдим, ютдим.

 

Бир нима ёз, Лола, дейди вужудим,

Бисотим сўзларин титкилаб кетдим.

Юртбошим маъруза ўқияптилар

Ўзимни учаётган қушдай ҳис этдим...

Лола ЎРОҚОВА,

Китоб тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси

Report typo