Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Қурбон ЭГАМБЕРДИЕВ

14.03.2017


ОИЛА - САОДАТБАХШ БОF

Оила мустаҳкам бўлишида айниқса эркаклар зиммасига улкан масъулият юкланади. Чунки унинг гарданида оила шаънига доғ туширмаслик, йигитлик, оталик бурчи, масъулиятини тўла англаш, ҳаётда учрайдиган қийинчиликлар, муаммоларга беписандлик  билан қарамаслик, ахлоқда енгилтакликка  мойил бўлмаслик, рўзғор юмушларида аёлни яккалаб қўймаслик каби вазифалар туради. Булар эркакдан жуда катта куч, хоҳиш-ирода, меҳнат ва керак бўлса, жасоратни талаб этади.

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов:

Эрмисан эркак бўл,   саналмас бугун,

Бир аёлни бахтли қилмаган эркак.

Бошимда эрим бор деган  сўз учун

Аёлни бошингга қўйишинг керак, 

дея бежиз ёзмаган.

Ўзбек эркагининг белида белбоғи, дилида ори бор. Ота-бобосининг қимматли насиҳатини юрагига туккан-да: бойлик, мансаб каби ўткинчи ҳою ҳаваслар унга ёт. Аёлининг хурсандчилиги, болалари, набираларининг “дадажон”, “бобожон” дея эркаланиши дунё шодлигини бағишлайди унга.

Аммо онда-сонда бўлса ҳам эркаклик шаънига доғ тушаётган ҳолатларга дуч келиб, юракларимиз зирқирайди. Айрим эркаклар оилада эрлик масъулиятини унутиб қўйганлари ҳам бор ҳақиқат.

 Буни бозорларда елкаларига оғир халталару сумкаларни кўтариб юрганлар, лозим бўлганда рўзғорнинг кам-кўсти учун ўзга элларга отланган аёллар мисолида ҳам кўриш мумкин. Эркаклар бола боқишни ор санамайдилару, мактабда ўтказилаётган ота-оналар мажлисига боришга гўёки номус қиладилар. Баъзи эркаклар чўнтакларига пул кирдими, ўзларини йўқотадилар, “аканг қарағай” деб бугун ичкиликка, эртага қиморга, индинига гиёҳвандликка берилади ва бошқа йўлларга киради. Чўнтак қуригач, яна ўша-ўша, хотинни савдога чиқариб, болабоғчалик билан шуғулланадилар, ҳатто ялиниб-ёлвориб, хотинларидан “юз грамм”га пул сўрайдилар. Ачинарлиси, баъзи эркакларнинг бирдан бойиб кетиш истагида на ота-она, на қариндош ва на яқин дўстлари насиҳатига қулоқ тутмай, чет элларга мардикорлик учун кетиб қолаётгани дилни хуфтон қилади. Ҳеч ким, ҳеч қачон фойда кўрмасдан бегонага пул бермаслиги, текинга дастурхон ёзмаслиги ҳатто ёш болага ҳам аён-ку! Сўзсиз очлик, хорлик уларни аста-секин мутлақо тасаввур этилмаган ҳолатларга  дучор этади.

Абу Ҳомид Fаззолийнинг “Мукошафат-ул қулуб” асарида эрнинг хотиндаги ҳақлари ҳақида фикр юритилиб, хотиннинг одоб қоидаларига амал қилиб, оила сирларини  сақлаши, ор-номуси ва шаънини пок тутиши, нозарур нарсани талаб қилмаслиги, эрнинг ҳаром топиш-тутишига сабаб бўлмаслиги алоҳида таъкидланади. 

 Энди айни замон аёлларининг эрлари олдидаги ана шу ҳолатларга муносабатини бир кўз олдингизга келтиринг-а. Уларнинг айримлари ўзбекона кийинишни дидсизликка, замондан орқада қолишга йўйишади. Европаликларга  кўр-кўрона эргашган ҳолда концерт, театр, тўйларга эмас, ҳатто мозорларгача тиззадан юқори юбка, белигача очиқ кийимда, бунинг устига, бор қимматбаҳо тақинчоқларини тақиб боришни  маданият деб биладилар. Энг ёмони, эркаклар ҳам бу “маданият”га бепарво  қарай бошлаган.

Мухтасар айтганда, оила - саодатбахш маскан, жамиятнинг дуру гав­ҳари. Тарихан қадрланган, мустақиллик боис  янада эъзоз  топган ўзбек оиласининг таровати, бахт-саодати, иноқлик ва меҳрибонликда умр кечириши ҳар қандай таҳсинга, ҳавасга лойиқ. Буни оила қуриш остонасида турган ёш ўғил-қизларимиз чуқур англаб етмоғи, оилада ҳар кимнинг ўз ўрни бўлиши, эр-хотин ўз зиммасидаги масъулиятни англаб, унга амал қилиб яшамоғи зарурлигини билиши даркор.

Қурбон ЭГАМБЕРДИЕВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Report typo