Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

10.04.2017


“РАИЯТ АҲВОЛИДАН ОГОҲ БЎЛДИМ...”

Дарҳақиқат, бу сиймо туркий халқларнинг ғурур-ифтихорига айланган. Ўзбеклар эса буюк Соҳибқирон авлодидан эканлиги билан чексиз фахрланади. Мўғул истибдодидан элини халос қилиб, улкан салтанат тузган, умр бўйи эл-улус дарди билан яшаган, мамлакати чегараларини мустаҳкам сақлаш, юртини ташқи душманлардан ҳимоя қилишга интилган, туркийлар номини шарафу шон-шавкат билан баланд тутган Амир Темур одил ҳукмдор, адолатли тождор сифатида ном қолдирди. Авлодларига ҳам шуни васият қилди. Саркарданинг муносиб издошлари бўлган кўпгина темурийзодалар унинг тузукларига амал қилиб, халқимиз тарихида ўчмас из қолдирдилар.

“Темур тузуклари” – Соҳибқирон ҳаёти, фаолияти ҳақида бизга ҳикоя қилувчи нодир манба. Қолаверса, буюк бобокалонимиз ҳаёти, салтанати  ҳақида яна бошқа кўплаб тарихий асарларда ҳам қимматли маълумотлар келтириладики, улар бизга Амир Темурнинг халқ дарди билан яшаган, раият ҳолидан мудом огоҳ бўлган давлатпаноҳ бўлганидан далолат беради. “Куч - адолатдадир” шиори билан сиёсат юритган Соҳибқирон ҳамиша ҳар ишда ҳақиқат мезонига таяниб иш кўрган. Айниқса, оддий халқ, фуқаро ундан рози бўлишига, ҳаётидан мамнун яшашини таъминлашга уринган. Давлат ишларида оқилу доно, маърифатпарвар кишилар маслаҳатига таянган. Мамлакат аҳолисининг аҳволидан доимо хабардор бўлган, оддий одамларнинг кўнглини олишга тиришган. “Темур тузуклари”да ўқиймиз:

“Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим...”

Амир Темур бу қоидага ўзи бирдек амал қилгани ҳолда қўл остидаги масъул шахслардан ҳам шуни талаб этган.  Айниқса, ҳукмдорнинг ўнг қўли, энг ишонгани саналган вазирларга қўйган талаби қатъий эди.

Яъни “Вазирлар ушбу тўрт сифатга эга бўлган кишилардан бўлишлари лозим: биринчиси — асиллик, тоза насллилик; иккинчиси — ақл-фаросатлилик, учинчиси — сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалада бўлиш; тўртинчиси — сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик. Кимки шу тўрт сифатга эга бўлса, ундай одамни вазирлик мартабасига лойиқ киши деб билсинлар. Уни вазир ёки маслаҳатчи этиб тайинласинлар. Бундай вазирга тўрт имтиёз: ишонч, эътибор, ихтиёр ва иқтидор берилсин...”

Соҳибқирон даври ҳақида тарихий манбаларда келтирилган кўпгина маълумотлар унинг ҳамиша оддий халқ билан мулоқотда, улус аҳволидан хабардор бўлиб турганидан далолат беради. Жумладан, араб тарихчиси Ибн Арабшоҳ Темур замонида халқ оммаси Соҳибқирон амри билан ўтказилган барча катта байрам ва зиёфатларда иштирок этганини қайд этади. Темур саройларидаги катта боғларга Самарқанд аҳолиси бемалол киравергани, ҳукмдор   оиласидаги катта байрамлар шарафига Самарқанд халқи ҳар хил тўловлардан озод қилингани ҳам Ибн Арабшоҳ асарида келтирилган. Буюк тахт соҳиби ўз тузукларида таъкидлагани каби адолат ва инсоф билан иш тутиш лозимлигини уқтирган, раиятпарварликни ёқлаган. Айниқса, ҳар бир фатҳ этилган ўлка ё шаҳар аҳолисини ўзига қаратишда кўрган тадбири ҳақида “Темур тузуклари”да шундай дейилади:

“Ҳар бир ўлка ва шаҳар аҳолисининг ашроф-улуғлари ва бузруклари билан ошна тутиндим. Уларнинг мижозларига, табиатига тўғри келган, ўзлари тилаган одамларини уларга ҳоким қилиб тайинладим...”

Бу усул эса ўша юртда тинчлик-хотиржамлик ҳукм суришини, одамлар салтанатдан рози бўлишини таъминлаган. Юқорида айтилгани каби Амир Темур ўз қўл остидаги масъул шахслардан доимо адолатли бўлишни, оддий фуқарога нисбатан меҳрли ва инсофли бўлишни талаб қилган. Бу талабга хилоф иш тутган мансабдорлар эса жазоланган. “Ҳокимлар, сипоҳ ва раиятдан қайси бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим”, дейилади “Тузуклар”да.

Ҳукмдор – халқ учун адолат тимсоли бўлмоғи лозим. Зеро, одамлар ҳамма вақт ўз бошчисидан адолат кутган, унга ишонган. Буни яхши англаган Амир  Темур халқ, эл-улус кўнглини олмоққа тиришган, ҳар ишда холис ва адолат  билан ҳукм чиқаришга интилган:

“Адолат ва инсоф билан Тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм қилиб, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим...”

Ёки яна бир ўринда қуйидаги сўзларни ўқиймиз:

“Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим. Золимлар етказган ашёвий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин, уларни шариатга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм ўтказмадим...”

Албатта, бу каби тадбирлар Темур салтанатининг шариатпаноҳу адолатпеша салтанат сифатида ном таратишига боис бўлгани шубҳасиз. Фуқаронинг арзини тинглаш ва унга кўмак бериш Соҳибқирон даврида алоҳида эътибордаги масала ҳисобланиб, давлат томонидан бунинг учун лозим чора-тадбирлар кўрилган. “Сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилсин. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналарни етказиб бериб, унга ёрдам берилсин”, дейилади “Темур тузуклари”да. Соҳибқирон бу ишларни қилиниши шарт бўлган, юрт эгаси зиммасида турган муқаддас вазифа деб билган. У давлатдорлик юзасидан ўзи амал қилган қоидаларни салтанат мустаҳкамлигини таъминловчи омил деб билган. Бу “Тузуклар”да шундай изоҳланади:

“Давлат агар дину ойин асосида қурилмас экан, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшарким, уни кўрган ҳар кимса, назарини олиб қочади. Ёхуд касу нокас тап тортмай кириб чиқадиган томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди...”

Хуллас, миллатимиз машъали раиятпарвар, элпарвар ҳукмдор, халқ дарди, эл манфаатини ҳар нарсадан устун деб билган. Фарзанду набираларига ҳам шуни уқтирган, адолат ва инсоф билан иш тутишга, оддий халқ дарди-ташвишини ҳис қилиб яшашга даъват қилганки, унинг бу қарашлари ҳамиша авлодлар учун ибрат, намуна бўлиб қолаверади.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Report typo