Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Х.ҚИЛИЧЕВА, М.АБАЙДУЛИНА

10.04.2017


ШАҲРИСАБЗДА МУЗЕЙЛАР ФЕСТИВАЛИ

Жорий йилнинг 4-5 апрель кунлари Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон музейлар фестивалида иштирок этган ҳар бир инсон шу саволларга батафсил жавоб олди. Нафақат жавоб олди, балки турли экспонатлар билан яқиндан танишиб, ўзини ўша олис даврларда бўлгандек ҳис этди.

Кўҳна Кешдаги Амир Темур хиёбонида ўтказилган мазкур фестивалда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган 105 та музей Амир Темур ва темурийлар даври маданияти ҳамда санъатига оид экспозициялари билан иштирок этди. Намойиш этилган ноёб экспонатлар, "Кеча ва бугун" деб номланган фотоасарлар кўргазмаси ўз томошабинини бефарқ қолдирмади. Таниқли санъат усталари ижросида буюк бобокалонимиз сиймоси гавдалантирилди, ўша давр ҳаёти, санъати турли воситалар ёрдамида намоён бўлди.

Фестиваль доирасида, шунингдек, Амир Темур номидаги Шаҳрисабз моддий маданият тарихи музейида янги экспозиция ҳам очилди.

- Музейимизда анча вақт давом этган реставрация ишлари якунига етди, - дейди музей директори Наби Хушвақтов. - Энди бу ерга келган меҳмонлар усталарнинг нозик маҳорат билан бунёд этган ишларини кўришлари мумкин. Янги экспозиция эса "Амир Темур ҳаёти ва фаолияти" деб номланган бўлиб, унда 500 дан ошиқ экспонат жамланган. Уларнинг барчаси буюк Соҳибқирон даври, унинг ҳаёти ва фаолияти борасида тўла тасаввур беради.

Экспозициядан кенг ўрин олган Шаҳрисабз рамзлари, Амир Темур болалиги, Темур даврига оид ашёлар, ўша даврга хос жанг қуроллари, аслаҳалар тасвирланган суратлар кишини мозий томон етаклайди. Яна бир экспозиция - 3D форматда тайёрланган "Лой жанги" тасвири олис ўтмишнинг суронли даврларига бошлайди.

- Мазкур экспозицияни барпо этишнинг ўзи бўлмади, - дейди музей илмий ходими Аҳмад    Тошев. - Кўп вақт ва маблағ талаб қилган бўлса-да, кишига ёрқин тасаввур бера олишидан мамнунмиз. Девор, шифт ҳамда полда махсус эффектлар воситасида ҳақиқий замин, ўсимликларгача акс эттиришга муваффақ бўлинди.

Фестиваль доирасида, шунингдек, "Ўзбекистон музейларини ривожлантириш истиқболлари" мавзусида илмий конференция ҳам ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг турли ўқув муассасаларидан келган олимлар, тадқиқотчилар иштирок этишди. Сўз олганлар буюк саркарда ҳаёти, унинг фаолияти, юрт тинчлиги, миллат бирлиги йўлида амалга оширган буюк ишлари, жаҳон тамаддунида тутган ўрни борасида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Бу борада олиб борилаётган тадқиқотлар, ўрганиш ва изланишлар тўғрисида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.

Х.ҚИЛИЧЕВА, М.АБАЙДУЛИНА

Report typo