САВДОГАРНИНГ ЎҒЛИ
Вильям Шекспир Эйвондаги Стратфорд шаҳрида, 1564 йилнинг 23 апрелида туғилган. Бироқ бошқа манбаларда ўзга сана келтирилади, кўпчилик асарларда эса унинг таваллуд санаси деб 26 апрель берилади. Бу ерда ҳақиқатни аниқлаш мушкул, чунки бизнинг давримизга қадар ҳам Шекспирга тегишли ҳақиқий қўлёзма, хат ёки бошқа ҳужжатлар топилмаган. Вильямнинг отаси майда ҳунарманд ва савдогар эди – қўлқоплар тикар, дарахт, арпа, жун, умуман, нима тўғри келса, сотарди. Бўлажак драматургдан ташқари оилада яна 7 та бола бор эди. Шекспир қаерда ўқигани номаълум, фақат шу нарса ҳақида маълумот борки, у туғилган шаҳарда ҳаминқадар билим бериладиган оддий бепул мактаб бор эди. Шекспир шу мактабга боргани аниқ. Ва шу ўринда Шекспир ҳаётига доир яна бир жумбоқ туғилади. Тушунарсиз: қандай қилиб, энг оддий оила ва ибтидоий мактаб шоир шуурига фан ва санъатнинг шундай юксак босқичини бера олди экан? Ахир, ўша даврда ҳозир урф бўлгани каби “ижтимоий лифт” – яхши таълим кўмагида бир ижтимоий қатламдан иккинчисига ўтиш тушунчаси бўлмаган. XVI асрда Англияда ҳунармандларнинг болалари айнан ҳунарманд бўларди, фақат бадавлат ва машҳур оилалар фарзандларигина чуқур таълим олиш ва маданият, санъат билан шуғулланиш имконига эга эди.
МИНГЛАБ СЎЗ
Шу аснода оддий ҳунарманднинг ўғли бўлган Шекспир, агар унинг асарларига қараб хулоса қилинса, чинакамига энциклопедик билимларни эгаллаганди – унинг луғат захирасида тахминан 20 минг сўз бор, айни пайтда ўша даврда оддий одамнинг сўз бойлиги 2 мингдан ошмасди. Шекспир замондоши Фрэнсис Бэконнинг луғат бойлиги 9-10 минг сўздан иборат бўлган, замонавий маълумотли англияликнинг луғат бойлиги эса 4 минг сўздан ошмайди. Қолаверса, Шекспир инглиз тилини бойитган ҳам – у ўз она тили хазинасига 3200 та янги сўз олиб кирган! Бундан ташқари, драматург чет тилларини – итальян, француз, лотин, юнон тилларини чуқур билар, Гомер, Плавт, Овидий, Сенека, Плутарх каби классикларнинг асарларини аслиятда ўқиган, юнон-рим мифологиясини мукаммал билган. Тадқиқотчилар Шекспир асарларидан унинг Монтень, Ронсар, Ариосто, Боккаччо ва бошқа кўплаб ўтмиш муаллифларининг ижоди билан таниш бўлганини аниқлашган. У ўтмиш ва ўз даврининг сиёсати борасида қироллар ва сарой аҳли ҳаёти тўғрисидаги билимдонлигини кўрсатиб, осонгина мулоҳаза юритади, бу ҳақда худди шу дунёнинг бир вакили каби гапиради. Германия канцлери Отто Бисмарк бир сафар Шекспирнинг “давлат ишларига ва яширин сиёсатга дахлдорлиги” ҳақида ёзганди. Шекспирнинг драма, хроника ва сонетлари таҳлили шуни кўрсатадики, у ҳуқуқшунослик, жаҳон тарихи, мусиқа ва ҳатто ботаникадан хабардор бўлган. Унинг асарларида 63 ўсимлик номи келтирилган. Бундан ташқари, у тиббиёт ва анатомияни ҳам тушунган. Драматург ҳарбий соҳада ҳам тажрибага эга бўлган, айниқса, мураккаб ва махсус атамаларга тўла денгизчиликдан яхшигина бохабар эди. Шекспир оқсуяклар ҳаёти ва одоб қоидаларини, ов ҳамда бошқа кўплаб саҳналарни билимдонлик билан тасвирлаган. Агар Шекспир асарларига таянилса, у жуда кўп мамлакатларда бўлгани, Италияни кезгани, кўрмасдан туриб, тасвирлаш мумкин бўлмаган жойларни яхши билгани аён бўлади. Шекспиршунос Жон Митчелл айтгани каби: “Шекспир ҳамма нарсани биладиган адиб эди”. Шуниси ғалатики, “ҳақиқий” Шекспирнинг биографияси далолат беришича, у ҳеч қачон Англиядан четга чиқмаган. 18 ёшида у 26 ёшли Энн Хатауэйга уйланади, бу никоҳдан кейинроқ уч фарзанд дунёга келади. Ёш эр-хотин аввалига камтарона ҳаёт кечирган. “Расмий” Шекспир биографиясининг давомида бир неча йиллик бўшлиқ кузатилади, кейин эса у кутилмаганда Лондоннинг “Глобус” театрида пайдо бўлади, бу ерда унинг пьесалари доимий намойиш этиларди. 1599 йилда Шекспир – “Глобус”нинг эгаларидан бири ва етарлича бадавлат одам эди ва у ҳатто ўз оилавий герби ҳамда дворянлик унвонини олиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритади. 1612 йилда у Лондонни тарк этиб, туғилган она шаҳрига қайтади. 1616 йилнинг 25 мартида драматург васиятнома ёздиради ва 23 апрелда – ўзи таваллуд топган деб тахмин қилинган санада (яна бир жумбоқ) вафот этади. XIX асрда француз адабиётшуноси ва тарихчиси Ипполит Тэн ёзганидек: “Бизнинг Шекспир ҳақидаги билганларимиз унинг туғилгани, уйланиши ва Лондонга боргани ҳақидаги маълумотлар билан чегараланган. Ишончимиз комилки, у бировларнинг пьесаларини қайта ишлаган, васиятнома ёзган ва ўлган”.
Айтганча, васиятноманинг турган-битгани ҳам бир жумбоқ: биринчидан, васият нотариус томонидан Шекспир айтган сўзлар бўйича ёзилган, иккинчидан эса унда Шекспир ижоди ҳақида лом-мим дейилмайди, қайтага унинг уйидаги барча буюмлар, эски тунука мурчдонни ҳам қолдирмасдан, санаб чиқилади. Бундан ҳам қизиғи, бу рўйхатдан шу нарса маълум бўладики, уйда бирорта ҳам китоб бўлмаган!
Замондош дастхатшунослар бўлса Шекспирнинг васиятномадаги беўхшовроқ имзосини ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келишди: унинг қўлда қалам тутиш кўникмаси бўлмаган...
ҒАЛАТИ ПОРТРЕТ
Қизиқки, драматургнинг деярли барча асарлари бизга фақат босма нашр ҳолидагина маълум, уларнинг бирорта қўлёзма ёки қораламаси сақланиб қолмаган. Пьеса ва тарихий хроникалардан иборат илк тўплами эса унинг ўлимидан сўнг эълон қилинган. Шекспиршунослар орасида бу тўплам “Дастлабки фолио” номи билан машҳур. 1623 йилда Шекспир труппасида ишлаган Жон Хеминг ва Генри Кондел бу китобни “Жаноб Уильям Шекспирнинг комедия, хроника ва трагедиялари. Аниқ ва асл матнлар асосида нашр қилинди” деган сўзбоши билан чоп этишади. Мазкур нашрда Шекспир портрети ҳам берилган бўлиб, бу расм узоқ йиллар мобайнида драматургнинг бир нечта “ҳақиқий” суратларидан бири деб қаралган. Бироқ бу портрет ҳам жумбоққа тўла. XX аср бошларида инглиз мода журнали ходимлари бу суратда Шекспир кийган камзул жуда ғалати эканлигини айтишган: кийимнинг ярми камзулнинг олд қисмига ўхшаса, қолган ярми эса орт қисмни эслатарди. Тадқиқотчилар бу мавзуни диққат билан ўрганишга киришишди ва шундай бўлиб чиқдики, расмдаги одамнинг ҳар иккала қўли ҳам ўнг қўл экан! Айрим шекспиршуносларнинг таъкидлашича, портретдаги одам ниқоб таққан, унинг боши ниҳоятда катта, бўйни эса ҳаддан зиёд узун тасвирланган. Ва энг жумбоқлиси – камзул тагидан яна бир камзул кўриниб тургани. Энг юқоридаги тугма аслида “ички” камзулнинг тугмаси.
БУ КИМ?
Табиийки, шундай савол туғилади: Шекспирдек оддий бир одамнинг исми-шарифи остида аслида ким яширинган? Ва унга ўз исмини сир тутиб, бегона исм тагига беркиниш нима учун керак бўлиб қолди? Кўпгина тадқиқотчилар бу – юксак маълумотга ва мислсиз адабий услубга эга бўлган файласуф Фрэнсис Бэкон, деган фикрдалар. Фақат бироз аввал ёзганимиздек, Бэконнинг луғати Шекспирникидан икки марта кам ва унинг ўз асарлари Шекспир даражасига етмаган. Яна бир тахминга кўра, бу инглиз шоири Кристофер Марло, бироқ унинг ҳам асарлари Шекспир даҳосидан анчагина йироқ. “Чинакам Шекспир” ҳақида яна бир нечта тахминлар мавжуд. Улар орасида шундай қараш ҳам борки, буюк шоир ва драматург сифатида донг таратган одам аслида Тюдорлар сулоласининг сўнгги вакиласи қиролича Елизавета I. Бир нечта далилларга мурожаат қиламиз.
Биринчиси. Маълумки, қиролича Шекспир пьесалари намойиш этиладиган “Глобус” театрини қўллаб-қувватлаб, васийлик қилган. Иккинчиси. Елизавета жуда қобилиятли бўлган. Болалигидаёқ унинг истеъдоди кўзга ташланган: қадимги юнон, итальян, француз ва бошқа тилларни билган. Лотин тилида қадимги тарихчилар асарларини ўқиган ва Европанинг билимдон одамлари билан ёзишмалар олиб борган. Уни Кембрижнинг энг яхши мураббийлари тарбиялашган. Табиийки, қиролича бўлган вақтларида Елизавета халқаро ва ички сиёсатда тобланган, сарой одоб қоидалари, одатлари ва бошқа кўплаб аслзодаларга хос, бошқаларга эса қоронғи бўлган икир-чикирларни яхши билган.
Бундан ташқари, яна бир ғалати нуқта бор. Бир қанча тадқиқотчилар Шекспир сонетларининг айримлари аёл киши номидан ёзилганига эътибор қаратишади. Агар буларни бирор хоним ёзган деб тасаввур қилинса, ҳаммаси ўз ўрнига тушади. Ҳарҳолда, томирида қироллар қони оқаётган шахс, Британия ҳукмдори ўзининг шеър ва театр учун пьесалар ёза оладиган даражада юксак адабий истеъдоди борлигини ошкора тан ололмасди. Ўша даврларда актёр ва масхарабозлар қаторида пьесалар муаллифлари ҳам “учинчи нав”га мансуб саналарди. Бироқ ҳақиқий истеъдод эгаси бўлган шоир ёзмасдан ҳам тура олмайди-ку. Шунинг учун ҳам Вильям Шекспир номи билан юритиладиган шундай юксак адабий рўё юзага келган бўлса, ажаб эмас...
Муаллиф: Наталья ТРУБИНОВСКАЯ.
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.