Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Муҳаммади ҚОРАЕВ

30.12.2016


ОИЛАДА ЭРКАКНИНГ МАҚОМИ ВА МАСЪУЛИЯТИ

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари(аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир”, деган.

Аллоҳ таоло эркакларни аёллардан устун қилди, дейилса, қисқароқ бўлар эди. Оят бундай шаклда нозил бўлганини муфассир олим Али Ас-Собуний   қуйидаги тамсиллар билан изоҳлайди: “Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло аёлни эркакдан яратган бўлиб, улар аслида бир тан, худди бир танада жойлашган иккита руҳлигига эътиборни қаратди. Шунинг учун уларнинг бири иккинчисига худди ўз тана аъзолари бир-бирига ҳарис бўлганидек ҳарис бўлиши керак.  Эркак ва аёл тана аъзоларига ўхшаб, бири бош бўлса, бошқаси юрак ва бадан бўлсин. Ҳеч қайси аъзо бошқа аъзодан ўзини юқори тутмай, ҳар бири ҳаётда ўз вазифасини бажаради. Одам жисмида қулоқ, кўз, юрак, қўл ва ундан бошқа аъзолар бор. Қулоқ кўзсиз, қўл оёқсиз яшай олмайди. Шу сабабли қалб меъдадан, бош эса қўлдан афзалроқ эмас, чунки уларнинг ҳаммаси ўз вазифасини интизом билан бажариб, бири иккинчисисиз туролмайди. Эр ва хотин ҳам шундайдир.

Минг йиллар давомида юртимизда ота шахси улуғланиб, юқори даражада иззат-ҳурматга лойиқ кўриб келинмоқда: ота уйнинг тўрида ўтирган! Ота ҳал қилувчи гапни айтган! Ота ўтирган уйнинг томига фарзанд чиқмаган! Фарзанд йўлга отланганда оқ фотиҳани ота берган! Хуллас, ота шахси оилада олий даражага кўтарилган. Муқаддас динимиз таълимоти бўйича, оила ҳар қандай жамиятга асос бўлувчи ғишт кабидир. Бир бошлиқ, раҳбари бўлмаса, у ҳам парокандаликка юз тутади. Шунга кўра Аллоҳ таоло эрни оилада бошлиқ – раҳбар этиб қўйган. Оиланинг барча нафақаси, сарф-харажати, уни ҳимоялаш эрнинг зиммасидадир. Аммо эркак оилани бошқаришда асло қўполлик, зулм қилиши мумкин эмас. Қолаверса, эрнинг раҳбар қилиниши мутлақо аёлни камситиш эмас. Айрим ғанимлар даъво қилаётганидай унинг ҳуқуқларини чеклаш ҳам эмас, балки табиатан нозик яратилган аёлни оила-рўзғорнинг ташвиш-машаққатларидан озод қилиб қўйишдир. Қолаверса, эрнинг раҳбарликка маънавий ҳуқуқи ҳам бор. Чунки у аёлга нисбатан эҳтироси ва ҳаяжонини жиловлай оладиган бўлгани учун ҳам оила тотувлигининг гарови саналади. Қолаверса, Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Агар эркак киши раҳбарликни чиройли, тўла-тўкис адо этса, бундай оила бахт-саодатга эришади.

Аслида раҳбарлик масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувини, муҳофазасини адо этмоғи лозим. Минг афсуски, бугунги кунда айрим оилаларда отанинг ўрни пасайиб бормоқда. Бунга эса уларнинг ўзлари айбдор эканлигини инкор қилмаймиз. Тайинли бир жойда ишламаслик, ичкиликка ружу қўйиш, ҳар хил “гап-гаштаклар”, осон ва енгил яшашга интилиш эркаклар мавқеини, таъсир кучини кесмайди, деб ким айта олади?

Отанинг фарзанд тарбиясига бепарволиги, шаклланаётган шахсга намуна бўла олмаслиги, табиийки, бора-бора унинг мавқеини пасайтиради. Психологларнинг таъкидлашича, болага хулқ-атвор кўпроқ онадан, феъл-атвор отадан, қиёфа ҳар икки томондан ўтар экан. Тарбияда ота мавқеининг пасайиши кўпинча характерсиз, чучмал, ланж шахсларнинг шаклланишига сабаб бўлади. 

Энг ёмони шуки, айрим эркаклар тизгинни хотиннинг қўлига топшириб, ўзлари хўжасининг амрига маҳтал ходимдек бош эгиб турадилар. Афсуски, орамизда бундай эркакларнинг учраётгани ҳаммамизни ўйлантиради. Оила боқиш масъулияти эркаклардан кўра аёллар зиммасига тушиши одат тусига кираётгани ачинарли ҳол, албатта. Бу бизнинг кўп минг йиллик қадриятларимизга тўғри келмайди.

Шак-шубҳасиз, эркаги бор уйнинг файзи ўзгача. Ишёқмас, дангаса, оилани боқиш ташвиши билан яшамайдиган ва уй бекаси бўлиб қолган, ғурури пуфакдек омонат эркак эса ҳеч қачон уйга файз ва барака кирита олмайди.

Эркаги бор оила – устуни бут, пойдевори мустаҳкам қалъа. Эр одатда оиланинг қўрғони, Ватан ҳимоячиси, фарзандлар учун қаҳрамонлик, мардлик тимсолидир. Падари бузрукворлик бахти эса бола тарбиясидек юкни елкасига ола билган, солиҳ, ибратли фарзандлар тарбиялаган оталарга насиб этади. Ватан ҳимояси, халқ хизмати каби оила шаъни, ор-номуси эркакнинг жамият олдидаги шарафли вазифасидир. Буни унутмаслик лозим.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

Report typo