Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

14.08.2020


ҚОШ ҚЎЯМИЗ ДЕБ КЎЗ ЧИҚАРМАЯПМИЗМИ?

Бугуннинг гапи

Вилоятда деярли тартибга солиб бўлмайдиган жабҳа - транспорт соҳаси эканини карантин чекловлари исботлаб берди. Мисол учун, соҳада қўл урилган охирги ўзгаришларни олайлик.

Биласиз, вилоят марказида қатнашга 500 та сариқ таксига рухсат берилган (шундай бўлса-да, махсус стикерни "ясаб" қатнаганлар ҳам кўп бўлди), йўловчи чиқадиган олд эшикка қулф урилиб, орқа ўриндиққа икки киши миндирилишига аҳд қилинганди. Аввало, савол туғилади: хўш, нега айнан 500 та такси танланди, агар 600 ёки ундан кўпроқ бўлса, нима ўзгарарди? Қолаверса, ўша сараланган таксилар кимларга тегишли ва қайси хизматлари эвазига уларга алоҳида имтиёз туҳфа этилди?

Буниси майли, Республика махсус комиссияси қарори билан 15 августдан жамоат транспортларига ва қолган турфа рангдаги транспорт воситалари эркин ҳаракатланишига рухсат берилди. Демак, ҳаракат ва йўлкира нархи анча тартибга кириб қолишидан умид бор.

Аммо шу вақтгача юлғичлик қил(аёт)ган ноқонуний таксистлар масаласи очиқ қолаверадими? Уларга ким чора кўради? Йўловчи ташишга ваколати йўқлиги, транспорт воситаси бирор марта дезинфекция қилинмагани камдай йўлкирани      2-3 баравар ошириб юборганлар шулар-ку.

"Сариқ"ларни-ку тушуниш мумкиндир, 4 йўловчи ўрнига 2 та олгандан кейин йўлкирани кўтаришга мажбур бўлгандир, аммо ҳеч қандай харажат қилмай, яна 4 йўловчи олиб туриб (индамасанг, бешинчи одамниям ўтирғизиб олишга шашти бор шоввозларнинг), юлғичлик қилаётганларни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Айтишларича, шундайлар кунига 400-500 минг сўмдан топаяпти (одамлар норози бўлиши, ҳалол-ҳаром деган тушунчалар ёт бўлса керакки, талончиликдан зиғирча хижолат тортишмаяпти). Демак, карантин қанча узоқ давом этса, шунча яхши уларга.

- Биргина 11 август кунининг ўзида йўлкирани ошириш билан боғлиқ 16 та ҳолат аниқланди, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Шерзод Норбобоев. - Лекин бу умумий ҳолатдан келиб чиқилса жуда кам. Йўловчилар ҳам айрим ҳолларда ноқонуний таксистларга ёрдам беришаяпти. Масалан, ноқонуний ҳайдовчи машинасига 4 одамни ўтирғизади-да, тўхтатсак, булар қариндошларим,  деб тураверади. Йўловчилар ҳам буни инкор этишмайди. Агар шундай пайти улар "такси"га чиққани, қиммат йўлкира олинаётганини айтишса, чора кўрсак бўлади. Яна бир тоифа ҳайдовчилар борки, одам кўчада турган экан, раҳмим келиб олдим, деган жавобни беради. Йўловчидан сўрасак, Бешкентгача 15 минг сўм олибди. "Раҳми келган" одам 2-3 минг сўмлик йўлга 15 минг олмайди-ку. Мана энди, карантин чекловлари юмшатилиши билан автобуслар қатновга чиқарилади, ҳаракат анча тартибга кириб қолади. Йўлкирани оширишга йўл қўймаслик  бўйича тадбирларни давом эттириб борамиз.

Аслида бу борада ҳамма гап ҳайдовчиларга, уларнинг инсофига бориб тақалади. Талончилик қилишаяптими, демак, бунга шароит бор. Аслида ҳам маҳаллий махсус комиссиямизнинг хурмача қарорлари турли сарсонгарчиликлар, йўлкира оширилиши, кимларнингдир осон ва мўмай пул топишига йўл очиб берганидан кўз юмиб бўлмайди. Чунки улар кўчага чиқиб, рухсат этган 500 та таксиларидан бир неча карра кўп машина одам ташиётганини кўрганларида қамровни кенгроқ олган бўлишарди. Аксинча, тор ўйлашди ва тор доирадаги машиналарга йўлни очиб беришди. Жабрини эса одамлар кўрди, кўраяпти.

Ўйлаймизки, жонажон комиссиямиз бундан кейин бирор қарорга келишда етти ўлчаб бир кесади, олғирларга эмас, одамларга шароит яратиб беради...

НАСРИДДИН

Report typo