Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўткир ҒУЗАРОВ

04.01.2017


«ОВЧИ»НИНГ ТУЗОFИ

Бугунги дунёда тобора авж олиб бораётган турли зарарли диний-экстремистик гуруҳларнинг иш услубини ҳам овчининг ҳийласига ўхшатиш мумкин. Ҳар қандай диний  мутаассиб оқим ўз "ўлжа"сининг ҳаётий муҳим эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўз таълимотини жозибадор қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Одамларнинг бундай оқимлар таъсирига тушиб қолиши одатдаги ахборот доирасидан ташқарига чиқадиган турли шов-шувларга ортиқча эътибори  билан ҳам белгиланади. Бундай эътиборни бугунги кунда кенг тарқалаётган ғайритабиий ҳодиса ва жараёнларнинг ҳақиқатан ҳам мавжудлиги ҳақидаги ахборотлар озиқлантириб туради. Турли ахборот манбаларининг доимий таъсири остида бўлган бир  пайтда инсон ғайриилмий, сохта диний ғояларни қабул қилишга мойил бўлиб қолади. Қуйида диний-экстремистик гуруҳларнинг одамларни ўзига жалб қилиш, ўз сафига қўшиш йўллари ва усулларидан айримларини кўриб чиқамиз.

Шундай усуллардан бири - "оз-оздан" технологиясидир. Бунда фақат биргаликда намозга бориш, дам олиш кунларини бирга ўтказиш,  ижтимоий тармоқлар орқали мулоқотда бўлиб туриш каби кичик илтимослар билан ёлланаётган шахсни ўз мақсадига жиддий ён босишга мажбур қилиш йўлидан борилади. Бир марталик илтимос бажарилгач, кейинги "ўтинч" ҳавола этилади ва сиз бу гал ҳам йўқ демасдан, айтилганни адо этасиз. Бу эса аста-секинлик билан руҳиятингизда таъсир ўтказаётган шахсга нисбатан қарамликни келтириб чиқаради.

Кейинги усул - "доимий мия ювиш" воситасида тўданинг ғояларини амалга ошириш ёлланаётган кишининг шахсий қийинчиликлари ва жамиятдаги муаммоларни ҳал этишнинг энг мақбул йўли, деган қараш тинмай уқтириб борилади. Бора-бора бундай "дарс"ни миясига сингдириб борган киши мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилади.

Сўнгра "гуруҳий таъсир этиш" услуби қўлланади. Бунда жамоанинг барча аъзолари янги аъзони турли томондан ягона ғояга йўналтирилган фикрлар билан "кўмиб" ташлайди. Албатта, табиатан инсон кўпчилик  маъқуллаб турган фикрни беихтиёр ўзига сингдиришга мойил бўлади. "Шунча одам таъкидлаб, маъқуллаяптими, демак, рост",  деган ўйга боради.

Айни пайтда, ёлланаётган шахсга бетиним янгидан-янги маълумотлар бериш ва унинг ўз фикри билан ёлғиз қолишига йўл қўймаслик орқали унда эътироз билдириш ёки баҳслашишга имкон қолдирмасликка ҳаракат қилинади ва бир пайтнинг ўзида унга фақат ширин гапирилиб, у ҳақда ғамхўрлик, аксарият ҳолларда моддий ёрдам ҳам кўрсатилади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу масалада "ўзимни назорат қила оламан ва хоҳлаган вақтимда жамоадан четлаша оламан", деган хаёлдан узоқ бўлиш лозим. Чунки кўпчилик мутаассиб оқимлар янги тарафдорларни ёллашда  руҳий таъсирнинг юқоридаги каби усулларидан фаол фойдаланади ва унга ортга қайтиш учун деярли имкон қолдирмайди.

Диний экстремистик ҳаракатга аралашиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш керак?

Фараз қилайлик, юқоридаги каби ҳолатларда номаълум ёки яхши таниш бўлмаган шахс сизга мурожаат қилди. У суҳбат бошида ислом асосларини ўрганишга қаратилган ҳаракатларга рағбат бериб, асл мусулмоннинг бурч ва жавобгарлиги каби мавзуларда сўз юритади. Сўнг билвосита саволлар билан сизга тааллуқли маълумотлар, хусусан, диний ва сиёсий қарашларингиз билан қизиқади. Суҳбат охирида эса ўзининг исломга қизиқиши беҳад экани ва яқин биродарлари билан диний билимларини пухта эгаллаётганини айтиб, сизга ҳам шуни таклиф этади. Таъкидлаш жоизки, бундай суҳбатлар бир марталик мулоқотда бўлиши ёки бир неча учрашувга чўзилиши мумкин. Кишининг қандай жамоага жалб қилинаётгани ҳақида тўла маълумотга эга бўлишга интилиши келажакда ўзи ва оиласини жиддий кўнгилсизликлардан сақлайди. Масалан, "Исломга доир билимларни кимдан ва қайси асарлар орқали чуқур ва мукаммал ўрганиш мумкин?" деган саволга бояги "суҳбатдош" умумий жавоб қилса, яъни "Қуръони карим ва ҳадислардан", дейиш билан чегараланса, ундан кенгроқ жавоб олишга ҳаракат қилиш зарур. Агар суҳбатдош анъанавий, расмий усулларни рад этса ёки уларнинг саёзлигини таъкидласа ёхуд нашриёт ва унинг манзили кўрсатилмаган норасмий адабиётларни тилга олса ёки норасмий  шахсларнинг ислом дунёсидаги ўрни ҳақида ижобий сўзласа, унинг мутаассиб ғоялар тарафдори эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ҳамма вақт ҳам диний мутассиб оқим аъзолари илк суҳбатданоқ норасмий адабиётлар ва шахслар ҳақида батафсил сўзламайди. Улар ўз ғояларига жалб қилиш мақсадида расман тан олинган диний адабиётлар орқали сабоқ олишни тавсия этиши ҳамда бошланғич илмларни ўрганишга таклиф қилиши мумкин. Буларнинг бари қанчалик жозибали ва тўғри бўлиб кўринмасин, диний маълумоти ва аниқ мақсадини билмаган одамдан диний билимларни ўрганишга ҳаракат қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, ҳар бир киши қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиши зарур:

- мустақил фикрга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлиш;

- соғлом ҳаёт тарзига амал қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур ўрганиш ва уларга риоя этиш;

- турли диний оқим ва йўналишлар таъсири ҳамда ақидасига қарши ўзида иммунитет ҳосил қилиш, бунинг учун мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиш;

- ўзи яхши билмайдиган, шубҳали шахслар билан мулоқот қилмаслик;

- интернет тизимида диний экстремизм, терроризм ва миссионерликни тарғиб қиладиган сайт ҳамда ижтимоий тармоқларга кирмаслик.

Улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг: "Дўстлар фикридан ва душманлар макридин бепарволиғ жоиз эрмас ва бу иш надоматдин ўзга натижа бермас",   деган сўзларида катта маъно мужассам. Шу каби ҳикматлар, ақл ва огоҳликдан сув ичган дунёқараш ҳеч қачон ўз эгасига панд бермайди.

Ўткир ҒУЗАРОВ,

Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом  билим юрти  мудири

Report typo