Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

10.07.2017


“САФАР ИЛА АМР ЭТИЛДИК!..”

Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги ҳукмдори бўлган Жалолиддин Хоразмшоҳ ёш вақтидаёқ Ғазна ҳамда унинг атрофидаги ҳудудлар ҳокимлигига тайинланди ва  шундан сўнг отаси Алоуддин Муҳаммаднинг барча юришларида қатнашди.

Хоразмшоҳ Алоуддин Маҳмуд бутун Эрон ва Мовароуннаҳрни ўз қаламравига олганди. Шу тарзда Сайҳун дарёсидан Дажла қирғоқларига қадар улкан салтанат барпо қилганди. Бироқ бу даврда Мўғулистонда Чингизхон ҳукмронлик қилаётганди. Ғарбий Турк элидаги энг буюк ҳукмдор эса Алоуддин Маҳмуд эди. Бу турк ҳукмдорининг шуҳратини эшитган Чингизхон Маҳмуд Ялавоч деган элчисини Алоуддин Маҳмуд қошига юборди. Элчи Чингизхоннинг шу сўзларини унга етказди: “Тангри Ғарб тарафдаги ўлкани менга берди. Сени ўғилликка қабул қиламан. Менга тобе бўлсанг, мусулмонлар ҳузур-ҳаловатда яшайдилар”. Бу гапдан ғазабланган Султон Маҳмуд: “Биласанки, менинг ўлкам нақадар кенг, давлатим нақадар қудратли! Сенинг хонинг ким бўлибдики, ўзини мендан катта тутиб, мени “ўғлим” деса?! Унинг қанча ҳам аскари бор ўзи?!” деганида, мўғул элчиси: “Сенинг аскаринг билан уники солиштирилса, худди ой шуъласининг офтоб зиёсига тенглашмоқчи бўлгани кабидир”, дея жавоб берди. 

Ниҳоят, бу икки ҳукмдор орасида бир дўстлик келишуви юзага келтирилди. Аммо Алоуддин Маҳмуднинг сиёсий қарашлари теран эмасди. Айни пайтда у мағрур бир одам эди. Кунларнинг бирида султон Византияга мол келтирган мўғул савдогарларининг молларини талон-торож қилдириб, ўзларини ўлимга буюрди.

Чингизхон савдогарларнинг моллари учун бадал талаб қилиб, султон Маҳмудга уч элчи юборди. Уларнинг бири Буғро исмли турк, қолган иккови эса мўғул эди. Алоуддин Маҳмуд Буғронинг бошини танидан жудо қилдириб, мўғулларни таҳқирлади ва бу иши билан ҳад-чегарадан чиқди. Бундан хабар топган Чингизхон 1219 йилда катта қўшин билан Мовароуннаҳрга юриш бошлади. Унинг бостириб келаётганини билган туркийлар дарҳол Самарқанд шаҳри мудофаасини кучайтирдилар. Ёш қаҳрамон Жалолиддин Хоразмшоҳ отлиқ жангчилардан иборат бир қўшинга бошчилик қилди. Отаси урушга киришни истамаётганида, у “Жангчилар ўз ҳукмдорини бошида кўришни истайдилар”, дея уни ҳам қўшинга олди.

Мўғул қўшини тепасида Чингизхоннинг катта ўғли Жўжи турарди. Бу қўшин Хоразмшоҳ турклари устига шиддатли ҳужум бошлади. Бу шиддат қаршисида Хоразмшоҳ лашкари ваҳимага тушиб қолди. Бироқ Жалолиддин Хоразмшоҳ  мўғуллар устига қилич яланғочлаб, шундай ташландики, бу дафъа мўғуллар чекиндилар.

Тун чўккач, жанг тўхтади. Аммо Жўжихон бекор турмади. Тун ярмида жанг бўлган даладаги қуриган ўт-ўланларга олов бериб, атрофни тутунга тўлдирди ва шу тутун пардаси панасида бутун лашкарини олиб қочди. Жалолиддиннинг етарли аскари бўлмагани сабабидан душманни таъқиб қилишдан воз кечди. Жўжининг мағлубиятини кўрган Чингизхоннинг жаҳли чиқди. Бу сафар 200 минг кишилик улкан бир қўшин ҳозирлатди. Бу тараддуддан хабар топгач, Алоуддин Маҳмуд Ғазнага кетиб, отабийлари билан кўришди, қўшин тўплаш учун йўлга чиқди. Жалолиддин Хоразмшоҳ эса жуда таҳликали бир вазиятда қолди. Туркман, ўғузлардан иборат лашкари билан бир саҳрога чекинди. 1220 йилда Чингизхон қўшини ҳеч бир қаршиликка учрамасдан Бухоро шаҳрига кириб борди.

Жангчилар Бухорони, кейин Самарқандни бошдан-оёқ талашди.

Бу орада Султон Маҳмуд жангдан чекинган, жонини олиб қочганди.

Мўғуллар Султон Маҳмуднинг вазири, кичик ўғли ва Туркон Хотунни асир олиб, Чингизхон ёнига юборишди. Чингизхон уларнинг барини ўлимга буюрди. Бу хабарни эшитганида Султон Маҳмуднинг аҳволи ёмонлашган, ўлим олдида эди. Шунчалик ночор аҳволда эдики, ёнидагилар унинг жасадини ўрашга бир кафан ҳам тополмадилар. Унга кўйлагини кафан қилдилар. Ўлимидан олдин шу сўзларни айтди: “Мен шу заминнинг соҳиби эдим. Ҳозир бўлса мозоримни қазишга икки аршин ер тополмаяпман!”

Султон Маҳмуд шундай абгор ҳолда ҳаётдан кўз юмаркан, ўғли Жалолиддин Хоразмшоҳ унинг ёнида эди. Бу ёлғон дунёнинг жилвасини у ҳам кўриб турарди. Шарқдан келаётган охири кўринмас бу тўфон (мўғуллар)га қарши қалбидаги нафрат кучайди. Аммо туркларни ўз она ерларидан қувган бу улкан қўшинга қарши Жалолиддиннинг бир ўзи нима ҳам қила оларди? Кўз ёшларини ичига ютиб, отасининг қабрини тарк этаркан, фақат шуни ўйларди. Ёнида  70 тача суворийси бор эди. Шу кўйи тўғри Хоразмга келди.

Халқ ўз ҳукмдорининг ўғли Жалолиддинни севинч кўз ёшлари билан қаршилади. Тўзиб-тарқалиб кетган қўшин яна тартибга келди. Хоразмшоҳ атрофида 7 минг киши тўпланди. Жалолиддин отаси ўрнига тахтга ўтирди. Бир муддат ўтгач эса мўғуллар устига ҳужум уюштириб, уларни мағлубиятга учратди.

1221 йилда Валиён қалъасини қамалга олган бир пайтида мўғуллар ҳужумга ўтди. Жалолиддин қилич яланғочлаб, олдинга ташланди ва душманларини даф этди. Лекин мўғуллар ҳийла ишлатишди: отлар устига шол ва наматдан қўғирчоқлар ясаб, қўндирдилар ва ярим тунда уларни орқа сафларга тиздилар. Буни кўрган хоразмликлар мўғуллар қўшимча куч олган, деб ўйлаб қочишга тутиндилар. Жалолиддин: “Қўрқманглар, бу ҳийладир. Улар жангда доим шундай ҳийлалари билан ғолиб бўладилар”, дея бу ваҳимага чек қўйди. Шу тарзда мўғул қўшини яна бир марта мағлуб этилди.

Чингиз бундан хабардор бўлгани ҳамоно шахсан ўзи Жалолиддин устига лашкар тортди. Жалолиддин улкан лашкар келаётганини билиб, Синд дарёсига қараб чекинади. Дарёнинг нариги қирғоғига кечиб ўтмоқчи бўлди. Мўғуллар унинг атрофини тўрт томондан лак-лак аскар билан ўраб борарди. Жалолиддин ўт ва сув орасида қолгандек эди. Бу онда у нимаям қила оларди? Чингиз уни тириклай қўлга туширишни буюрганди. Жалолиддин қиличини сермаркан, ёлғиз жанг қилиб, ўзини қўлга олишни истаганларнинг ҳужумини қайтара бошлади. Душманнинг бирор  жангчиси унга ўқ отолмасди. Аммо унинг атрофидаги халқа борган сари зичлашиб, қисқариб борарди. Жалолиддин халқани ёриб ўтишга уриниб, ўнгу терсига қилич солар, бироқ уни бутунлай ёриб ўтишга муваффақ бўлолмаётганди. Ягона бир йўл қолганди: ҳоримаган бир отга миниб, қалқонини орқасига тақди, туркий байроқни қўлига олди; баланд қирғоқдан ўзини Синд дарёсининг жўшқин сувига отди. Оти билан сузиб нариги қирғоққа чиқди.

Бу қаҳрамонлик саҳнасини Чингиз ва унинг аскарлари ҳайрат ва ҳайронлик ичида томоша қилиб туришарди.

1224 йилда Кирмон қалъасига қайтган Жалолиддин яна қайта салтанат барпо этишга киришди. 1225 йилда Табризни эгаллаб, қароргоҳини шу ерга кўчирган саркарда 1228 йилда  Исфаҳонда мўғуллар билан тўқнашди. Иниси Ғиёсиддиннинг хиёнатига қарамасдан мўғулларга кучли зарба берган Жалолиддин таъқиб чоғида чап қанот лашкарининг мўғуллар тузоғига тушгани сабабидан Луристонга чекинди.

Унинг заифлашганидан фойдаланган мўғуллар такрор ҳужум бошладилар. Мўғуллар хавфини тўла англаб етмаган бошқа мусулмон ўлка ҳукмдорлари эса Жалолиддиннинг ёрдам сўраб юборган талабини жавобсиз қолдирдилар. 1231 йил августида Дажла қирғоғида мўғуллар босқинига учраган Жалолиддиннинг барча одамлари ҳалок бўлди. Таъқибдан қочиб,  тоғларга яширинган Жалолиддин Хоразмшоҳ шу ерда кўчманчилар тарафидан ўлдирилди (1231 йилнинг 17-20 августи)...

Унинг ўлимидан сўнг Хоразмшоҳлар давлати йўқликка юз тутди, ислом дунёсида мўғулларга қарши тура оладиган бирор куч қолмади.

Султон Жалолиддин Хоразмшоҳнинг ўлими ҳақида аксарият тарихчиларнинг фикрлари бир-бирини такрорлайди. Бу мавзуда Насавий ва Жузжонийнинг ёзганлари энг тўғри хабарлардир.

Бошқа бир манба, 1930 йилларда тайёрланган маърузада шундай дейилади: “Тунжэли (Пўлумур)да кекса одамлар ҳамон Жалолиддин Хоразмшоҳга оид афсоналарни эслайдилар, буюк Бобо тоғи унинг мозори эканини ва шунинг учун айни замонда Султон Бобо номи билан машҳурлигини айтадилар”. Асли Пўлумурдан бўлган Пир Аҳмет Дикме Қосим эса 1999 йилда “Ҳайқириб билдирадиганларим” дея ном берган китобида шу мавзу билан боғлиқ шундай фикрларни ёзади: “Мўғуллар босқини туфайли юртини тарк этиш мажбуриятида қолган    Муҳаммад ўғли Жалолиддин Хоразмшоҳ улар билан кураша-кураша кунботишга қараб илгарилар экан, бир жангда яраланади. Дўсти ва сирдоши бўлган Шайх Ҳасаннинг ёнига келади ва шу ерда бир курд тарафидан ўлдирилади. Унинг ўлими ҳақида хабар топган Онадўлидаги салжуқий султон Алоуддин Кайқубод шундай дейди: “Жалолиддин Хоразмшоҳ бир курд баҳодири қўлида жон берди. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!” Шу сўзларни келтиргач, пўлумурлик Пир Аҳмет Дикме шундай ёзади: “Шу тарзда ўлдирилган Жалолиддин Хоразмшоҳ, биздаги манбаларга қараганда, ёнидаги ўғли Маҳмудни Шайх Ҳасанга омонат қилиб қолдиради. Шайх Ҳасан аввало чуқур эҳтиром қилган дўсти Жалолиддиннинг жасадини келтириб, Тожикистон тоғларидаги бир қояга дафн қилади, шундан сўнг Жалолиддиннинг ўғлини ўз ҳимоясига олади. 3-4 йилдан сўнг Маҳмудни ўз қизига уйлантиради”...  

Муаллиф: Сулейман МЕРДАНЎҒЛИ,

Халқаро “Олтин мерос” жамғармаси Анқара бўлими раиси

 

Турк тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси

Report typo