Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шомурод ШАРАПОВ

18.01.2017


Сийпантош ота: МАЪНАВИЙ ҚУДРАТНИНГ ТОШЛАРДАГИ ИНЪИКОСИ

Қишлоқ яқинидаги тоғлар бағрида жойлашган қадимий Сийпантош ота ва Бешиктош ота табиат ёдгорликлари бағрида муҳрланган ўчмас тарих ота-боболаримизнинг минг йилликлар замиридаги ижтимоий-фалсафий, илмий-назарий ҳамда маърифий қиёфасини белгилашда муҳим ўрин тутади. Қадимшунослар тарихи камида 5 минг йилга алоқадор, деб фикр билдираётган Сийпантош ёдгорлигида аждодларимизнинг энг кўҳна, ранг-баранг қадрият ва анъаналари, урф-одат ва маросимларига оид ўзига хос манбалар муҳрланиб қолган.

Сийпантош ота ёдгорлиги ҳақида оғиздан-оғизга ўтиб келаётган кўплаб ривоятнамо хабарлар борки, уларнинг замирида маълум ҳақиқатлар мужассам. Қадимшуносларнинг изланишлари натижаси ўлароқ, ёдгорлик яқинида қадимда одамлар яшаган йирик манзилгоҳлар бўлгани фанга маълум.

Тошда битилган белгиларга қараб, уларни зардуштийлик даврида яшаган аждодларимиздан бизгача етиб келган, дейиш мумкин. Ёдгорлик деворидаги қизил, малла, яшил ранглар билан акс эттирилган айлана тасвири ҳаёт давомийлигини билдирса, унинг марказидаги йирик нуқта эса қуёш рамзини ифода этади. Зардуштийликда қуёш оламни мунаввар этадиган, еру кўкни меҳр ёғдусию тафтидан баҳраманд қиладиган буюк бир тимсол саналган бўлса-да, аста-секин у мутлақо бошқача моҳият касб этиб, адолат, жасорат, озодлик тимсолига айланган. Айлана ичидаги чизиқлар уни тўрт қисмга бўлади. Бу билан йилнинг тўрт фаслдан иборатлиги кўрсатилади. Айлана ичи атрофидаги нуқталар эса ойларни ифодалайди.

Ёдгорлик юзасидаги буқа тасвири ўз даврида ёмғир ва чақмоқ маъбуди саналган. Унинг яқинидаги чизиқлар (учтаси яхши сақланмаган) ой тақвими бўйича кунларнинг сонини билдирган.

Девордаги ҳар бир белгининг ўзига хос мазмун-моҳияти бўлиб, улар аждодлар руҳиятига сайр қилишга ундайди. Ундаги турли воқелик манзараларини ўрганар экансиз, улар республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги Зараутсой ва Сармишсой қоятош битикларида тасвирланган ёввойи ҳайвонларни овлаш манзараларидан бадиий-эстетик кўринишга эга айрим жиҳатлари билан фарқ қилишига амин бўласиз.

Зардуштийлик даврида аждодларимиз оловни муқаддас санаб, унга илоҳийлик назари билан қараб, сиғинишган. Ёдгорликнинг баъзи жойларида чироқ ёқиш маросими манзаралари акс эттирилган. Қизиқ жиҳати, чироқ ёқиш удумини маҳаллий аҳоли бугунги кунгача давом эттириб келади.

Зардуштийликда оташ муқаддас саналгани боис бировларнинг ўчиб қолган оловини ёқиб бериш ёки тутантириқ инъом этиш яхши ҳадя ҳисобланган. Демак, оташ, нур рўшнолик, инсонлар руҳиятини покловчи, уни ёруғликка ҳидоя этиш рамзи бўлиб, кундалик турмушларининг асосий воситаси ҳисобланган.

Ёдгорликнинг юза қисми анчайин силлиқ кўринишдаги тоғ тоши бўлиб, маҳаллий аҳоли уни “Сийпантош” деб эъзозлайди. Сабаби, маҳаллий аҳоли асрлар оша ушбу тошдан сийпаниб ўтган кишининг яратгандан тилаган нияти албатта амалга ошади, деб ишониб келади.

Ёдгорлик ҳудудидаги ясси тошлик юзасида одам тиззаларининг чўкканда қолган изларига ўхшаш чуқурчалар мавжуд бўлиб, шу ерлик одамлар уни қадимда яшаган авлиё отанинг узоқ муддат давомида ўрнидан турмасдан ибодат қилганидан ҳосил бўлган, деб ҳисоблашади. Баъзи зиёратчилар ҳозир ҳам ушбу чуқурчаларга тиззаларини қўйиб, тоат-ибодатда туришга ҳаракат қилишади.

Қадимшуносларнинг таъкидлашича, Сийпантош ёдгорлиги қадимда оташпараст коҳинлар бошчилигида диний маросимларни ўтказадиган махсус манзилгоҳ бўлган. Коҳинлар нажот истаб келган дардмандларнинг чап қўл панжаларига бўёқ суркаб, деворга қўл изларини туширган ва унга қараб башорат қилган ҳамда чироқ ёқиб, қурбонликлар буюрган. Шу сабаб бўлса керак, ёдгорлик девори юзасида инсонларнинг чап қўл панжалари излари ҳозиргача сақланиб қолган.

Замондош тадқиқотчиларимиз ушбу панжа изларига ўз илмий қарашларини билдиришган. Уларнинг таъкидлашича, чап қўл беш панжаси сеҳр-жоду (магия)нинг рамзидир.

Шунингдек, йил қурғоқчил келганда аҳоли ёмғир ёғдиришларини истаб, коҳинлар ҳузурига келишган. Коҳинлар эса девор юзасига буқа расмини чизиб, гўё ёмғир ва чақмоқ маъбудидан ёмғир ёғдиришини сўраган ҳамда афсун ўқиб, башорат қилган. Нима бўлганда ҳам, бу ёдгорлик атрофида юртимиз тарихининг ажралмас бир қисми яширинган. Буни тоғнинг ёдгорликка яқин жойларидаги баландликларда ҳозиргача сақланиб қолган муғларнинг борлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин.

Зардуштийлик дини илк пайдо бўлган даврларда вафот этган инсон жисмини замин бағрига кўмиш қатъиян ман этилган. Бу билан улар ер - муқаддас, у барча жонзодларнинг боқувчиси, тупроқнинг таркибини бузмаслик керак, деган ақидага риоя қилишган. Шунинг учун ҳам ҳар бир қишлоқ ва шаҳар аҳолиси тоғ ён бағирлари ёки баланд тепаликда супалар, майдонлар қуриб, мурдани ўша ерга қўйишган. Тозаланган суякларни тўплаб, уларни хумлар ёки қопқоқли остадонларга солганлар ва махсус қурилган муғларга киритиб қўйишган. Мазкур манзилгоҳдан топилган муғ баландлиги 10 метр келадиган тик қоя устига қурилган.

Сийпантош ота ёдгорлиги яқинида яна бир ёдгорлик бўлиб, уни маҳаллий аҳоли Бешиктош ота деб атайди. Бу табиий ёдгорлик қишлоқ атрофини ўраб турган тоғнинг энг баланд қисмида жойлашган. Бу ердаги анчайин оғирликдаги улкан тошни ҳар қандай киши бемалол бешикдек тебратиши мумкин. Шу сабабли ҳам одамлар бу харсангни Бешиктош ота деб номлашган бўлса керак.

Маълумки, қадим аждодларимиз алоҳида-алоҳида қабила бўлиб яшаган даврларда ўрмон ва яйлов захираларидан, сув ҳавзаларию тоғ ресурсларидан баҳамжиҳат фойдаланиш хусусида ўзаро келишув ва шартномалар тузишган ҳамда бир-бирларининг мулк дахлсизлигини келишиб олишган. Замонлар ўтиши билан қудратли қабила кучсизларининг мулкларини босиб олишган, қароқчилик ҳаракатлари пайдо бўлгач, вазият тақозосига кўра, қабила аҳли мол-мулк ва оиласини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар томонлама қулай бўлган жойларни ўзлари учун манзилгоҳ қилиб танлашга ҳаракат қилишган.

Атрофи тоғлар билан ўралган Қуруқсой қишлоғи ҳам ўз даврида стратегик жиҳатдан жуда қулай жой бўлган. Чунки юқоридан душманга зарба бериш ҳам, уни олдиндан кўриб, қарши чора кўриш ҳам осон кечган. Шунинг учун бўлса керак, тоғлар билан ўралган Қуруқсой қишлоғи заминида ўнлаб асрларга алоқадор тарихнинг бир неча маданий қатлам қолдиқлари шу кунларгача сақланиб қолган.

Эътиборлиси, қишлоқ мактабининг тарих фани ўқитувчилари ва ўқувчилар саъй-ҳаракати билан мактабда ўлкашунослик музейи ташкил этилди. Музейда қишлоқ атрофларидан топилган милоддан аввалги даврларга мансуб сопол идишлардан бошлаб, XIV асрга доир кандакорлик буюмлари, мис қозон ва чўмичлар, кўплаб уй-рўзғор анжомлари, 1 дона олтин, шунингдек, кумуш ва мис тангалар экспонат сифатида сақланмоқда.

Мазкур манзилгоҳнинг тадқиқотчилар томонидан ҳали ўрганиб улгурилмаган қирралари, фанга қўшадиган янгиликлари, тарих зарварақларини бойитишга хизмат қиладиган топилмалари талайгина. Кейинги тадқиқотлар эса Қуруқсой қишлоғидаги мазкур ёдгорликлар дунёдаги энг қадимги тақвимлардан бири  сифатида эътироф этилиши, жаҳон илмий жамоатчилиги ва хорижий сайёҳларнинг эътиборини жалб қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Шомурод ШАРАПОВ

Report typo