Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз бизнесини йўлга қўяётган, даромадларини ошириш билан бир қаторда, қўшимча иш ўринлари яратаётган, элга, юртга нафи тегаётган ишбилармонлар сони ошиб бормоқда. Шаҳрисабзлик Қувондиқ Бобоев ҳам ана шундай тадбиркорлардан. У "Муҳаммадиева Нозима" хусусий корхонасини ташкил этиб, тўлиқ ўз маблағи ҳисобидан парфюмерия ва ювиш воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қуйди. Тадбиркор ташаббусининг муваффақиятли рўёби натижасида 10 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
- Ҳозирги кунда асосан маҳаллий харидорлар билан ишлаяпмиз, - дейди Қувондиқ Бобоев. - Секин-аста маҳсулотларимиз бозорда ўз ўрнини топиб бораётгани самарасида фаолиятимизни янада кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш имкони туғилмоқда. Айни вақтда бир неча турдаги шампун, ювиш воситалари ишлаб чиқараётган бўлсак, тез орада бунинг ёнига хўжалик совунини ҳам қўшмоқчимиз. Бундан ташқари, маҳсулотимизни экспортга чиқариш устида ҳам иш олиб бораяпмиз.
Таъкидлаш жоиз, бугунги бозор шароитида маҳсулот таннархини арзонлаштириш баробарида унинг рақобатбардошлигини сақлаб қолиш давр талабидир. Бунда ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва шу билан бир қаторда маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур корхона раҳбари ҳам шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратган. Шу мақсадда келгусида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш ва корхонага қўшимча технологиялар келтириш кўзда тутилган.
Ж.БОЙМУРОДОВ
***
Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.