Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лутфулло ЁЗИЕВ

22.02.2017


СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ ТАРҒИБОТЧИСИ 75 ЁШДА

Шониёз Қурбоновнинг маслаҳатларидан кейин овқатланишда қандай ҳикмат борлигини тушуниб етганлар қанча? Унинг насиҳатини олиб, турли касалликлардан фориғ бўлганлар қанча? Жуда кўп ва бариси ундан миннатдор.

"Нега туя бошқа ўсимликларга қараганда янтоқни хуш кўради, ит ва мушук эса гўштга ўч бўлади?", "Каламуш нима учун ёғ емаса ҳам семиради?", "Ёш бола нега энди ширинлик бор жойда бошқа таомни емасликка ҳаракат қилади?", "Нима сабабдан қўй қатиғи сигирникидан мазали бўлади?" каби саволлар ёш Шониёзни ўзи туғилган жонажон қишлоғи Устиочиқда ўтган болалик чоғларидаёқ қизиқтирарди. У билим олишга, китобга ёшлигидан ҳавас қўйди, тиришқоқлик билан ўқиди. Айниқса, биология фанини жон-дили билан ўзлаштирди. Бу қизиқиш уни Самарқанд давлат университетининг биология факультети томон етаклади.

Университетни имтиёзли равишда тамомлаган (1962 йил) ёш мутахассисга кафедрада қолиб ишлашни таклиф қилишди. Лекин унинг ўз юрти - Қашқадарёда ишлаш нияти бор эди. Шу ният билан у Қаршига қайтиб, педагогика институтига ишга кирди.

Унинг аспирантлик йиллари дастлаб Тошкент давлат университетида, кейин Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳридаги И.И.Павлов номидаги физиология илмий-текшириш институтида ўтди. Уч йил давомида тунни кунга улаб ўқиди, профессор Ю.Г.Кратин раҳбарлигида мушук, итлар устида тажриба ўтказди, одамларда кузатувлар олиб борди. 1970 йилнинг ноябрь ойида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб жонажон шаҳри Қаршига қайтди ва кафедрада катта ўқитувчи, доцент лавозимларида кенгайтирилган ва янгиликлар билан бойитилган ҳолда одам ва ҳайвонлар физиологияси, спорт физиологияси фанларидан талабаларга сабоқ берди.

Талабалик йилларида спортга қизиққан Ш.Қурбоновни жисмоний ҳаракат, жисмоний иш ва спорт машқлари бажаришнинг овқатланишга таъсири, бу борада фаолият кўрсатаётганлар нима учун бошқаларга қараганда кўпроқ гўшт ва ёғни хуш кўриши каби масалалар қизиқтирарди. У олти йил жисмоний тарбия ва спорт факультети декани бўлиб ишлаш давомида спорт ва овқатланиш бўйича кўплаб адабиётлар тўплади, кузатувлар ўтказди, илмий-оммабоп ва илмий мақолалар ёзиб, бўлажак докторлик диссертациясининг режасини мутахассислар маслаҳати билан тузиб чиқди. Ушбу интилишлар уни шу соҳада чуқурроқ изланишлар олиб боришга ундади ва 1975 йилда режалаштирилган ишни ниҳоясига етказиш учун икки йиллик докторантурада ўқиди. Ўзбекистон Республикасининг физиология ва биофизика институтида профессор К.Раҳимов маслакдошлигида докторлик диссертациясининг тажрибалар қисмини ниҳоясига етказди. Диссертация тайёр бўлганидан кейин унда келтирилган илмий маълумотларнинг нафақат жисмоний тарбия ва спортда, балки космик парвоз пайтида ҳам аҳамиятли эканлиги ҳисобга олиниб, Тиббиёт Фанлар академиясининг Тиббий-биологик муаммолар институти илмий кенгаши томонидан қабул қилинди.

Шониёз Қурбонов аввал кафедра мудири, кейинчалик институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори вазифаларида ишлаш билан бир вақтда овқатланиш физиологияси бўйича илмий ва илмий-оммабоп ишларини ҳам давом эттирди. Ушбу соҳа бўйича тажриба ва кузатувлар янада кенгайтирилиб, унинг кўплаб мақола ва рисолалари хорижда, республика журналларида чоп қилинди. Шониёз Қурбоновнинг тўғри ва   соғлом овқатланиш бўйича қарашлари "Овқатланиш маданияти", "Тўғри овқатланиш қоидалари", "Тўғри овқатланиш - саломатлик гарови", доцентлар А.Қурбонов ва О.Каримовлар билан ҳамкорликда яратилган "Кексалар ва қарияларнинг тўғри овқатланиши" каби монографияларда, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган юзлаб мақолаларида ўз аксини топган ва улар одамларга катта ёрдам бермоқда.

Илмий ижод ва шогирдлар тайёрлаш борасида (унинг раҳбарлигида бешта номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган) ҳамда кенг халқ оммаси орасида соғлом турмуш тарзи, шу жумладан, соғлом овқатланиш масалаларини тарғиб қилишда профессор Шониёз Қурбонов жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Ҳозир унинг иккита шогирди докторлик диссертацияси устида ишлашаяпти.

Домла ҳаётидаги барча муваффақиятларда рафиқаси марҳума Рухсат опа Дилмуродованинг улуши жуда катта бўлган. Унинг аспирантлик, докторантлик даврларида йиллаб ўзга шаҳарларда илм йўлида орқасига қарамай меҳнат қилишида опанинг хизматлари беқиёс бўлганини домла доим мамнуният билан тилга олади. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли. Абдулазиз ота касбини давом эттириб, одам ва ҳайвонлар физиологияси бўйича илмий иш олиб бораяпти, доцент, қизлари Шаҳноза ва Моҳигул ўқитувчи, кенжа ўғли Абдуазиз эса етакчи муҳандис бўлиб ишламоқда.

75 ёшни қаршилаган Шониёз Қурбонов фарзандлари ва невара-чеваралари ардоғида бугун ҳам куч-ғайрат билан илмий-педагогик фаолиятини давом эттирмоқда.

Лутфулло ЁЗИЕВ,

биология фанлари доктори, профессор,

Қарши давлат университетининг илмий ишлар бўйича проректори.

Report typo