Бир қатор ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда тадбиркор ва фермер аёллар, ишбилармонликка иштиёқманд бўлган коллеж битирувчилари ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этишди.
O‘zLiDeP ташаббуси билан 2012 йилдан буён амалга ошириб келинаётган мазкур лойиҳа хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш орқали кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик фаолиятига кенг жалб этиш, оилавий бизнесни ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
- Вилоятимизда ўтган давр мобайнида мазкур лойиҳада 3000 нафарга яқин хотин-қизлар ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этди, - дейди O‘zLiDeP вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Арзиқул Шеров. – Истиқболли деб топилган қатор лойиҳалар муаллифларига ҳамкор тижорат банклари томонидан 2 миллиард 900 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилишига эришилди. Натижада 1200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Жорий йилда мазкур лойиҳа асосида шаҳар ва туманларда ўтказилган саралашда оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган 600 нафардан ортиқ хотин-қизлар аниқ таклиф билан чиққан бўлса, 65 нафарининг бизнес-режалари вилоят миқёсида ўтадиган тақдимотга таклиф этилди.
Тадбир давомида ҳар бир иштирокчи ўз бизнес-лойиҳалари тақдимотини ўтказди.
Қизғин баҳс-мунозаралар асосида ўтган тадбир якунида истиқболли дея топилган қатор бизнес лойиҳа муаллифларига ҳамкор тижорат банклари томонидан муайян имтиёзлар асосида кредит олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатлар топширилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА