Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 9 сентябрдаги “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 12 сентябрь куни мамлакатимизда ушбу муборак айём кенг нишонланди.
Жомеъ масжидларида ўқилган ҳайит намозларида мўмин-мусулмонлар Яратгандан юртимиздаги тинчлик-осойишталик, тўкин-сочинлик ва фаровонлик бардавом бўлишини тилади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси ёдга олиниб, Қуръон тиловат қилинди.
Шу куни эрта тонгданоқ Қарши шаҳридаги Кўкгумбаз жомеъ масжиди ҳам муборак Қурбон ҳайити намозини адо этиш учун келганлар билан гавжум бўлди.
Шуни ҳам қайд этиш лозимки, истиқлол шарофати билан юртимизда виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатланди. Хусусан, Ватанимиздан муборак Ҳаж сафарига бораётган фуқаролар учун яратиб берилаётган имконият ва қулайликлар, азиз авлиёларимиз қадамжолари обод этилиб, халқимиз ардоғидаги табаррук манзилларга айлантирилаётгани юртдошларимизни руҳлантирмоқда.
Таъкидлаш жоиз, бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар Ислом Каримов ташаббуси билан ҳали собиқ мустабид тузум ҳукмронлиги давридаёқ бошланган эди. Хусусан, 1991 йил 20 июнда мамлакатимизнинг Биринчи Президентининг “Диний байрам – Қурбон ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида”ги фармонига биноан Қурбон ҳайити юртимизда ҳар йили кўтаринки руҳда байрам қилинади.
- Қурбон ҳайитида меҳр-мурувват, ўзаро ёрдам, саховат каби эзгу амаллар бажарилади, - дейди шаҳрисабзлик Зокир Тиллаев. – Ушбу байрам мамлакатимизда ҳар доим кўтаринки руҳда нишонланади. Шаҳару қишлоқларда кўча ва гузарлар тартибга келтирилади, қабристон ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилади. Ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинади. Яқин кишиларга ҳайитлик улашиш ҳам чиройли анъаналаримиздан бири. Бундай хайрли ишлар одамлар ўртасида меҳр-мурувват ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти.
Ҳайит намози адо этилгач, ватандошларимиз бир-бирларини байрам билан қутлар эканлар, бу дориломон кунларга етказганига шукур қилишди, юртимиз тинч ва бундан-да, фаровон бўлишини тилашди. Озод ва обод Ватанимиз равнақини, фарзандлар камолини Яратгандан сўраб, дуо қилдилар.
Байрам куни саховатпеша инсонлар эҳтиёжманд оилалар, Меҳрибонлик, Саховат, Мурувват уйларида бўлиб, уларда яшовчилар ҳолидан хабар олдилар, кўнгли ўксик қалбларга ҳам маънан, ҳам моддий ёрдам кўрсатдилар.
Меҳр-оқибат, ҳиммат ва саховат айёми, тинчлик ва осойишталикнинг, қўлга киритаётган бемисл ютуқларимизнинг шукронаси бўлган Қурбон ҳайити вилоятимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланди.
Н.ХЎЖАЕВ
М.КОМИЛОВ олган сурат.