Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги "Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан "Оила-маҳалла-таълим муассасаси" ҳамкорлиги жамоат кенгаши фаолияти йўлга қўйилгани биргаликда аниқ мақсадда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини оширмоқда.
Хусусан, ҳар бир фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қошида "Оила-маҳалла-таълим муассасаси" жамоатчилик кенгашлари ташкил этилиб, улар ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини кучайтириш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашишини ўрганиш бўйича зарур тадбирларни йўлга қўйишган. 9-синфни тамомлаётган мактаб ўқувчилари таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиниши, коллеж битирувчиларининг бандлиги таъминланиши масалалари ҳам жамоатчилик кенгашининг диққат марказида. Шунингдек, ушбу ҳамкорлик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни экстремизм, гиёҳвандлик, "оммавий маданият" каби турли иллатлар таъсиридан асраш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, касбга йўналтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Умуман, баркамол авлод тарбияси оиланинг ҳам, маҳалланинг ҳам, таълим муассасасининг ҳам зиммасига улкан масъулият юклайди. Шу ўринда алломаларимизнинг фарзанд тарбияси борасидаги фикрларига мурожаат қилсак, кўплаб ибратли тавсияларга дуч келамиз. Хусусан, Абдурауф Фитрат "Оила ёки оила бошқариш тартиблари" деб номланган асарида энг оғир вазифа фарзанд тарбияси экани, халқнинг ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши, заиф бўлиб хорликка юз тушиши, бахтсизлик юкини тортиб эътибордан қолиши, ўзгаларга тобе, қул ва асир бўлиши улар олган тарбияга боғлиқлиги алоҳида таъкидланади.
Демак, фарзанд аввало оилада жисмонан, фикран ва ахлоқан тарбияланиши, кучли бадан, соғлом фикр ва яхши ахлоқ билан қуроллантирилиши шарт. Кейин бу натижага эришишда маҳалла-кўй, таълим муассасаси ҳам ўз ўрнига эга эканлигини ҳеч қачон унутмаслик лозим. Зеро, оила, маҳалла ва таълим муассасасидаги маънавий муҳит таъсири фарзандларимиз характерида бўй кўрсатиши муқаррар.
Шундай экан, "Оила-маҳалла-таълим муассасаси" ҳамкорлиги асосида фарзандларимизни "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?", "Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?" деган саволлар атрофида мушоҳада қилишга ундашимиз, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратишимиз шарт. Шунда ушбу тизим ёшларни баркамол, маънан етук, жисмонан бақувват, юксак инсоний фазилатларга эга бўлган, ватанига ва халқига садоқатли, фидойи ва ҳушёр инсонлар этиб тарбиялашдаги ҳамкорлик механизми сифатида тўла намоён бўлади.
Замира МАМАНАЗАРОВА,
вилоят "Оила" маркази раҳбари,
Қарши туман сервис ва тадбиркорлик коллежи директори.