Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Муҳаммади ҚОРАЕВ

30.12.2016


САБР - ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТ

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Анфол” сураси 46-оятида шундай марҳамат қилади: “Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”. “Шўро” сураси 43-оятида эса шундай дейилади: “Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир”.

Қудсий ҳадисда “Эй бандаларим, Мен бандаларим ичидан бир мўмин кишини бирон мусибат етказиб имтиҳон қилсам, у менга ҳамд айтиб, менинг имтиҳонимга сабр қилса, у ўша жойидан турганида хато-гуноҳлардан онаси туққан кунидек пок бўлиб туради”, дейилади.  Мусибатга сабр қилиш қийин бўлганидан унга сабр қилувчиларга ана шундай мукофот ваъда қилинаяпти.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси шарифларида сабр эвазига бериладиган мукофотлар ҳақида шундай дейдилар: “Кимки жаҳлу ғазабини тўхтата олса, Аллоҳ таоло унга ажру савоб ато этур. Кимки мусибатларга сабр қилса, Аллоҳ таоло унинг эвазига ажр-мукофот беради”. Бошқа бир ҳадисда эса “Сабрлилик мусибатнинг биринчи дақиқаларида билинади”, дейилади.

Мусибат сабрли одамга бир, сабрсиз одамга икки ҳисса оғир туюлади. Мусибат кўрган кишининг илк сўзи “Аллоҳим, мени собирлилардан (сабр қилувчи) қилгин, мусибатнинг ажрига муваффақ қил”, деган дуо бўлса хайрлидир. Бироқ, афсуски, айрим кишилар мусибат тоши остида эзилиб, тилларидан қандай сўзлар чиқаётганини билмайдилар. Шундай пайтда уларга сабр тиламоғимиз, Имом Ғаззолий ҳазратларининг: “Бало фақат гуноҳ ва куфрдан келади. Мусибатлар асло бало эмас, уларнинг ичида сен билмайдиган яхшиликлар бордир”, деган ҳикматларини эслатиш дурустдир. 

Ҳаёти давомида кишининг боши устида қуёш чарақлаб туриши баробарида турли хил ташвишли булутлар ҳам сузиб ўтади. Кенглик-танглик ҳам, тўқлик-очлик ҳам, ғалаба-мағлубият ҳам, шодлик-мусибат ҳам. Умри фақат шодлигу ғалаба билан ўтган кимсани тарих билмайди. Инсон боласидан машаққат ва мусибат пайтида сабр қилиш, умидсизланмаслик, ўз олдига қўйган мақсади сари сабот  билан ҳаракат қилавериш талаб этилади. Инсон ҳар бир ишни сабр ва матонат ила юритса, мақсадига тинч ва роҳатда туриб етади, ҳамиша саодатда яшайди.

Буюк мутафаккир Абдулла Авлоний айтганидек:

Секин борган киши мақсудга етгай,

Шошиб бесабрлар каж йўлга кетгай.

Агар сабринг бўлса нафсингга йўлдош,

Сани тавфиқ Раббонига элтгай.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

Report typo