Маълумки, Қарши шаҳридаги “Санам” тикувчилик корхонаси нафақат вилоятимиз, балки бутун мамлакат миқёсида номи чиққан корхоналардан ҳисобланади. Унга асос солинганига ҳам, мана, етмиш йил тўлибди.
Корхона ҳақли равишда вилоятимизнинг кўп йиллардан буён сайқал топиб, янгича жило ва гўзаллик билан бойиб бораётган чеварлик анъаналарининг катта мактаби, десак муболаға бўлмайди. Албатта, бундай шуҳрат қозонган корхонанинг ўтмиши ва бугуни барчамизни қизиқтиради.
“Қашқадарё замини дунё маданиятининг олтин белбоғи саналмиш Буюк Ипак йўлининг чорраҳаларида жойлашгани билан муҳим тарихий аҳамият касб этади. Воҳанинг пахтаю ипакдан тўқилган матолари, чевар тикувчилари, тўқувчилари, каштадўзлари, зардўзлари, моҳир косиблари азал-азалдан мағрибу машриқда довруқ қозонган. Шу боис воҳада ип-газлама, тўқув, тикув саноатининг ривожланиши ҳам ўзига хос теран илдизларга, бой тарихга эга”, дея қайд этилади китоб аввалида.
1927 йилда “Учқун” артели номи билан ташкил этилган ва унга узоқ йиллар раҳбарлик қилган, ғов ва курашлардан чўчимаган, серунум ишлаб чиқариш дастгоҳларини олиб келишга эришган Хурсандой Халилова, уруш йилларида эстафетани қабул қилиб олган Зулфия Пирназарова, кейинроқ Муҳаббат Солиева (1946-51 йиллар), Ҳафиза Комилова, Рухсатой Ражабова ҳақида қизиқарли тарихий маълумотлар келтирилади.
Бир неча тузилишга оид ўзгартиришлардан сўнг корхона 1992 йилгача Қарши тикувчилик ишлаб чиқариш бирлашмаси сифатида фаолият кўрсатди. 1994 йилдан “Санам” ҳиссадорлик жамиятига айлантирилди. Бироқ унинг рентабеллик даражаси пасайиб кетган, иқтисодий аҳволи оғирлашиб қолган, бир пайтлар мингдан зиёд ходим меҳнат қилган корхонада атиги 33 нафар ишчи-хизматчи қолди, иш ҳақи ва солиқдан қарздорлиги кўпайиб кетган эди. 2010 йилда корхона “Санам” МЧЖга айлантирилди. Узоқ йиллар қўлдан қўлга ўтиб, аро йўлда ишламай қолган корхона бугунги кунда ҳақиқий мулкдорини топиб, умумий ва шахсий манфаатдорлик кесишувида юксалишнинг янги босқичига чиқиб олди.
Бугунги кунда МЧЖ шаклини олган корхона ишлаб чиқариш цехларида юз турдан ортиқ тикувчилик маҳсулотлари тайёрланмоқда. Мураккаб дизайнерлик коллекциялари либосларидан тортиб корпоратив услубни шакллантириш учун ҳар хил турдаги кийимларни тикиш билан боғлиқ хизматлар мажмуаси таклиф этилаяпти ва бу ерда 110 киши меҳнат қилаётир.
Бунда корхонанинг асосий таъсисчиси, “Санам” МЧЖ Кузатув кенгашининг раиси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, тиниб-тинчимас ва эл-юрт фаровонлиги йўлида доимо жонкуяр инсон Саъдулла Бобоқуловнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш зарур. Зотан, унинг ўзи 1991-1994 йиллар давомида фабрикада ишлаган ва бу ердаги вазиятни жуда яхши билар эди.
Товуш чиқармайдиган замонавий электрон махсус тикув дастгоҳлари, безак берадиган компьютер машинкалари келтирилиши давр билан ҳам-қадамлигидан далолат беради. Чироқчи туманида “Санам” МЧЖнинг филиали ташкил қилиниб, коллеж битирувчилари иш билан таъминланди. Корхонанинг ISO 9001 стандарти талабига жавоб беришини тасдиқлайдиган мувофиқлик сертификатининг қўлга киритилиши бу муваффақиятли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Таъкидлаш лозим, Президентимизнинг 2013 йил 2 августдаги “2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорида қамраб олинган 555 та лойиҳанинг 82 таси енгил саноатга дахлдор бўлса, шундан 7 таси “Санам” МЧЖга тегишлидир. Ҳозиргача бу лойиҳаларнинг 5 таси амалга оширилди.
Китобда корхонада турли йиллар мобайнида ишлаган ва ҳозирда унинг фаолиятини янги юксалиш босқичига олиб чиқишда ўз ҳиссасини қўшган ва қўшаётган бир қатор шахслар “Санам”нинг тарихи ва унинг ривожланиш даврлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини, хотираларини атрофлича баён этишади.
“Хотира” қисмида корхонага қалб қўрини бахшида этган, гул умри шу даргоҳда кечган, тикиш-бичиш анъаналарини бойитиб, унинг энг нозик сирларини шогирдларига сидқидилдан ўргатган кишилар ҳақидаги ёд-хотиралар ўрин олган.
Жамиятимиз хотин-қизлари “Санам”нинг мустаҳкам устунлари бўлиб, уларга ҳам алоҳида ўрин ажратилади. Жамоанинг турли даврларини ифода этувчи, жонли ва ибратли иш жараёнларини кўрсатиб берувчи фотосуратлар ўқувчида аниқ тасаввур ҳосил қилди. Истеъдодли шоирларимизнинг корхона моҳир ва қўли гул хотин-қизларига атаб битган шеърлари улар ихлоси ва фидойилигига ўзига хос қасидадай янграйди.
Асарда архив ҳужжатлари, иқтисодий таҳлиллар, статистик маълумотлардан унумли фойдаланилади ва у енгил саноат тараққиётини тадқиқ этувчилар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Лазиз РАҲМАТОВ, журналист.