Президентнинг 2020 йил 12 июндаги “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, хотин-қизларга қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосида квота ажратилган эди.
Шу асосда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича қўшимча қабул кўрсаткичлари тасдиқланди ва янги ўқув йилида 940 нафар хотин-қиз мазкур имтиёзга эга бўлиши белгиланди.
Ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра Қашқадарёда 157,3 баллдан юқори балл тўплаган абитуриентлар талабалик бахтига сазовор бўлишди. Таққослаш учун мисол, бу рақам Андижонда 135,2, Самарқандда 151,6, Тошкент шаҳрида 136,3 баллни ташкил қилди.
Айтиш ўринли, бундан паст кўрсаткични қайд этганларга 4 фоизли имтиёз қўлланмади, улар умумий танловда қатнашдилар.
Тавсиянома олий маълумот олиш истагида бўлган хотин-қизларга 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилиб, абитуриент рўйхатдан ўтишида танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Қайд этиш лозим, жорий ўқув йилида 16 нафар хотин-қиз ана шу имтиёз асосида Қарши давлат университети талабасига айланди. Университет ахборот хизматининг маълум қилишича, ректор Баҳодир Шоимқулов мазкур талабалар яшайдиган хонадонларга бориб, уларга университет табрикномаси ва эсдалик совғаларини топширган.
– Ўтган йили контракт асосида ўқишга киргандим, аммо оилавий шароитимиз сабаб ўқий олмадим, - дейди хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили) йўналиши талабаси бўлган Дурдона Нурмаматова. – Бу йил грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Келажакда яқинларим ва устозларим ишончини оқлашга ваъда бераман.