Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ХУРШИДА

24.10.2017


СЎЗНИ ИДРОК ЭТИШ ЎЗЛИКНИ АНГЛАШДИР...

Араб, форс тилларини сув қилиб ичиб юборган тадқиқотчилар сўзнинг энг чуқур илдизига етиб аслиятни маҳкам тутиб оладилар. Дунё хатога тўлиб кетганидан жонфиғон бўладилар. Риштон эмас, Рошидон; Бувайда эмас, Биби Убайда; арава эмас, ароба деб ёзиш ва айтишни талаб қиладилар. Уламолар, фузалолар дейиш саводсизлик, инсон ҳуқуқлари эмас, ҳақлари дейиш керак, чунки уламо, фузало, ҳуқуқ олим, фозил, ҳақ сўзларининг кўплиги деб қизишадилар. Айниқса, ахборотлар сўзини эшитсалар борми, сочлари тик бўлади. Ҳақиқатдан ҳам хабарнинг жамъи – ахбор. Ахборотга айланиб яна бир кўплик қўшимчаси ортди. Ахборотлар десак, энди хабар учта -лардан лорсиллаган бўлади.

***

Мен ҳам она тилимизнинг Ҳазрат Навоий замонидаги кўрки, бўй-бастига қараб ҳавас қиламан. Қани эди, буюк шоирнинг сўз бойлиги шу кунда ҳам тўлиғича тасарруфимизда истифода бўлса, дея орзулар қиламан. Не иложки, жамиятнинг ҳам, тилнинг ҳам тараққиёт қонунлари бизнинг ихтиёримизда эмас экан. Оғиздаги тилга хўжайинлик қилишимиз мумкин, лекин жамият ҳодисаси бўлган Тилга ҳукм ўтказиш иложсиз экан.

***

Биз илму ижод аҳли қанча талашиб тортишмайлик, бир фикрда ҳаммамиз якдилмиз: тил ёлғиз мутахассисларнинг мулки, хусусий томорқаси эмас. Уни бойитиш, гўзал қилиш, хас-хашаклардан тозалаб бориш – умумхалқ ишидир.

***

Умр давомида инсон неча қайта ўзгаради. Болаликда бир, йигитликда ўзга, улуғ ёшга етганда яна бошқа қиёфа касб этади. Дунё кезиб баъзан ўз юртига  бошқа одам бўлиб қайтади. Сўзнинг ҳам ўз қисмати, таржимаи ҳоли бўларкан. Гоҳ узоқ-яқин элларда макон тутиб, тамоман бошқа маъно олиб юртга қайтар экан.

***

Тилимизда истак, хоҳишни англатувчи ирода сўзи бор. Бир пиёла сув ичишни ирода қилдим, десак аслида хато бўлмайди. Лекин биз шундай   демаймиз. Чунки бу сўз истак маъносидан ўсиб қалб қудратини, инсон    табиатидаги мустаҳкамлик, қатъиятни англатувчи атамага айланибди. Иродали инсон энди хоҳиш эгаси эмас, балки ўз хоҳишини бошқара олган, керак бўлса, кўнгилнинг ҳою-ҳавасларига қарши тура оладиган инсондир. Сўз асл маъносидан узоқлашмаган ҳолда улғайиб, бўйига бўй, кўркига кўрк қўшилибди.

***

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши.

Бу Мирзо Бобурнинг фарёди. Меҳнат сўзига эътибор беринг. Аслида азоб-уқубатни билдирган бу сўзга замон тамоман терс мазмун бағишлади, бахт-саодат омилига, шон-шараф ишига айлантирди, қонун билан ҳуқуқий мақом берди. Меҳнаткаш энди азоб тортувчи эмас, юксак фазилат эгаси бўлган қадрли инсон.

***

Юртдан кетиб баъзан гадо бахтга ёр бўлур, ғарибликда тахтга ёр ҳам хору зор бўлур, деганларидек мусофирлик Сўзнинг бошига ҳам яхши-ёмон кунларни солар экан. Йигит сўзи Россияга кетиб джигит бўлди, баҳодир – богатырь бўлиб қадр топди. Лекин полвон – болванга, паҳлавон – ахламонга айланиб хор-зор, шармандаи шармисор бўлдилар.

***

Туркиялик бир дўстимиз бор. Ўзбек адабиётининг катта билимдони, тарғиботчиси. Кўп китобларимизни туркчага таржима қилиб нашр эттирган. Исми нима денг? Ёвуз! Ёвуз Оқбинор. Усмонли турк тилида ёвуз сўзи ботир, баҳодир маъносини билдиради. Туркия тарихида Ёвуз исмли султонлар ўтган. Қарангки, бизнинг полвон ва паҳлавон сўзларимизга келган кўргилик қардош тилдан ўтган ёвуз сўзининг ҳам бошига тушибди.

***

Уста таржимонлар кўпинча қардош тиллардан таржима қилишни унча хуш кўрмайдилар, бу ишдан иложи борича қочадилар. Юзаки қарашда осон кўринган бу иш аслида жуда мураккаб экан. Негаки таниш сўзинг сени чалғитиб, уялтириб қўйиши ҳеч гап эмас. Бундай ҳолатга мисол қилиб ўзбек муҳожирларининг бир ажиб саргузаштини ҳикоя қиладилар.

Инқилоб йилларида Туркистондан қувғин бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз Истанбулда паноҳ топган эканлар. Шаҳар волийси уларни ҳузурига чорлаб ҳурмат кўрсатибди, қандай истак-орзулари борлигини сўрабди. Шунда меҳмон ўзбекларнинг улуғи тавозе билан бундай дебди: Илтифотингиз учун ташаккур, жаноб волий, ҳар нарсамиз етарли. Фақат бекормиз, бизга корхона керак.

Бизга бобо бўлган ўша содда ўзбек қаердан билсин-ки, Туркияда бекорнинг маъноси бўйдоқ, корхонанинг маъноси эса ишратхона, исловотхона... Ана кўринг ҳангомани!

***

Осиё – Африка ёзувчилар бирдамлик ҳаракатининг котибияти жойлашган мўъжазгина кабинетда бўлиб ўтган бир суҳбат ҳеч ёдимдан чиқмайди.

– Мен кўп таъна эшитаман, – деганди Чингиз Айтматов ёнида ўтирган  Мустай Каримга, – қирғиз тилида ёзмайсан, деб танқид қилишади. Не қилайки, ўз она тилимда ҳатто ҳақиқат маъносини билдирувчи сўз йўқ. Улуғ ёзувчи шундай деб қўлидаги газетани машҳур шоирга узатди. Газетанинг номи “Фрунзе правдаси” эди.

– Ҳасрат қилма, азизим, – деди  Мустай оға, ўзига хос назокат ва маданият билан, – менинг бошқирд тилим олдида қирғиз тилини улуғ ва қудратли, деса бўлади. Яқинда бир     журналимизда мақола чиқди. Номи шундай: Советлар Россиясинда  крестьянлар положениеси!

***

Ҳа, тилнинг жони бор экан. Бекорга жонли тил деб аталмас экан. Агар тилни хазина десак, у кўмиб қўйилган ё сандиқда сақланадиган хазина эмас, балки ипак қурти каби тирик хазина экан. Ҳозирги замонда кичкина дискеталарга сиғиб кетган юз минг сўзлик луғатлар менга гугурт қутисига жо бўлган сонсиз пилла уруғини эслатади. Хитойдан қадимда бу уруғни ҳасса ичида яширин олиб чиққан сайёҳ ангишвонадек тешикчадан оламга битмас хазина тарқатган эди. Ўша сайёҳ ўзбек бўлганига менда шубҳа йўқ.

***

Тил – хазина. Улкан адибимиз    Пиримқул Қодиров ёзганидек, эл ганжинаси. Ҳечбир инсон, мен тилшунос ёки ёзувчи эмасман, деб ўзни четга олмаслигимиз керак. Бу ганж соҳиблари ҳам, посбонлари ҳам барчамиз.

***

Дарҳақиқат, тилни англаш, Сўзни идрок этиш ўзликни англашнинг узвий қисми ҳисобланади.

***

Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дегандай биз баъзан ўз она тилимиз бойликлари, назокати, ҳусну тароватини теран билиб ҳис этолмаймиз. Оғзимиздан чиққан сўзнинг тагзаминига етмаймиз. Гап кўп, кўмир оз, деб қўямиз-у, нега шундай дейишимизни чуқур ўйлаб ўтирмаймиз. Шундай китоб ёзилишини орзу қиламан. Унинг номи Сўзнинг қисмати бўлса. Она тилимиздаги сўзларнинг узоқ босиб ўтган йўллари, бошдан кечирганлари, зафар ва мағлубиятлари, гоҳ шуҳрат топиб, гоҳ унут бўлишлари, камолу заволлари тасвир этилса… Дунёда бундан қизиқ асар бўлмасди...

ХУРШИДА саралади.

Report typo