Аёл кишининг кўнглини ҳам, орадаги 40 йиллик масофани ҳам ҳисобга олмади бефаросат синфдош.
ОШНА
У муаммосини ҳал қилиш учун бор пулини тўплаб ошнасига берди. Уч кун ичида ошна ҳал қилди: фақат, муаммони эмас, пулнинг ўзини...
БОШЛИҚ
У бошлиғининг пинжига суқилиб кириб шерга айланди. Текканга тош отди, тегмаганга кесак. Мушугини “пишт” деганнинг кўзини ўйдирди, уйини куйдирди.
...Бошлиғи сўқир экан. Дунёга унинг нигоҳи билан қаради.
ЧУМОЛИ
Чумолилар тўдаси устидан бир челак сув қуйиб юборди бола. Чумолилар типирчилай-типирчилай ариққа ғарқ бўлди.
Омон қолганлари бу кўргиликни табиий офатга йўйди.
ЛИБОС
У ўзини иймонли-эътиқодли кўрсатиш учун ўраниб-чирманиб олгани билан ичини қурт босиб кетган ва бу қуртлар ўрмалаб тилидан чиқиб, амалида кўринади: эрни эр билмайди, қайнонани қайнона.
Либос – сувратни бекитиши мумкин, сийратни эмас.
БОШ КИЙИМИ
Ундаги жозиба, малоҳат ва гўзаллик эркакча бош кийими остига бекиниб олди.
ЭШАК
Эгаси эшакни роса ишлатди, куч-қувватини олиб, силласини қуритиб. Халачўпини ниқаб қўйса бас, кўрсатган томонига йўрғалаб, ҳали у юкини ташиди, ҳали бу юкини. Баъзан шалоғи чиққан аравани елкасига ортмоқлаб юрди. На кунни, на тунни билди, олдига ташлаб қўйилган бир боғ похолни еб ишлайверди жонивор.
...Пули кўпайган эгаси машина олди ва эшакни даргоҳидан қувиб юборди. Қайси томонга юришини билмай кўчанинг қоқ ўртасида қолиб кетди одамга ўрганиб қолган эшак.
Лола ЎРОҚОВА