Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

03.02.2017


ОЙГУЛ ЖАББОРОВА – ЭНГ НАМУНАЛИ МАСЛАҲАТЧИ

 

Маҳалла хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан  қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган мазкур танловда шаҳар ва туманлар босқичида ғолиб бўлган 14 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи беллашди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2004 йилда фуқаролар йиғинларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими таъсис этилган эди. Бугунги кунда вилоятимиздаги барча маҳаллаларда катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган, элда обрў-эътибор топган, кўпчиликка ижобий таъсир кўрсата олувчи, ибратли анъана ва қадриятларимизнинг мазмун-моҳиятини маҳалла аҳли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга теран тушунтира олувчи фаол аёллар ушбу вазифада фаолият юритмоқда.

Уч шарт асосида қурилган танловда маслаҳатчиларнинг маҳаллаларда барқарор диний ва маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, тўй-маъракаларда ортиқча ҳашам, исрофгарчиликка йўл қўймаслик каби долзарб масалаларга оид фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, уларнинг қизларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг оила, жамият олдидаги масъулиятини ошириш, оила–маҳалла–таълим муассасаси ҳамкорлигини тобора мустаҳкамлаш, “Ота-оналар университети”, “Ораста қизлар” каби  тузилмалар фаолиятини тўғри ташкил этиш,  ёш оилалардаги турли келишмовчиликларга ўз вақтида барҳам бериш, оналар ва болалар саломатлигини ҳимоялаш, турли мураккаб вазиятларда тез ва оқилона қарор қабул қилиш борасидаги кўникмалари, миллий қонунчилигимиз, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқ соҳаларига оид билимлари кўрикдан ўтказилди.

Барча шартларда юқори натижа қайд этган Шаҳрисабз туманидаги Шаматон қишлоқ фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ойгул Жабборова танлов ғолиблиги ва кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар Китоб туманидаги Гулистон ва Қарши шаҳридаги Оқтепа маҳалласи вакиллари Маҳбуба Рўзиева ва Зиёда Олимовага насиб этди.

Ғолиб ҳамда совриндорларга  диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этди.

Тадбир доирасида маҳаллаларда ишлаб чиқарилаётган миллий ҳунармандлик ва халқ амалий санъати буюмлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo