- Нима учун? - лол бўлади Парвардигор. – Осмон қанчалик менинг даргоҳим бўлса, ер одамзод учун шу қадар маскандир. Мен одамзодга мўл ризқ бердим, у учун ер бағрини ўйиб булоқлар бунёд қилиб қўйдим. Ҳар не истаса ерда бор, айтинг, бандам бунинг қадрига етсин ва ўзим чорламагунимча ерда яшайверсин.
Фаришталар инсонга Парвардигорининг сўзларини етказмоққа ерга тушиб кетадилар. Кунлар ўтиб эса Яратганнинг даргоҳига яна қайтиб келишади. Бу сафар Парвардигорга энди одамзод аввалгидай ялиниб-ёлвормаётганини, аммо осмонда яшашни шу даражада истаётганидан “оҳ” чекиб, назар солгувчининг юрагини ўртар даражада маъюс юрганини айтишади. Бу гапни эшитган Қодири Мутлақ ўйга толади. Бироз туриб шундай дейди:
- Аттанг, мен бандамнинг руҳига ранг-баранг ҳиссиётларни жо қилибману, уларнинг энг гўзали, жамики эзгу туйғуларнинг асоси бўлган Ватан туйғусини сингдирмаган эканман-да…
Айтадиларки, шундан кейин Парвардигор инсон қалбига Ватан туйғусини инъом қилган ва ерда туғилаётган ҳар бир гўдак она заминига нисбатан чексиз муҳаббат билан улғаяр эмиш...
ВАТАН ОСТОНАДАН БОШЛАНАДИ
Ўшанда бешинчи ё олтинчи синфларда ўқир эдим. Қўшни қишлоқдан биз тенги болалар мактабимизга келиб футбол мусобақаси уюштиришни таклиф қилиб қолишди. Хаста эдим, футбол ўйнай олмасдим, аммо қолган дўстларим таклифга рози бўлишди. Хуллас, мен томошабинга айланиб, дўстларим мусобақани бошлашди. Тан олиш керак, қўшни қишлоқнинг болалари биздан кўра бўйдор, югуриш тезликлари ҳам анчайин юқори эди. Мусобақа натижаси биз учун шармандали бўлди: етти-ю ноль…
Қўшни қишлоқ болалари қайтиб кетаётиб, устимиздан роса кулишди, бизни эмас, маҳалламизни мазах қилишди аслида…
Мен ўшанда биринчи марта аниқ-тиниқ ҳис қилдим Ватан туйғуси нима эканлигини. Дўстларим йиғлаётганларини бир-бирига сездирмаслик учун ариқдаги сувга юзларини бот-бот юваётганларида, футболга қўшилолмаганимдан аламим келиб ўзим ҳам “қулт-қулт” ютинганимда, кўзларимни ҳаммадан яширинча енгимга артиб-артиб олаётганимда ҳис қилдим…
Оддий мусобақада ютиб чиққан қўшни қишлоқ болаларининг қувончи ичига сиғмай бир-бирларини осмонга отишиб, кулишиб-ҳайқириб қишлоғига қайтганларини ҳам тушуниш қийин эмас. Ахир кўҳна ҳақиқат шундай: Ватан остонадан бошланади. Ватанга муҳаббат ҳам ўз уйи, ўз маҳалласидан бошланади…
КЎНГИЛ ҚОТИЛИ…
Дунёда айрим тоифа инсонларнинг дуолари ижобатдир, дейдилар. Жумладан, Ватанидан айрилган мусофирларнинг дуолари…
Сабаби, Ватанидан айрилган инсон илдизидан айрилган дарахтдирки, сал эсган шабадада синаман деб туради. Ватанидан айрилган инсон мазлумларнинг мазлумидирки, қувончлари ёлғон, кулгилари сохта, энг бахтиёр дамларида ҳам кўнглининг бир чети кемтиклигича қолади. Ҳар қандай жонзотни Ватанидан айириб кўниктириш мумкин, йўқ, инсонни кўниктириб бўлмайди. Идишга қатра-қатра томиб турган сув бир куни тошиб кетганидай, Ватан соғинчи ҳам йиғилиб-йиғилиб вужудни маҳв этади, хаста айлайди, даво чоралари кўрилмаса, хароб қилади.
Ватандан айролик токи мазлумлик экан, токи оғир бир хасталик экан, бас, кимнингдир бу хасталикка “чалинишига” сабаб бўлган инсон у дунё-ю бу дунё ювилмас гуноҳ эгасидир. У эрк қотили, кўнгил қотили, вужуд қотили!
Ҳа, бундай инсон шаксиз қўли қонга, қалби жаҳолатга ботган қотилдир!
“АМЕРИКАЛИК”
Давлатлараро тузилган шартнома боис тадбиркорлик мақсадида Америка фуқаролари вилоятимизга кириб келишди. Улар билан бирга ранги сап-сариқ, ғалати ари ҳам пайдо бўлди. Биз уни оддийгина қилиб “америкалик” деб атадик. Бир куни энам:
- Болам, америкалик арилар анқовроқми? Уясини турткиласанг, ташлаб қочишади. Эй, ўзимизнинг жайдари ари қурсин, инини бузиб туширсанг ҳам ғуж бўлиб бузилган уясига ёпишгани-ёпишган, жониям кўзига кўринмайди. Вақтида қочиб қолма-чи, нақ балога қоласан-а! - деб қолдилар.
- Эна, биз ўзбекларнинг ариси ҳам юртим деб яшайди-да ахир! - жавоб бердим мен.
Ўшанда биз акамлар билан ушбу ҳазил гапга кулишиб турганимизда энам жиддий тортиб хаёлга чўмган эди. Яна билмадиму, гўё гапимга тарих зарварақларидан мисоллар қидираётгандай эдилар у киши…
Разолат қўллари синган замонда,
Урушлар, жанжаллар тинган замонда,
Одамлар инсофга инган замонда,
Кимлардир гапимни тинглаб кулади…
Лек кўнгил ёмон-да, қурғур ёмон-да,
Ватанга жонимни бергим келади.
Қисмат-да, шоирлар нолиш этади,
Бўзлайди, булбулдек хониш этади,
Баъзида бекорга ёниш этади.
Гўё тоғлар каби мардона юртим,
Менинг бу жонимни болиш этади…
Ватанга жонимни бергим келади.
Дўстларим, Ватанни билганча суйинг,
Шеърларим ўқинг-у, уқмоқни қўйинг,
Лек сиздан ўтинчим, шу рост сўзимни,
Илтимос, илтимос, ҳазилга йўйинг.
Нетайин, ўйларим “олма теради”,
Ватанга жонимни бергим келади…
ХАЁЛДАН ЎТГАНЛАРИ
Ватан шаънига ёмон гап айтиш шунчаки ақлсизлик эмас, тубанликдир. Чунки ўта кетган ақлсизлар ҳам туққан онаси ва вояга етказган отасини бадном қилмайди.
***
Ватанига муҳаббат қўйган киши ҳаётдан муносиб ўрнини топа олади. Чунки ватанпарварлик биринчи галда Аллоҳга манзур сифатлардан бўлса, иккинчидан инсонни улуғ ишлар бажаришга ундаб туради.
***
Инсон ўз Ватанини севмас экан, ҳаётида эришган ҳар қандай муваффақиятининг шукуҳи бўлмайди. Шукуҳсиз муваффақиятнинг кишига кераги борми? Бундай муваффақият муваффақиятми ўзи?.. Мен бу саволга жавоб беришни ҳар бир кишининг ўзига ҳавола қилган бўлардим.
***
Ватаннинг кичкинаси бўлмайди, ҳар кишининг ўз Ватани ўзи учун кенг ва поёнсиз. Бундай поёнсиз сарҳадни митти юрагига жойлай олган киши эса Улкан одамдир.
Байрам АЛИ