Селфи (инглизчадан таржима қилинганда, “self” - “ўз-ўзини” маъносини билдиради) мобиль телефон ёки камерада ўзини ўзи суратга олишдир. Яқинда АҚШ Психиатрия ассоциацияси селфини расман руҳий хасталик деб тан олди. Психиатрларнинг фикрича, ўзини кўп суратга олиш шахснинг ўзига ишончи камлиги билан боғлиқ экан. Кун бўйи фақат ўзини суратга олиб, интернетга камида олтита сурат жойловчилар касалликнинг энг оғир турига дучор бўлган, деб топилди.
Селфиларга қараб инсоннинг руҳий ҳолати ҳақида етарлича маълумот олиш мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўзини кўп суратга туширувчилар ўзига бино қўйган, ташқи кўринишини кўз-кўз қиладиганлар тоифасига киради. Улар бора-бора нарциссизм (атрофдагиларнинг эътироф ва эътиборига, қолаверса, ўзининг кўринишига қарамлик) гирдобига тушиб қолади.
Психологларнинг айтишича, ижтимоий тармоқларга селфиларини жойлаштириб борадиганлар виртуал оламдаги дўстларидан сурати тўғрисида ижобий баҳонигина кутади ва фикрлар, тўғрироғи, мақтовларнинг миқдорига қараб ўзига бўлган ишончи ортади. Ҳатто ўзида мутлақо йўқ хислатлар ҳам аслида бордай туюла бошлайди. Бу кейинчалик асаб тизими билан боғлиқ муаммоларнинг вужудга келиши ҳамда ўзини бошқалардан устун қўйиш, худбинлик каби жиддий қусурларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Океанорти мамлакат тадқиқотчилари кўнгиллилар ўртасида ўтказган сўровнома натижаси шуни кўрсатдики, руҳшунослар қабулига келаётган беморларнинг учдан икки қисми айнан селфига муккасидан кетганлар экан. Улар беихтиёр тинимсиз селфи олаверади ва уларни ижтимоий тармоққа жойлайверади.
Аммо селфи олишнинг энг оғриқли томони – ўзини ўзи суратга олиш пайтида хавфсизлик масалаларига эътибор бермаслик оқибатида юзага келаётган кўнгилсизликлар, фалокатлардир. Масалан, Россиянинг Тула вилоятида 14 ёшли мактаб ўқувчиси юқори кучланишга эга электр узатувчи симёғочга чиқиб, селфи тушмоқчи бўлганида ток уришидан вафот этган.
АҚШнинг Калама шаҳарчасидан ўтган темир йўлда селфи тушмоқчи бўлган ўқувчи ҳалок бўлган. У ўз ҳамроҳи билан поезд йўли четидан кетаётганида, бирдан рельсга тушиб, чекиб турган ҳолда селфи тушмоқчи бўладилар. Хабар қилинишича, бу вазиятда иккаласи ҳам яқинлашиб келаётган тезюрар поездни сезмаган. Сезишганида эса жуда кеч бўлади ва йигит поезд остида қолади, ҳамроҳи бўлса воқеа жойидан қочиб қолган.
2014 йилнинг 31 май куни АҚШнинг Колорадо штати Денвер шаҳри яқинида енгил моторли самолёт ҳавога кўтарилгандан 4 дақиқа ўтиб, ҳалокатга учрайди. Оқибатда 2 киши ҳалок бўлган. Бунга учувчининг парвоз пайтида ўзини селфига олиши сабаб бўлган. Бу ҳолат юзасидан АҚШ Транспорт хавфсизлиги бўйича миллий кенгаши терговлари натижалари “АBS News” канали орқали маълум қилинган.
Шунингдек, Москва вилоятида ўқувчи қиз очиқ дераза токчасида туриб ўзини суратга олмоқчи бўлган ва мувозанатни йўқотиб, саккизинчи қаватдан пастга тушиб кетган.
Одамларнинг ўзини ўзи ҳаддан зиёд суратга олиб, бошқалар билан баҳам кўриши, ўзи ҳақида ижобий муносабат кутишини манманлик деб баҳолаш мумкин. Манманлик бора-бора одамда ахлоқсизликнинг шаклланишигача олиб келади. Инсон бугун қаерда бўлди, нима иш қилди – шуларни акс эттириш мақсадида ўзини эсдалик учун суратга олиши, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини фотога муҳрлашга интилиши балки тушунарлидир. Лекин дафн маросимлари, автоҳалокатлар пайтида, ёнғин ёки бошқа табиий ё техноген ҳодиса рўй берганда жабрланганларга кўмакка шошилиш, йиқилиб қолган қарияга ёрдам бериш ўрнига уларнинг ёнида ёки фонида суратга тушиш ахлоқсизлик ва маънавиятсизликдан бошқа нарса эмас. Демак, буни чуқур ўйлаб кўрган ҳолда руҳияти шаклланиб бўлган биз ёши катталар ёшларга бу каби “янги давр иллатлари”нинг зарарли жиҳатларини тўғри тушунтира билишимиз, уларни техника янгиликларидан самарали фойдаланишга одатлантиришимиз мақсадга мувофиқдир. Бинобарин, “селфи”нинг оммага кўрсатиш учун олинган ҳар қандай кўриниши бизнинг менталитетга ётдир.
Оқила БАҲРОМОВА