Ҳақиқат таққосларда кўринади
Хабарингиз бор, шу йилнинг 13 ноябрь куни вилоят ҳокимлигида Президент бошчилигида ўтказилган йиғилишда Қашқадарёга оид муҳим рақамлар келтирилди. Гап таълим мавзусида бораркан, вилоятда 88 та мактабда навбат (смена) коэффициенти 2 дан юқори экани, 40 та мактаб филиали пахсадан қурилгани, вилоят олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича республикада 13-ўринда экани, мактабларда 10 мингдан ортиқ ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар дарс бераётгани, бу йил 191 та мактабнинг бирорта ҳам битирувчиси олий ўқув юртларига кира олмагани каби маълумотлар айтилди.
Бу ерда эътиборимизни бир жиҳат тортди. Ўтган ойда худди шу ерда вилоят ҳокими бошчилигида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган топшириқлар ижроси ҳамда пандемия шароитида умумтаълим мактабларида ўқув жараёнини ташкил этиш ва юзага келаётган муаммолар бўйича йиғилишлар ўтказилган, ўшанда Қашқадарёдаги мавжуд 1157 та мактабдан 75 тасининг битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга киролмагани хусусида ёмон натижа сифатида таъкидланган эди.
Воажаб. Ўтган ойда 75 мактабнинг ўқувчиси ўқишга киролмаган бўлса, бир ой ўтиб, бундай мактаблар сони 191 тага етибди. Аслида бунинг тескариси бўлиши, қайсидир мактабларнинг лоақал чет эл олий таълим ташкилотларига ўқишга топширган ўқувчилари натижалари чиқиб, ўша мактаблар паст кўрсаткичдан қутулиши керак эмасмиди?
Албатта, биз мутасаддилар Президентга ёлғон маълумот тақдим этмаганига ишонамиз. Шундай экан, улар ўтган ойда вилоят аҳлини, кенг жамоатчиликни алдаган бўлиб чиқаяпти...