Биласиз, қишлоқда яшовчиларнинг кўпчилиги рўзғорнинг камига ярайди, деб мол боқади. Сут-қатиғу қаймоғи – бола-чақанинг ризқи. Қолаверса, вақти келиб бош сони ортса, уни сотиб, жамланган маблағ эвазига тўй қилиш, уй-жойни таъмирлаш, маиший жиҳозлар олиш ва ҳоказо режаларни рўёбга чиқариш мумкин.
Қамаши туманидаги Қорабоғ қишлоғида яшовчи Д.Х. ҳам ҳамма қатори мол парваришлаб юрарди. Бир неча кун олдин эрталаб молхонага кириб, не кўз билан кўрсинки, 2 бош сигир жойида йўқ. Ўзининг тусмолича, бу сигирларни бозорда 12 миллион сўмга кўтарарди. Албатта, бу ҳазилакам пул эмас, қолаверса, йўқолибди, деб жим қараб туриб ҳам бўлмайди.
Темирни иссиғида босиш, жиноят излари йўқолиб кетмаслиги истагида жорий йилнинг 9 декабрь куни туман ички ишлар идорасига мурожаат қилди. ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни шу қишлоқда яшовчи Қ.У. содир этганлиги аниқланиб, ундан 2 бош сигир далилий ашё сифатида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Инсонни ўғриликка ундайдиган сабаблар нима? Кимдир тарки одат амри маҳоллиги, яъни қўли эгриликка мойиллигидан, яна биров бирданига мўмай даромадли бўлиш истагидан бу йўлга киради. Яна кимдир қонунга зид қилмишини бола-чақани боқиш, турмуш қийинчиликлари билан оқлаши мумкин. Нима бўлганда ҳам донолар айтган “Ўғрилик ош баданга юқмас” деган нақл айни ҳақиқат.