Жорий йилнинг 15 августида ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеолавҳада баён қилинишича, Деҳқонобод туманида профилактика инспектори ва у бошчилигида чақирув манзилига келган гуруҳ номақбул хатти-ҳаракатлари сабаб бир оиланинг устуни вафот этган.
"Дарё" нашри ана шу лавҳа юзасидан ўтказган журналистик суриштирув ортидан эълон қилган материалда келтирилишича, орган ходимлари калтагидан ўлгани иддао қилинаётган фуқаро - тумандаги Истиқлол маҳалласида яшовчи 53 ёшли Тўрақул Каримов шу йил 10 август куни тахминан соат 01:00 ларда вафот этган.
Марҳумнинг қизи томонидан баён қилинган воқеа тафсилотига кўра, 2020 йил 31 июль куни соат 19:00 да поччаси уларнинг хонадонига келиб, дадаси билан бирга байрам нишонлашган. Спиртли ичимлик истеъмоли ҳам бўлган даврада тун ярмига қараб оғган паллаларда меҳмон қайтишни ихтиёр этиши ортидан уй соҳибининг "анчадан бери келмагандинг, яхши ўтирибмиз, кетма", деган илтифоти билан мулоқотда овозлар баландлаган. Шундан хавотири ортган қиз телефон қилиб профилактика инспектори Мухтор Қурбоновни чақирган. Бироз ўтгач, хонадонга кириб келган орган ходимлари эса ўзлари билан кетишни истамаган Тўрақул Каримовни калтаклагани айтилади.
Шу куни "Тез ёрдам"га мурожаат қилган марҳумга бир қанча биринчи ёрдам муолажалари қилинади, эртаси куни эса ўтказилган тиббий текширувлар унда тўққизинчи қовурғада ёпиқ синиш, чапдан пневмоторакс тери ости эмфиземаси, яъни тери ости ҳаво йиғилиши борлигини кўрсатган.
Нашрнинг Деҳқонобод тумани прокурори Лазиз Ҳамраевга таяниб маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, айни пайтда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Жиноят иши кимга нисбатан очилгани, унинг фигурантлари ҳақида маълумот келтирилмаган.