- Маълумки, рўзанинг луғавий маъноси “мутлақ ўзини тийиш” бўлиб, шариатда балоғат ёшига етган кишининг Аллоҳ таоло розилигини топиш умидида саҳардан то қуёш ботгунча ейиш, ичиш ва эр-хотинлик муносабатларидан тийилишига айтилади. Унинг фарз, ихтиёрий нафл, каффорат, назр, қурбонлик ўрнига тутиладиган рўза каби бир неча турлари мавжуд.
Рамазон рўзаси эса Қуръон ва ҳадис орқали мусулмонларга фарз бўлган амаллардандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 183-оятида шундай баён қилади: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди. Шояд у сабабли тақволи бўлсангиз”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Кимки Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар.
Маълумки, ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ ҳеч бир жонга (унинг) тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди...”, дейди (“Бақара”, 286). Унинг марҳамати ва ҳикмати билан бу ибодат ҳам қудрати етган кишиларгагина фарз қилинди. Агар бир киши касалманд бўлса ёки тузалишининг кечикишидан қўрқса ёки сафарда бўлса, ҳомиладор бўлса ёки эмизикли аёл гўдагига зиён етишидан хавотирда бўлса, бир киши табаррук ёшга етган бўлиб, ҳолдан тойса ва рўза тутишга қурби етмаса, бундай кишилар рўза тутмасликлари жоиз. Улар рўза тутишга моне бўлган сабаблар кетганидан сўнг, қолдирган кунларининг қазосини тутадилар. Табаррук ёшдаги отахон ва онахонларимиз рўза тута олмасалар ҳар кунги рўза учун бир мискин таоми миқдорида фидя берадилар.
Барча ибодатлар каби рўзанинг ҳам ўзига яраша шарт-шароитлари, мустаҳаб ва макруҳлари бор. Жумладан, саҳарликни таъхир қилиш (тонг отишига тақаб тўхтатиш), ифторликни эса аксинча тез (яъни, қуёш ботиши билан) қилиш мустаҳабдир. Рўзадор фақат оч-ташна қолиши билан Аллоҳ таолога тақво қилган бўлмайди, балки барча ишда ўта ҳушёр, бошқалар билан муомалада мулойим бўлиши, ўз нафсига ҳокимлик қилиши лозим. Шунингдек, кам таъминланган оилалар, етим-есирлар, беморларга ўзининг қалб қўри, меҳр тафти ила ғамхўрлик кўрсатиши даркор.
Рўзанинг мукаммал бўлиши учун ёлғон сўзлаш, иғво ва бўҳтон қилиш, нолойиқ сўзлар билан ўзгалар дилини оғритиш каби иллатлардан киши ўзини сақлаши лозим. Бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Қайси бир рўзадор ёлғон гапириш ва унга амал қилиш каби гуноҳларини тарк этмаса, ундай кишининг фақат еб-ичишини тарк этиб юришига Аллоҳ муҳтож эмас”, деб марҳамат қиладилар.
Рамазони шариф тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга, бу ойда гуноҳлар мағфират этилиб, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топади, қилинган хайрли ишлар савоби бир неча бор зиёда бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, фақатгина шу бир ой эмас, балки йилнинг қолган ҳамма ойларида ҳам рўза бўлишини орзу қилган бўлар эдилар”, деб марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадисда айтадиларки: “Рамазон ойининг биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги дўзахдан паноҳ топиш кунларидир”.
Бу мағфират ойида меҳр-мурувват, саховат, олиҳимматлик кўпроқ қилинади, гина-кудуратли инсонлар ҳам бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар. Биламизки, кечиримли ва меҳр-шафқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Ойларнинг султони бўлган Рамазон ойи - эҳсон ойи, Қуръон ойи, дуолар ижобат бўладиган, даража ва мартабалар юқори бўладиган ойдир.
Аллоҳ таоло ўзининг каломида эҳсон қилиш фазилатларини ҳам жуда кўп зикр қилган. Жумладан, “Бақара” сурасининг 274-оятида “Мол (бойликларини) кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлар муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар”.
Шунга мувофиқ ўтказиладиган ифторликни оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда, унинг ҳоли-қудратидан келиб чиқиб, ниҳоят даражада иқтисод ва тежамкорлик билан ўтказиш шариатимиз руҳига мос тушади. Албатта, бунда жойлардаги имом-хатиблар, маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари ила бамаслаҳат иш қилингани маъқул.
Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, эҳсонни фақат зиёфат кўринишида эмас, балки ўша зиёфатга кетадиган маблағни муҳтож оилаларга, меҳрибонлик ва қариялар уйига, ободонлаштириш ишларига, ёшларнинг илм ва ҳунар олишлари учун сарф қилинса, мақсадга мувофиқ бўлур.
Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирлар юртимизда ҳар йили кўтаринкилик, ҳамжиҳатлик билан ўтказилади. Ҳайит намозлари тинчлик-осойишталикда, ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликда адо этилади. Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш, муносиб тартибда ўтказиш мақсадида тегишли ташкилот ва идоралар, маҳалла фаоллари жалб қилинади.
Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 майдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш ҳақида сўз юритилгани эътиборга моликдир.
Яратган Парвардигордан муборак ойда юртимизга абадий тинчлик, осойишталик тилаб, мустақиллигимиз пойдеворини янада мустаҳкам қилсин, деб дуо қилиб қоламиз.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.