Бу гал ҳам ҳамма ўзига белгиланган иш билан банд, янгам эса телевизордан кўзини узолмаётган жиянимга айтган юмушини қилдиролмай жиғибийрон.
Бу ҳолатга жим қараб туролмай онасининг гапига қулоқ солмаётган жиянимга танбеҳ бердим. “Эрталабдан ҳамма иш билан банд. Сен эса бепарвосан, телевизордан кўзингни олмайсан. Салқинда ишларингни қилиб, иссиқ тушгандан сўнг кўравермайсанми? Онангни бунча жавратасан?” десам, жияним нима дейди, денг?
- Уфф! Амма, сиз аралашманг, илтимос. Ҳар куни шу аҳвол бўлса, тиним йўқ, ўзинг хоҳлаган ишни қилолмайсан, яхши кўрган кинони кўрай десанг, аҳвол бу. Ундан ташқари, бу мен билан ойим ўртасидаги гап, нега сиз аралашасиз?
Жим бўлиб қолдим. Рост, уларнинг тортишувига ўзим келиб аралашдим. Балки бу менинг ишим эмасдир?
Кўчага чиқдим. Эрталабдан қуёш қиздиради. Қўшнимизнинг келини ҳаммаёқни чангитиб, кўча супурарди. Қараб турсам, ишини тугатиб, йиғилган супуриндини кўча ўртасида қолдирганича уйига кириб кетаяпти. Бу қанақаси бўлди?
- Янга, эрталабдан кўчани супуриб, ярақлатиб қўйганингиз яхшию, ёнгинангизда оқаётган ариқдаги сувдан бир-икки челак сепмабсиз-да! Чангиб кетибди. Кейин манави уйиб қўйган супуриндингиз ҳозиргина ўзингиз супуриб, тозалаган кўчанинг файзини бузаяпти-да...
Қўшни аёлнинг кутилмаганда жаҳли чиқиб кетди.
- Вой, ўргилай, сизга нима? Бошқаларнинг ишига аралашманг! Ҳали ёш бўлсангиз, рўзғор ташвишини билмасангиз... Менинг ортиқча вақтим борми? Шу ўлгур супуринди олинар, қолиб кетмас... Бировнинг ишига аралашмай, тинчгина йўлингизга кетавермайсизми? - дея жавраб кетди.
Эҳ! Яна нотўғри иш қилдим, шекилли. Тилимни тишлаб, хаёлга чўмиб кетаётсам, тўсатдан оёғим қайрилиб, йиқилаёздим. Йўлнинг ўйдим-чуқур ерига қадам ташлаб юборган эканман қарамай...
Тан олиш керак, кўчамизнинг йўли анча эскирган. Қўшнилар бу муаммони ҳал этишга бир-икки марта уриниб кўришди-ю, кейин негадир иш тўхтаб қолди. Шулар хусусида ўйлаб кетаётсам, маҳалламизнинг фаолларидан бўлган амаким олдимдан чиқиб қолди. Амакимнинг шошиб турганлигини сезиб, тезда кўнглимдаги саволларни тилимга чиқардим:
- Ҳар йили йўл таъмири учун деб ҳаммадан пул йиғасизлар. Ҳали ҳам аҳвол яхшиланишидан дарак йўқ-ку! Қачон биз ҳам текис ва равон йўлдан юрамиз? Ёки ҳамма баравар бош қўшгиси йўқми?
Амаким бироз ўйланиб турди-да:
- Бу муаммо юқорига ҳам айтилган, жиян. Худо хоҳласа, тез кунларда орзуларинг ушалиб қолса, ажабмас. Ҳамма ишнинг ўз вақти-соати бўлади, - деди. Сўнг бирпас туриб, қўшиб қўйди. – Аммо, жиян, сен бу ишга аралашма! Ёшсан. Тағин журналистман, деб, бир ишкални бошламагин, дейман-да. Ҳамма нарсага ҳам аралашавериш яхшимас. Сабр қилиб турайлик-чи, бўлиб қолар...
Амаким шундай дея йўлида давом этди. Бироқ бир-икки қадам юриб, тўхтади-да, ортига ўгирилди:
- Тушундинг-а, жиян? Сен аралашма! Хўпми?
- Хўп, амаки...
Оббо... Яна нотўғри гапирдим-ов!
Кўпдан бери бир мавзуга қўл урмоқчи бўлиб юргандим. Душанба куни эрталабдан шу ишга киришмоқчи бўлиб, мутасадди ташкилотга бордим. Маълумотларни олиб қарасам, натижалар кўнгилдагидек. Аммо бу фаолият билан яхши таниш бўлганим ва кўп бора қилинган ишларни кузатганлигим сабабли амалдаги ишлар қоғоздаги билан тўғри келмаётганидан ажабландим. Шунда ташкилот вакилларидан сўрадим:
- Бу нима аҳвол? Ахир, бу ишлар амалда қилинмаган-ку?
Шунда барчаси сергак тортиб:
- Нима деганингиз бу? Ишлар қилинаяпти. Мана, тақдим қилган ҳисоботимизда ҳаммаси келтирилган-ку. Вазиятни ўзингизча баҳолаб, ҳар нарсага аралашаверманг-да, - дейишди.
Қоғозга қараб, ўйланиб қолдим. Ҳақиқатан бу ишнинг ҳам ўзига яраша талаблари бордирки, шундай иш тутилган. балки бу ерда менинг аралашувим ўринсиздир...
Эртасига дўстларим билан шаҳар марказида қад ростлаган истироҳат боғига айлангани бордим. Маскан гавжум. Каттаю кичик барча учун хизмат қилаётган аттракционлардан таралаётган қийқириқ овозлари қулоқни қоматга келтиради. Боғнинг ёнгинасидаги катта анҳорда сув тўлиб оқмоқда. Анҳор бўйидан кетаётиб, 3-4 бола мириқиб чўмилаётганига кўзим тушди. Аммо сувда “баклашка”, целлофан халтачалар, писта пўчоқлари ва яна алламбалолар ҳам сузиб юрганини кўриб, хафа бўлиб кетдим. Етмагандек, бироз нарида, соядаги ўриндиқда ўтирган икки-уч нафар қиз чақаётган пистасининг пўчоғини анҳорга ташлаяпти. Шунақаям маданиятсизлик бўладими?
- Қизлар, шу ишингиз яхшими? Шундоқ ёнгинангизда чиқинди солинадиган идиш бор-ку, - дедим куйиб-пишиб.
Менинг гапим уларнинг энсасини қотирди. Бири қошларини чимириб:
- Сизга нима? Кўча ҳамманики. Ё ҳаммани огоҳлантириб, қўлидаги лаш-лушини териб чиқармидингиз? Яхшиси, бизнинг ишимизга аралашманг! - деб жавоб қайтарди.
Уффф! Яна ўзим балога қолдим. Лекин қизларнинг иддаосида ҳам жон бор. Ҳақиқатан ҳам ҳаммани огоҳлантириб чиқишга менинг кучим, вақтим етмайди-ку!
Пайшанба куни ишхонада тайёрлаётган мақолам учун сўраганим - қай бир ташкилотдан келтириб беришган маълумотларни кўриб, ҳафсалам пир бўлди. Сабаби, режада белгиланган ишлар аллақачон юз фоизга бажарилган, деган хулосаю, рақамлар фақат қоғозбозлик учун, “борми, бор” дейиш учунгина тайёрлангани кўриниб турарди. Чунки бу ишни юз фоизга бажариш учун анчагина вақт ва ҳаракат талаб этилиши ҳаммага маълум. Жаҳлим чиқиб, сиқилиб ўтирсам, дугонам қўнғироқ қилиб қолди. Кайфиятим йўқлигини сезиб, нима гаплигини сўради. Бор дардимни унга тўкиб солдим. Бироз ўйланиб қолган дугонам:
- Ҳа, ҳақиқатан ҳам ишониш қийин... Лекин ўша мутасаддиларга ҳам осонмас. Сен, яхшиси, бошқа мавзуларда ёз, бу мавзуга аралашма! - деди.
Яна шу гап! Йўқ, энди чидаб бўлмайди. Азбаройи жаҳлим чиққанидан телефон гўшагини жаҳл билан жойига қўйдим.
“Аралашма, аралашма, аралашма!” Бу қандай гап ўзи? Нега ҳамма шу гапни дастак қилиб олган? Ахир, мен аралашмасам, сиз аралашмасангиз, у аралашмаса, ким аралашади бу ишларга? Ким?
Сиз қандай фикрдасиз?..
Соҳиба СУЮНОВА