Шоир таваллуд топган сана муносабати билан унинг машҳур сатрлари, кишини чуқур ўйга толдирувчи кейинги йиллар ижодидан намуналарни сиз учун сараладик.
СЕН БАҲОРНИ СОҒИНМАДИНГМИ?
Уйғонгувчи боғларни кездим,
Toпaй дeдим қирдaн изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим -
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
- Сен баҳорни соғинмадингми?
Узоқларда залворли тоғлар
Хаёлимни келдилар босиб.
Keчди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,
- Сен баҳорни соғинмадингми?
Ўнгирларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
Қорликлардан сипқарилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
- Сен баҳорни соғинмадингми?
Мана, бугун Наврўзи oлaм,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, севгили эркам...
Қўлимда гул, сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман,
- Сен баҳорни соғинмадингми?
АПРЕЛЬ
Борлиқ кийиб олган мовий бир либос,
Ел эсар - баҳорнинг пилдироқлари.
Қалбингда уйғотар ажиб эҳтирос,
Апрель осмонининг қалдироқлари.
Ёмғир таралади кўм-кўк адирда,
Узоқ қирда эса ялтирар қуёш.
Бундай нафислик йўқ ҳеч бир атирда,
Руҳингни яйратар ҳаво, тоғу тош.
Қофия йиғишар шеърга - назмга
Жажжи жилғаларнинг шилдироқлари.
Атрофни чақирар яшил базмга
Апрель осмонининг қалдироқлари.
ИНСОН
Бировни мақтасанг, ёлғон, дейдилар,
Ўзингни мақтасанг, нодон, дейдилар.
Барчани лутф ила тўрга чиқариб,
Пойгакда ўтирсанг, инсон, дейдилар.
ТОЛСТОЙ
Сиз улуғ сиймосиз, тенги йўқ даҳо,
Бизга ижодингиз ҳамроҳ доимо.
Лекин уйдан қочиш режангиз қайда?
Менга ўша зарур, Толстой бобо!
МУХЛИС
Балки нотанишсан, балки қариндош,
Фикрдош, суҳбатдош, сафардош, йўлдош.
Шоирнинг мухлиси бўлмасанг агар,
Уни севолмассан, билиб қўй, юртдош.
ТАДБИР
Ўтказамиз келинг бир тадбир,
Ярим аср ортга қайтамиз.
Ким ҳам билиб турибди, ахир,
Биргалашиб ёлғон айтамиз.
АФАНДИ
Афанди дегани ўзим бўламан,
Ҳар хил ҳангомага ичи тўламан.
Эси йўқ одамлар калласизлардан
Хафа бўлишади, шунга куламан.
КЎЗГУ
Бировларни камситиб, ерга уришдан олдин
Каттакон кўзгу қўйиб, ўзингга қараб олгин.
Зарга ўралган билан кесак ҳамиша кесак,
Чолдевор ўртасида кўмилган бир хум олтин.
ЯХШИЛИК
Ўкинмагин, қартайиб, қариб
Қолдим дема буткул орқада.
Бир кун сенга берар қайтариб,
Ҳаққинг бўлса олақарғада.
Яхшилигим кетди, деб бекор,
Афсус чекмас ҳақиқий эрлар.
Бировидан қайтмаса зинҳор
Бошқасидан қайтади дерлар.
ДЎКОНЛАР
"Соғлик" деган дўконда эдим
Мен, дардлардан азоб тортувчи.
- Бир оз беринг соғлиқдан, - дедим,
- Тугаб қолган, - деди сотувчи.
"Омад" деган дўконга кирсам,
Пештахталар турар қуп-қуруқ.
- Кутинг, - дейди сотувчи беғам,
Омад ҳали келганича йўқ.
МАҚТАНИШ
Одам зоти билса экан мақтанишни ҳам,
Лекин ҳазм қилолмадим бир ҳолатни ҳеч:
Уни ёмон демасдан бирорта одам,
"Яхшиман", деб дод солар эртадан то кеч.
ИФТИХОР
Мен уни кўрганман, дер эди биров,
Ёнида турганман, дер эди биров.
Каттакон мажлисда ҳеч аямасдан
Мен уни урганман, дер эди биров.
ТАКЛИФНОМА
Сўкар, дунё деган бир ғамхонани,
Киборларни сўкар ғазабга тўлиб.
Ва лекин тўй қилса, "Таклифнома"ни
Ўшаларга элтар биринчи бўлиб.
ХЕШУ АҚРАБО
Ишларинг юришиб тургани асно,
Кўпайиб кетади хешу ақрабо.
Дарвиннинг китобин қўлтиқлаб олиб,
"Тоға", деб келади маймун ҳам ҳатто.
МАШРАБ
Энагаси алла айтар Машрабга боз-боз,
- Катта бўлсанг хон бўласан, аллаё алла.
Ўша заҳот эшитилар бешикдан овоз:
- Алдаё алда!
МАРТАБА
Икки одам гаплашарди Аркнинг олдида,
Бўяб, бежаб, кўпиртириб ҳар бир каломни.
Бири дерди:
- Мангу қолар авлод қалбида,
Бош жаллоднинг ўзи сўйган
менинг бобомни.
Иккинчиси сўз бошлайди:
- Менинг бобом ҳам,
Обрў топган амирликда - ўша замонда.
Ҳурматини келтиришган ҳатто сўнгги дам,
Осишганлар оддий эмас, ипак арқонда!..
ДУНЁНИ ҚИЗҒАНМА
Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Мен сенинг кўчангдан ўтмасман зинҳор.
Менинг бу оламда ўз айтар сўзим,
Ва ўзим сиғинар мозорларим бор.
Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Сен ичган булоқдан ичмасман асло.
Сен юрган тоғларда қолмагай изим,
Сен кечган дарёдан кечмасман асло.
Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Қалбингни ёқмасин шубҳа ва сўроқ,
Мен ўзга манзилга тикканман кўзим,
У сенинг кулбангдан жуда ҳам йироқ.
ҲАЁТ
Буви набирасин авайлар ҳар вақт,
Шамоллаб қолма, деб уқдирар фақат.
Набираси дейди: - Соғ юринг Сиз ҳам,
Биламан, бувижон, дорилар қиммат.
* * *
Ташна қултум сувни орзу этгайдир,
Олтин пиёлани ахир нетгайдир?!
Беморга мол-дунё ваъда айлама,
Бир оғиз ширин сўз унга етгайдир.
* * *
Мағизни пўчоққа қарши қўяр у,
Оловни ўчоққа қарши қўяр у.
Иккиси то абад бирлашмасин, деб
Ўртоқни ўртоққа қарши қўяр у.
* * *
Дунёда учрайди шундайлар, билсанг,
Алиф ҳам чиқмайди қорнини тилсанг.
Ҳаммани ўзига ўхшатади у,
- Қанча олдинг, - дейди, яхшилик қилсанг.
Шеърлар шоирнинг шахсий интернет сайтидан олинди.