Ижтимоий тармоқларда "Ҳисор" давлат қўриқхонаси ҳудудида ноқонуний равишда чорва моллари боқилаётганлиги ҳақида маълумотлар тарқалди.
Мазкур хабарлар юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўз муносабатини билдирди.
"Ҳисор" давлат қўриқхонаси раҳбари Ғ.Янгибоевнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам қўриқланадиган ҳудудда чорва моллари боқилган бўлиб, ҳозирги кунда тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чўпон Э.А. табиатга келтирган зарар учун жаримага тортилган ҳамда қўриқхона назоратчиларига "ҳайфсан" жазоси берилган.
- Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари назорат рейд тадбирлари ўтказди, - дейди қўриқхона раҳбари. - Қўриқхона ходими бўладими, инспектор бўладими, барчамизнинг мақсадимиз, вазифамиз битта, яъни атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда келгуси авлодларга етказишдир.
Мақсад шундай, лекин қўриқхона ҳудудига чорва моллари киритилиши ва боқилишига фақатгина назоратчиларнинг бепарволиги сабаб бўлмагандир?!
Биринчидан, одамлар кўздан пана тутиш мумкин бўлган тўрт-беш молдан иборат сурувни ўтлатиш учун ҳали қори турган чўққиларгача ҳайдаб боришмайди.
Иккинчидан, қўриқхонанинг ўша ҳудудига катта сурувларни пинҳон тарзда тонгда киритиб, шу куни кечга қадар чиқариб кетиш учун ҳайдаб борадиган аҳмоқ чўпон йўқ. Яъниким, бу иш улар учун "невыгодно" ва бундай ҳаракатни тоғли, ягона сўқмоқ орқали юриладиган шароитда бошқалардан, хусусан, қўриқхона ишчиларидан яширин тарзда амалга ошириш имконсиз.
Ана шу тарзда мулоҳаза қилган киши қўриқланадиган ҳудудга "яширин" мол ҳайдаб чиққан чўпон ва буни "кўрмай қолган" қўриқхона инспекторлари жазоланиб, баҳонада қолганлар сувдан қуруқ чиққанига ишора берса, асоси бор деб тан олаверинг!