Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

01.03.2017


СОҲИБҚИРОН ВА ҲУНАРМАНДЧИЛИК

Буни ҳисобга олган ҳазрат Соҳибқирон махсус одамлар тайинлаб, ҳарбий юришлар даврида фатҳ этилган жойларда олиму фузалолар билан бир қаторда ўз ишининг моҳир усталари бўлган турли хил касб-ҳунар эгаларини аниқлаб, уларни пойтахт Самарқандга жўнатиш ва фаолият олиб боришлари учун зарур шароитлар яратиб беришни буюради. Шунинг натижасида чет эллардан юзлаб соҳиби ҳунарлар, жумладан, Туркиядан заргарлар ва мовут ишлаб чиқарувчилар, Дамашқдан тикувчилар, Ҳалабдан машҳур пахта йигирувчилар, Ҳиндистондан сангтарошлар, Табриз ва Хоразмдан иморатсозлар ва наққошлар олиб келинди. Уларнинг касб сирларидан маҳаллий аҳоли ҳам баҳраманд бўлиб, янги касб-ҳунарлар ривож топди, ҳунармандчилик маҳсулотларининг тури кўпайди.

Самарқанд йирик ҳунармандчилик марказига айланди. Дунёда энг яхши ҳисобланган атласлар, шойи матолар, ипак астарликлар Амир Темур давлати пойтахтида ишлаб чиқарилган. Маҳаллий ҳунармандлар тилларанг ва зангори буёқлар тайёрлашда устаси фаранг бўлишган. Ўша даврда Самарқанд шаҳри қоғоз ишлаб чиқаришда донғи кетган бўлиб, Темур ва темурийлардан кейин ҳам бу соҳада ўз мавқеини сақлаб қолган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида “Оламда яхши қоғоз Самарқандда чиқар. Жувози қоғозлар суйи тамом Конигилдин келадур”, деб таърифлаб, унинг қирмизи бахмаллари ҳам чет элга сотувга чиқарилаётганини таъкидлаган.

Амир Темур даврида Мовароуннаҳрдаги бошқа ҳудудларда ҳам ҳунармандчиликнинг тез суръатлар билан ривожланиб бориши кузатилган. Хусусан, Тошкентда сирли сопол, маъдандан ясалган ноёб буюмлар, заргарлик безаклари, турли-туман матолар ва гиламлар ишлаб чиқарилган. Шаҳрисабз кашталари, заргарлик маҳсулотлари, кулоллик буюмлари, металлдан ясалган маҳсулотлар нафис ва бежирим нақшлари, ранги, безаклари билан ном таратиб, амалий-бадиий санъат соҳасида ўз мактабига эга бўлган ҳудуд сифатида ажралиб турган. Қарши мис буюмлари эса нафақат турларининг хилма-хиллиги, балки безаги билан ҳам ўзига хос бўлган. Қадимий ҳунармандчилик турларидан ҳисобланган зардўзлик санъати ҳам Қашқа воҳасининг бу икки шаҳрида юксак даражада ривожланган, улар умумий хусусиятлар билан бирга кўпгина маҳаллий анъаналарни ўзида ифодалаган.

Тадқиқотчи олима Р.Г.Мукминованинг фикрича, Амир Темур фармойишига мувофиқ, барча ҳунармандлар касб-корига қараб ихтисослаштирилган, уларга аниқ шахс раҳбарлик қилган, у айни пайтда маҳалла оқсоқоли ҳисобланган. Шу тариқа, мискарлар, новвойлар, заргарлар ва бошқа соҳиби ҳунарлар яшайдиган маҳаллалар вужудга келган. Бу анъана жуда узоқ, заминимиз большевиклар тасарруфига тушган йилларгача давом этган.

XV асрда безакли-бадиий буюмлар ҳунармандчилиги юқори даражага етган. Бу ҳақда академик Иброҳим Мўминов шундай мулоҳаза юритади: “Унинг ривожланиши меъморчилик, рассомлик, наққошлик, маиший буюмлар ишлаш билан ўзаро боғланиш йўли орқали борди. Ҳар хил санъатларнинг бундай бир-бирига ўтиши ёғоч ва тошга ўйиб нақш солишда ҳам, гилам тўқишда ҳам, қўлёзма китобларни безашда ҳам, металл ва сопол идишларнинг энг яхши намуналарида ҳам яққол намоён бўлади”.

Амир Соҳибқирон “Тузуклар”ида касб-ҳунар эгаларини ўн биринчи тоифага киритган. “Буларнинг ҳар тоифа ва синфидан бўлганларини, -дейилади унда, - давлатхонамга олиб келиб, ўз ўрдамдан ўрин белгиладимки, сафарда ва ҳазарда сипоҳимга керак яроқ ва бошқа нарсаларни ҳозирладилар”. Бундан кўринадики, Амир Темур ҳазратлари қуролсозларга айрича ҳурмат ва эътибор билан қараган. Улар бошқа ҳунармандлардан фарқли ўлароқ, давлат буюртмасини бажаришган, қурол-яроғларнинг мустаҳкам ва сифатли бўлишини таъминлаганлар. Шунга яраша уларга яхши маош тўланган. Самарқандда катта қурол-яроғ устахонаси бўлиб, унда мингга яқин уста ишлаб, ранг-баранг қурол-аслаҳалар ишлаб чиқаришган. Шунингдек, “Тузуклар”да қайд қилинганидек, қурол-аслаҳа тайёрлаш сафарда, яъни қўшин ҳарбий ҳаракатга бораётган пайтда ҳам кўчма устахоналарда давом эттирилган.

Муаррих Низомиддин Шомий “Зафарнома” асарида қуролсоз ҳунармандлар томонидан тайёрланиб, муҳорабаларда ишлатилган кўплаб қурол-аслаҳалар, ҳарбий кийим-кечаклар, анжомлар номларини келтиради. Дагала, багтар, жийбо, зирҳ, совут каби лашкарбоши ва аскарлар учун зарур бўлган уруш кийимларини тилга олади. Аррода (манжаниқ) – жанг пайтида душман қалъа деворини бузиш учун катта тошларни улоқтирувчи ускуна, тирк чарх – темирдан ясалган, ичига порох солиниб, душман томонга ўзи айланиб снаряд отувчи ҳарбий қурилма, раъдандоз –ўт отувчи қурол Амир Темур қўшинида душман устидан қозониладиган зафарларда муҳим ўрин тутган. Улар муҳандислар томонидан кашф қилиниб, моҳир қуролсоз усталар томонидан ясалган.

Маълумки, Руи Гонсалес де Клавихо бошчилигидаги испаниялик элчилар Самарқандда уч ой туришган. Клавихо шу фурсат ичида Амир Темур раҳнамолигида мамлакат ҳар соҳада катта ютуқларга эришгани, шунингдек, ҳунармандчилик ҳам юксалиб, моҳир ҳунармандлар етишиб чиққанининг гувоҳи бўлган. Унинг кундаликларида Самарқанд атрофидаги ҳашаматли саройлар тасвирланиб, уларнинг бирида дур, зумрад, феруза ва ёқут билан безатилган еттита олтин кўза ва олтита думалоқ тилла коса кўрганини ёзган. Элчи қайд этганидек, сарой ичини жиҳозлашда турфа рангли ипак газлама, гилам, нақш туширилган ва жимжимадор кашта тикилган ҳар хил рангли матолар ишлатилган бўлиб, уларни ҳунармандлар қалб қўри, юксак масъулият билан тайёрлашган.

Соҳибқирони аъзам мулозимларига Конигилда ўтадиган невараларининг никоҳ тўйига Самарқанд ва унинг атрофида яшаб, турли хил касб-ҳунарлар билан шуғулланаётган ҳунармандларни ҳам таклиф этишни буюрган. Ҳунармандлардан айримлари тўй тантаналари ўтадиган жойга энг яхши ҳунармандчилик маҳсулотларини кўргазмага қўйишган бўлса, бошқалари шу ернинг ўзида, ҳамманинг кўз ўнгида нималарга қодирлигини намойиш этган. Клавихонинг ёзишича, тўқувчилар, мўйнадўз ва тери ошловчилар, заргарлару темирчилар, қуролсозлар ҳамда бошқа усталар дўконларини ўрнатиб, ўз ҳунарларини кўрсатганлар.

Бу мисоллардан кўринадики, Амир Темур ҳукмронлиги даврида ҳунармандчилик жуда юксалиб, бу соҳанинг нозик сирларини ўзлаштирган, маҳоратли ҳунармандлар кўпайган. Ўша пайтда ҳунармандчиликнинг 500 га яқин тури мавжуд бўлган.

Ибн Арабшоҳ Амир Темур ҳазратларининг ҳунармандларга муносабатини шундай баён этган:

“Темур ҳар қандай ҳунар ва касб бўлмасин, агар унда бирон фазилат ва шарофат бўлса, шу касб эгаларига ғоят меҳр қўйган эди”.

Дарҳақиқат, ўз касбини пухта эгаллаган, қўлидан чиққан буюмлари киши диққатини жалб қила оладиган, ҳайрат уйғотадиган даражадаги моҳир ҳунармандларга Соҳибқироннинг ихлоси баланд бўлиб, улар билан суҳбатлашишни хуш кўрган. Ибн Араб- шоҳ “Амир Темур тарихи” асарида машҳур заргарлар ал-Ҳож Али Шерозий, ал-Ҳож Муҳаммад Шерозийни тилга олади. Сангтарош Олтунни “ўз ҳунарида бир мўъжиза бўлиб, қимматбаҳо тошларга нақш солар, яшмга, ақиққа Ёқут Ҳамавийнинг хатидан ҳам чиройлироқ хат билан ўйиб ёзарди”, деб унинг истеъдодига юксак баҳо беради. Ибн Арабшоҳнинг гувоҳлик беришича, шиша ва мисга нақш соладиганлар ҳисобсиз бўлиб, “уларнинг ҳар бири ўз асрининг алломаси ва ўз даврининг мўъжизакор кишилари эдилар”. Мавлоно Аҳмад мискарликда донғи чиққан уста

бўлган. Абдулҳай ал-Бағдодий эса наққошликни санъат даражасига кўтариб, Амир Темурнинг ҳурматига сазовор бўлган.

Умуман олганда, Соҳибқирон даврида халқ бадиий ҳунармандлиги, амалий санъат, меъморчилик ва бошқа соҳаларда эришилган ютуқлар мўътабар зотнинг авлодлари ҳукмронлиги даврида ҳам давом этиб, янада бойитилди.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист.

Report typo