Опада данғиллама уй, қатор-қатор машина, калондимоғ қайнона, олифта эр.
Сингилда пахса уй, нураётган девор, содда қайнона, меҳнатдан боши чиқмаган эр.
Унисининг қадами ўлчовли, сўровли, терговли. Ўз уйида бегона.
Бунисида борини баҳам кўришган, уйим-жойим деб туришган. Яримта нон - роҳатижон.
Қизиқ...
Кичик қиз опасига ҳавас қилади...
Опа эса синглисига...
ТАҚДИМОТ
У ўзига Мухлис деган тахаллус қўйиб, шу пайтгача ёзганларини тўплаб китоб чиқарди. Китобининг отини овоза қилиш учун тақдимот ўтказадиган бўлди ва тадбирга устоз шоирни ҳам чорлади.
“Бормасам хафа бўлади, борсам сўз беришади, ёзганлари шеър эмас-ку, нима дейман?”, ўйловга қолди устоз ва... йўлини топди.
У тақдимотда Мухлиснинг шеърлари ҳақида эмас, Адабиёт ҳақида гапирди...
ВАФО
Ҳакима опа эридан тул қолганида эндигина 22 баҳорни қаршилаган эди. Ногоҳ оёқ остидан чиққан фалокат уни бахтидан, икки боласини отасидан маҳрум қилди. Аёл ранж чекди, алам чекди. Лекин оҳ-фарёд билан иш битмаслигини билди, эрининг суратини каттайтириб, уй тўрига илиб қўйди, гуллар билан ўради. Унга бўлган садоқатини амалда кўрсатди. Болаларини отасизлигини сездирмай ўстирди, бировдан кам қилмади.
Кези келганда ғамхўрлик қилди, кези келганда қаттиққўллик. Улар одамлар ҳурмат қиладиган кишилар бўлиб етишди.
Ҳакима опа ягона ўғлидан жудо бўлиб, қартайиб қолган қайнонаси атрофида парвона бўлди. Қўлидан келган яхшиликни аямади. Ёш боладай бўлиб қолган қариянинг барча инжиқликларини кўтарди.
Бугун Ҳакима ая буви, кўплаб набиралари бор. Хонадони болаларнинг шовқинига тўлган. У болакайларни эркалайди, ачомлайди-ю, хаёлга чўмади. Шундай ширин набираларни бағрига босмай кетган турмуш ўртоғини эслайди, у ҳақда набираларига сўзлаб беради.
Уй тўрида ҳамон эрининг сурати осиғлиқ турибди.
МУҲАББАТ
Улар бир-бирларини кўрмай, билмай тақдир тақозосию ота-она ризолиги билан турмуш қуришди. Жуда яхши яшашди. Ҳаётлари тинч ва осуда бўлди. Баъзан тортишиб қолишса-да, зум ўтмай эсдан чиқаришди. Бировдан кўп, бировдан кам бўлишмади. Борига шукур қилишди. Болаларнинг дунёга келиши ришталарни мустаҳкам этди.
Иттифоқо эрнинг янада яхшироқ яшагиси келиб қолди. Оиласини янада бахтиёр кўргиси келди. Ишга отланди. Узоқроқ жойга. Аёли термулиб қолди. Болалари соғиниб қолди...
Қизиқ, телефон аёлнинг овунчоғига айланди. Ошхонага кирса ҳам, қўшниникига ўтса ҳам қўлида телефон. “Дадаси қўнғироқ қилиб қолишлари мумкин”,– дейди ҳар икки гапнинг бирида.
Эри қўнғироқ қилиб қолган пайтлар юзлари яшнаб, қизариб кетади. “Қўнғироқ қилдилар,– дейди қувончини ким биландир баҳам кўргиси келиб. – Соғ-саломат ишлаётган эканлар. Ноябрда қайтаман, дедилар”.
Кейин оҳиста қўшиб қўяди:
“Қачон ноябрь келаркин?”
Эри қўнғироқ қилавермаса аёл фаромуш аҳволда бир нарсага термулиб, хаёлга чўмиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолади.
Аёлни кузатиб турарканман, хаёлимдан бир ўй кечди:
“Муҳаббат деганлари шу эмасмикин?”
Лола ЎРОҚОВА